Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:45

Исроил дипломатиясига янги раҳбар тайинланди


Ўтган ойда Исроил бош вазири этиб қайта сайланган Ариэл Шарон эндиликда янги ҳукуматни тузишга бел боғлаган кўринади. Чоршанба куни Шарон кутилмаганда ўзининг Ликуд партияси бўйича рақиби Бенямин Нетаняхуни Ташқи ишлар вазири лавозимидан четлаштирди.

Таҳлилчилар фикрича, Исроил Бош вазири ўзининг бундай ҳаракати билан ҳукуматда ўзаро яқин коалиция тузишга ва Фаластин масаласида кескин сиёсат қўллашга уринмоқда. Жумладан, Шарон ўз чиқишларида Фаластин исёнига қарши якдил ҳукумат тузиш орзуси борлигини ва тузилажак янги ҳукумат асосан, Сионист партиялар намояндаларидан иборат бўлиши кераклигини қайта-қайта гапириб келди.

"Президент менга янги ҳукумат тузишга рухсат бериши биланоқ, мен учун биринчи масала Сионист партияларни бир орага тўплаб якдил ҳукумат тузиш бўлади", - деган эди Шарон.

Айниқса, АҚШнинг Ироққа қарши ҳужумлари ва Бағдоднинг бунга жавобан Исроилга таҳдиди эхтимоли мамлакат сиёсий доираларида бундай ҳукуматга эхтиёжни кучайтирган кўринади. Исроил Бош вазири бу борадаги ҳаракатларини Ташқи ишлар вазирини алмаштиришдан бошлади. Шу пайтгача мазкур лавозимни эгаллаб келган Бенямин Нетаняху ўрнига халқаро алоқаларда мутлақо тажрибага эга бўлмаган мамлакатнинг собиқ Молия вазири Силван Шалом келтирилди. Нетаняхуга эса Молия вазири курсиси таклиф қилинди.

Олдинига, бу лавозимни эгаллашдан бош тортиб турган собиқ Ташқи ишлар вазири кейинчалик Шарон таклифига кўнмай иложи қолмаган кўринади. Исроил радиоси тарқатган хабарга кўра, пайшанба куни Нетаняху Молия вазири лавозимини Силван Шаломдан қабул қилиб олган.

Таҳлилчилар фикрича, Шарон шу йўл орқали биратўла ташқи сиёсат масалаларини ҳам ўз назорати остига олмоқчи. Ташқи сиёсатда эса энг чигал масала - Фаластин муаммоси экани ҳеч кимга сир эмас.

Ўз навбатида, таҳлилчилар, Исроилдаги бундай ҳукумат ўзгаришлари Яқин Шарқда тинчлик музокараларини хавф остига қўйиши мумкин, деган фикрни айтмоқдалар. Чунки, шу пайтгача Шарон ҳукумати фаластинликларга ён босишдан ўзини четга олиб келди.

Айни пайтда Фаластин томони ҳам шундай фикрда. Уларга кўра, Исроилдаги бундай ҳукумат ўзгаришлари тинчлик музокараларига халақит бериб, вазиятни фақат ёмон томонга буриши мумкин.

"Асосан ўнг қанот кучлардан иборат радикал қарашдаги бундай ҳукумат, -дейди Фаластин мухторияти ахборот вазири Ясир Абид Раббо, - тинчлик борасида музокара олиб боришга қодир эмас. Биз учун муҳими тинчлик жараёнларининг тезлаштирилишидир. Аммо улар бунга қодирми? Мен бундай дея олмайман. Менимча, бу Исроил жамиятини жиддий таназзул сари етакламоқда. Исроилликлар тинчлик, осойишталик тарафдоридилар. Бироқ, улар Шаронни қўллаб-қувватлаб, тинчликка қарши овоз бердилар. Мен ишонаман, Исроил халқи буни тушуниб, яқин орада тарихий хатога йўл қўйганларига амин бўладилар".
Бу Фаластин расмийси Ясир Раббонинг Исроилда ўтган сайловлар хусусидаги фикрлари эди.

Мана икки йилдирки, Ариэл Шарон Исроил ҳукуматига раҳбарлик қилиб келмоқда. Сўнгги икки йил давомида Шарон Фаластин билан тинчлик музокараларини пайсалга солиб келди. Бунинг жабрини тинч аҳоли тортмоқда. "Вашингтон Пост" газетасининг ёзишича, 2000 йилнинг сентябридан буён 2000га яқин фаластинлик ва 700 нафар исроиллик бемаъни можаролар, қуролли тўқнашувлар қурбони бўлди. Шароннинг эса яна бир муддатга ҳукумат тепасида қолиши Яқин Шарқда вазиятни янада кескинлаштириши мумкинлиги ҳақида хавотирли фикрлар айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG