Линклар

Жорж Буш, Ироққа қарши уруш Яқин Шарқ минтақасида демократия ислоҳотларига туртки бўлишини айтди.

  • Ҳасанжон

АҚШ президенти Жорж Буш, Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш учун АҚШ етакчилигида қилинадиган уруш Яқин Шарқ давлатларида демократик ислоҳотлар бошланишига туртки бериши ҳамда Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги тинчликка замин яратиши мумкинлигини билдирди.

Мамлакат бўйлаб телевидение орқали кўрсатилган чиқишида Буш, Саддам Ҳусайнни Америкага қарши тобора кучайиб бораётган таҳдид, деб атади. Аммо АҚШ президенти Ироққа қарши уруш бошлаш ҳақида қарор қабул қилган-қилмагани ҳақида гапирмади.

Жорж Буш, Ироққа қарши уруш кўпчилик айтаётганидек, минтақадаги вазиятни беқарорлаштириб юбормаслиги, аксинча, Яқин Шарқ халқларининг ўз орзу-умидларига етишишига ёрдам беришини айтди: “Ироқдаги янги тузум озодликка ташна бўлган минтақанинг бошқа халқларни ҳам рағбатлантиради”.

АҚШ президенти сўзида давом этиб, Ироққа демократия олиб келиш осон вазифа эмаслигини, бироқ бунга уриниш, Саддамнинг оммавий қирғин қуролларини қўлга киритиши, ўз халқига зулмини давом эттириши ва терроризмни қўллаб-қувватлашини кутиб ўтиргандан кўра яхшироқ эканини айтди.

Айни пайтда, Ғарб давлатларида Ироқ бўҳрони масаласида қизғин мунозаралар давом этмоқда. Маълумки, Британия Бош вазири Тони Блэр Ироқ бўҳрони масаласида АШҚ позициясини қўллаб-қувватламоқда. 26 феврал куни Британия парламентида бўлиб ўтган муҳокамаларда Блэр катта қийинчилик билан кўпчилик овоз қозонишга эришди. Блэр раҳбар бўлган Меҳнат партиясининг 121 депутати ўз партияси раҳбарига қарши овоз берди.

Аввал хабар қилганимиздек, Германия канцлери Герхард Шрёдер Россия президенти Владимир Путин билан Ироқ бўҳронини тинч йўллар орқали ҳал этиш масаласини муҳокама этиш учун, 26 феврал куни Москвага келди. Икки давлат бошлиғи ўртасида Кремлда музокаралар бўлиб ўтганидан кейин, журналистлар учун матбуот конференцияси уюштирилди. Унда сўзлаган Россия президенти Владимир Путин: “Бизнинг урушга қарши позициямиз ўзгармади. Бўҳронни тинч ҳал этиш ва Ироқ ҳукуматини БМТ олдидаги ўз мажбуриятини бажаришга мажбурлашнинг йўлини излаш лозим”,-деди.

Путиндан кейин журналистлар саволларига жавоб берган Германия канцлери Герхард Шрёдер шундай деди: “Ҳар икки томоннинг яхши нияти билан бўҳрон тинч йўл орқали хал этилишига умид қиламан. Зотан, ноумид шайтон дейдилар”. Россия ва Германия раҳбарлари Ироқдаги БМТ инспекторлари мандатини яна камида тўрт ойга узайтириш лозимлигини таъкидладилар.

27 феврал куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия ва Хитой Ташқи ишлар вазирлиги қўшма баёнот тарқатди. Унда Ироқ бўҳрони, қолаверса ядровий дастур хусусида Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида юзага келган кескин вазият тинч йўл орқали ҳал этилиши учун, Москва ва Пекин расмийлари қўлдан келган барча ишни қилиши билдирилган.

Ироқ бўҳрони хусусида дипломатик фронтда кураш қизғин борар экан дунё мамлакатларида урушга қарши намойишлар давом этмоқда.
Чунончи, Ироққа нисбатан ҳарбий ҳужум уюштирилишига қарши бўлган юз минглаб АҚШ фуқаролари 26 феврал куни АҚШ раҳбарлари ва Конгресс аъзоларига қўнғироқ қилдилар, факс орқали минглаб норозилик мактублари йўлладилар. Шу куни Оқ уй маъмуриятидаги барча телефон линиялари банд бўлди. Ушбу норозилик акцияси ташкилотчиларидан бири, Демократик партия собиқ вакили Том Андюс, Интернет орқали норозилик билдирган АҚШ фуқаролари сони 500 мингдан ошганини билдир.

27 феврал куни Қоҳирада Ироқ бўҳронининг тинч йўл орқали ҳал этилишини талаб қилиб 200 минг кишилик намойиш бўлиб ўтди. Бу сўнгги бир неча ўн йил ичида Мисрда уюштирилган энг йирик намойишдир.

Германияда ўтадиган бир ҳафталик анъанавий карнавал ўйин-кулгулари ҳам Ироққа қарши урушга норозилик намойишига айланадиган бўлди. Гамбург шаҳридаги Германия карнаваллари уюшмаси президенти Франц Волф, бу тасаввур қилиш мумкин бўлган энг йирик тинчлик намойиши бўлишини айтди. Намойишда, Германия канцлери Герхард Шрёдернинг Ироқ хусусида тутган позициясини қўллаб-қувватлаётган 10 миллион одамнинг қатнашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG