Линклар

logo-print

Диний фундаментализм (1-қисм)


Фарангис Саид

Ислом дини асосларига кўра, мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар - Иброҳим авлодларидирлар. Насронийликнинг асосий тамойилларидан бири – “яқинингни ўзингни севгандек сев”, тамойилидир. Шунга қарамай, уч жаҳон динининг баъзи намоёндалари бир-бирларига на бағрикенглик, на бирдамлик изҳор қила оладилар, аксинча, бир-бирларига нафрат билан қарайдилар, баъзида ўзаро тушунмовчиликнинг чуқурлашишига ҳисса ҳам қўшадилар.

Яқинда АҚШда рўй берган ҳодиса – бундай тушунмовчиликни чуқурлаштирган, сўнгги пайтда кўпайиб бораётган ҳодисалардан бири бўлди. Озод Европа – Озодлик радиоси мухбири Дон Хиллнинг [Don Hill] маълум қилишича, христиан динининг таниқли арбоби, АҚШ жамиятида катта нуфузга эга бўлган руҳоний Жерри Фолуэлл [Jerry Falwell] Америка телеканалларидан бирига берган интервьюсида ислом дини ҳақидаги китобларни ўқиб, Муҳаммад пайғамбар зўравонлик ва уруш тарафдори бўлганига ишонч ҳосил қилганини айтган. Бундан ташқари америкалик руҳоний “менимча, Муҳаммад террорчи бўлган”, деб фикр билдирган. Мусулмонлар бундай чиқишни қандай қабул қилганлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Эронлик руҳоний Фолуэллни ўлимга ҳукм этишни талаб қилди. Ҳиндистоннинг Бомбай шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди, улар натижасида 5 одам нобуд бўлди. Фолуэлл сўзларини қайтариб олишга ва узр сўрашга шошилди. Мусулмон дунёсининг баъзи лидерлари узрни қабул қилганларини билдирдилар. Ҳодисага якун ясалгандек бўлди. Бироқ, шуни айтиб ўтиш жоизки, Фолуэллнинг қарашлари аксарият америкаликларнинг ислом ҳақидаги билим ва тасаввурларини акс эттиради. АҚШда “Насроний ҳуқуқ” номи остида танилган сиёсий гуруҳ аъзолари бўлмиш протестант христианлар Жэрри Фолуэллнинг фикрига мутлақ қўшиладилар. Гуруҳ етакчиларидан бири - Франклин Грэхам [Franklin Graham] “ислом - жаҳолат ва ёвузлик динидир”, деб таъкидлайди. Христианлар коалицияси асосчиси, Республикачилар партиясининг қудратли намоёндаси, Оқ Уйнинг ҳозирги сиёсатини белгилаётган шахслардан бири Пэт Робертсон [Pat Robertson] эса “исломни тинчлик дини, деб аташ - ёлғоннинг ўзгинаси”, деб фикр билдирди.

Ислом дунёсида ҳам насронийлик ва бошқа динлар вакилларига нафрат билан қарайдиганлар йўқ эмас. Ал-Қоида террор тармоғи фаолияти натижаси бўлмиш 11 сентябр ҳодисалари, Афғонистонда ҳукм сурган Толибон ҳаракатининг кўплаб қадамларини бундай нафрат кўринишлари сифатида санаб ўтиш мумкин. Кўплаб мақолалар муаллифлари, ҳатто баъзи мутахассис-диншунослар ҳам бундай одамларни фундаменталистлар, деб атайдилар.

Ислом динини кўп йиллардан бери ўрганаётган АҚШлик мутахассис, Жоржтаун университети [Georgetown University] қошида мақсади мусулмонлар ва христианлар орасидаги мулоқотни чуқурлаштиришдан иборат бўлган марказга асос солган профессор Жон Эспозитодан [John Esposito] фундаменталист деганида нима тушунилади, деб сўраймиз.

“Христиан, ислом ёки яҳудий динидаги фундаменталистлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар орасидаги ўхшашлик шундан иборатки, уларнинг бари консерватор бўлиб, улар анъаналар ўзгармаслиги керак, дин соф қолиши лозим, деган фикр тарафдорларидир. Улар орасидаги яна бир ўхшашлик шунда-ки, улар ўзларини ҳақ, деб биладилар. “Мен ҳақман, мен ҳақ бўлганимдан кейин, бошқаларнинг бари ноҳақ”, деган позицияда турадилар”, - деб тушунтиради диншунос Жон Эспозито.

Диний фундаментализм ҳақида гапирадиган бўлсак, бу атама 1922 йилда АҚШда пайдо бўлган ва фақат христиан динига таалуқли бўлган. Унга кўра, насронийликдан барча бошқа динга мансуб одам ноҳақ ҳисобланган. Бугунги кунда фундаментализм сўзи бошқа динларга нисбатан ҳам қўланнилади. Диннинг илк ва соф шаклини тўғри, деб таъкидлайдиганлар, кейинчалик киритилган ўзгартиришларни инкор этадиганлар - фундаменталистлар ҳисобланадилар. АҚШнинг Жанубий Каролина штатидаги христиан фундаменталистлари қўрғони ҳисобланмиш Боб Жоунс [Bob Jones] университети диншунос профессори Дэвид Бил [David Beale] христиан фундаментализмига ўзига хос тушунтириш беради:

“Христиан фундаменталист деганида қалбида севги-муҳаббат ва бағрикенгликдан бошқа нарса бўлмаган, муқаддас Инжилни Худо сўзи сифатида тан оладиган ва уни христианликнинг бошқа доктриналари билан биргаликда ҳимоя қиладиган одам назарда тутилади”, - дейди Дэвид Бил.

Жон Эспозито эса фундаменталист, яъни ўз динини ягона тўғри дин, деб билган одам бағрикенглик нималиги билмайди, дея фикр билдиради. Профессор Эспозито, шунингдек, фундаменталист деганида ҳар доим ҳам экстремистни тушуниш нотўғри, дер экан, шу билан бирга фундаментализмнинг хавфли феноменлигини ёддан чиқармаслигимиз керак, дейди. Чунки фундаментализм билан нафрат орасида бир қадам фарқ бор, холос, дейди АҚШнинг Жоржтаун университети қошидаги мақсади мусулмонлар ва христианлар орасидаги мулоқотни чуқурлаштиришдан иборат бўлган марказ асосчиси профессор Жон Эспозито.
XS
SM
MD
LG