Линклар

Тожикистонда конституциявий ўзгартишлар бўйича референдум ўтказишга тайëргарлик кўрилмоқда.


Акрам Файзулло

Куни-кеча Тожикистон парламетининг қуйи палатаси конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича июн ойида референдум ўтказилишини тасдиқлади.

Мазкур ўзгартишлардан кўзланган мақсад, расмий маълумотлатга кўра, парламент ролини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи механизмларни мустаҳкамлаш ва бозор иқтисодиëтини ривожлантиришни йўлга қўйишдан иборатдир. Аммо ушбу ўзгартишлар шунингдек, Тожикистонда бир шахснинг етти йил муддат билан икки марта президентликка сайланишига ҳам қонуний асос яратишни кўзда тутади.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбари ўринбосари Муҳаммадшариф Ҳимматзода конституциявий ўзгартишлар ҳақида Озод Европа/Озодлик радиосига қуйидагиларни маълум қилди:
“Тожикистон Конституциясининг 63 бандига мувофиқ, бир шахс етти йил муддат билан фақат бир марта президент этиб сайланади. Таклиф қилинаëтган ўзгартишлар эса, ушбу чекловни бекор қилишга қаратилган”, - деди Муҳаммадшариф Ҳимматзода жумладан.

Конституциявий ўзгартишлар борасида референдум ўтказиш масаласи келаси икки-уч ҳафта ичида парламентнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинади.

Агар референдум ўтказилса ва ундаги таклифлар кўпчилик овоз билан тасдиқланса, ўзгартишлар 1999 йилги референдум натижаларини бекор қилади. Ушбу сўнгги референдумда президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилган ва бир шахснинг президентликка сайланиш ҳуқуқи фақат бир мартага чеклаб қўйилган эди.

Тожикистон Демократик партиясининг матбуот вакили Раҳматулло Валиев таклиф қилинаëтган ўзгартишлардан норози эканини қайд этади.

“Бир кишини бир неча марта президент этиб сайлаш, демократик тамойилларга зиддир. Менимча, агар биз конституциянинг 63 бандини ўзгартирадиган бўлсак, унда Тожикистон демократик, қонун устиворлигига асосланган дунëвий давлат, деб қайд этилган биринчи бандни ҳам ўзгатиришимиз керак”, - деди Раҳматулло Валиев.

50 ëшли Имомали Раҳмонов 1994 йил ноябрида биринчи марта Тожикистон президенти этиб сайланди. 1999 йилда бўлиб ўтган референдум натижаларига мувофиқ, Раҳмоновнинг президентлик муддати 2006 йилгача узайтирилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Хелсинки Федерациясининг ижроия директори Аарон Родес (Aaron Rhodes) Раҳмонов ҳокимиятда қолиш қоидасини бузаëтган Марказий Осиë минтақасидаги биринчи раҳбар эмаслигини таъкидлайди. Родеснинг қайд этишича, минтақадаги қўшни давлатлар президентларининг барчаси бу масалада Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзовдан ўрнак олишмоқда.

“Марказий Осиë давлат раҳбарлари бир-бирларидан ўрнак олишади. Айниқса, демократик тамойилларни бутунлай оëқ-ости қилган Туркманбоши, қўшни республикалар президентлари учун жиддий ўрнак бўлиб қолаëтганга ўхшайди, - дейди Аарон Родес.

Маълумки, ўтган ҳафта 63 ëшга кирган Ниëзов 1999 йилда Туркманистон Халқ Кенгаши томонидан умрбод президент этиб тайинланди. 1992 йили Туркманистонда бўлиб ўтган охирги сайловларда Ниëзов беш йил муддат билан президент этиб сайланди. 1994 йилда Ниëзов референдум орқали президентлик муддатини яна беш йилга узайтирди.

Бишкекдаги инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги бўйича Қирғизистон-Америка бюроси директори Наталия Аблова 1991 йилдан бери Марказий Осиë раҳбарлари конституциявий ўзгартишлар ва референдумлар орқали президентлик муддатларини узайтириб келаëтганларини қоралади.

“Марказий Осиë мамлакатларини мутлақо республикалар, деб бўлмайди. Улар амирликлардир”, - деди Наталия Аблова жумладан.

2002 йил январида Ўзбекистонда ўтказилган референдум натижаларига мувофиқ, 65 ëшли Ислом Каримовнинг президентлик муддати беш йилдан етти йилга, яъни 2007 йилгача узайтирилди.

Маълумки, 1992 йили мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти этиб сайланган Каримов, 1995 йилда референдум орқали президентлик муддатини яна беш йилга узайтирди ва 2000 йилда эса қайта сайланди.

62 ëшли Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам 2006 йилда ўтказиладиган президентлик сайловларида номзодини қўйишига ҳозирданоқ ишора қилмоқда. 1998 йилда Қозоғистон Конституциясига киритилган ўзгартишларга кўра, икки муддатда президент бўлиш чеклови бекор қилинди ва президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилди.

1990 йилда Қозоғистон ССР президенти этиб сайланган Назарбоев, 1995 йилда ўтказилган референдум орқали президентлик муддатини яна беш йилга узайтирди ва 1999 йилги президентлик сайловларида эса қайта сайланди.

Ҳозирча Қирғизистон президенти Асқар Ақаев мазкур анъанага амалга қилмаëтган кўринади. Ақаев 2005 йилда президентлик муддати тугаганидан сўнг, президентлик учун курашмаслиги маълум қилди.

Аммо Наталия Аблова, кейинги пайтларда Қирғизистоннинг авторитар режимга айланиб бораëтгани ва шу боис Ақаев ҳам турли йўллар билан яна ҳокимиятда қолиши мумкинлигини қайд этади.

58 ëшли Ақаев икки йил аввал учинчи марта беш йил муддатда президент этиб сайланди. Ваҳоланки, Қирғизистон конституциясида бир шахснинг президентлик қилиш ҳуқуқи икки муддат билан чеклаб қўйилган. Қирғизистон Конституциявий суди, Ақаев янги конституция 1993 йилда қабул қилинганидан бери фақат бир марта сайлангани туфайли, президентлик сайловларида яна номзодлигини қўйиши мумкин, деган қарор қабул қилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Хелсинки Федерацияси ижроия директори Аарон Родес, Марказий Осиë раҳбарлари нима учун ҳокимиятни топширишни хоҳлашмаëтганини қуйидагича изоҳлайди:

“Марказий Осиë президентлари демократик жамиятда раҳбар халқнинг хоҳиш-иродасига мувофиқ ҳокимиятда фақат вақтинчалик бўлишини тўлиқ англамайдилар. Улар ўзларини давлат эмас, балки жамоатчиликнинг, бутун бошли халқнинг раҳбари, деб биладилар”, дейди Аарон Родес.

Родес, бунинг ортида иқтисодий сабаблар ҳам борлигини қўшимча қилиб ўтди. “Марказий Осиë президентлари ниҳоятда бойиб кетишган ва улар катта даромад келтирувчи манбадан ажралиб қолишни ҳохламайдилар”, - дейди жаноб Родес жумладан.
XS
SM
MD
LG