Линклар

Христиан фундаментализми асослари ҳақида (2-қисм)


Фарангис Саид

Христианлар орасида “фундаментализм” атамаси 20-асрнинг 20-йилларида АҚШда тузилган диний ҳаракатни тавсифлаш учун қўлланилган. 50-йиллардан бошлаб эса тадқиқотчилар ва олимлар ушбу атамани диннинг софлиги учун курашган барча одамларга нисбатан қўллай бошладилар.

АҚШнинг Жанубий Каролина штатидаги христиан фундаменталистлари қўрғони ҳисобланмиш Боб Жоунс [Bob Jones] университети диншунос-профессори Дэвид Бил [David Beale] христиан фундаментализми тарихи ҳақидаги китоб муаллифидир. Унинг фикрича, фундаменталист - Инжилни Худонинг ягона сўзи, деб биладиган одам. Инжилдан йироқлашган, уни замон талабларига кўра ўзгартиришга уринган, унда хатолар бор, деб ҳисоблайдиган одам эса фундаменталист эмас, дейди профессор Бил ва бундай тушунча қўлланилган тақдирда АҚШда фундаменталист сифатида оммага танилган кўплаб христиан лидерлари, жумладан Билли Грэхам [Billy Graham], Жерри Фолуэлл [Jerry Falwell], Пэт Робертсонларни [Pat Robertson] фундаменталист, деб бўлмасликни тан олади:

“Баъзи фундаменталистлар, масалан Билли Грэхам ва унинг атрофидагилар, 50-йилларнинг охирида йўналишни ўзгартирдилар. Улар умумжаҳон евангелизмига асос солдилар”.

“Умумжаҳон евангелизми” дейилганида христиан динининг турли оқимларини бирлаштириш ҳаракати тушунилади.

Ислом динини кўп йиллардан бери ўрганаётган АҚШлик мутахассис, Жоржтаун университети [Georgetown University] қошида мақсади мусулмонлар ва христианлар орасидаги мулоқотни чуқурлаштиришдан иборат бўлган марказга асос солган профессор Жон Эспозито [John Esposito] фундаменталист – христиан бўладими у, яҳудийми ёки мусулмонми – барибир фундаменталист, улар бир-бирларидан фарқ қилмайдилар, деб таъкидлайди:

“Бу - ўзга ғояларни инкор этувчи, кўпфикрлиликка қарши чиқувчи дунёқараш бўлиб, у яҳудийлар, христианлар ва мусулмонларнинг барига оид. Улар Аллоҳ – ҳамдардлик, бағрикенглик ва муҳаббат, демакдир, дейдилар, лекин аслида уларнинг “Аллоҳ меники ва менга ўхшаш одамларники”, деяётганлари яққол кўзга ташланади”.

Шу билан бирга профессор Эспозито христиан ва мусулмон фундаменталистлари орасида бир кескин фарқ бор, деб таъкидлайди. Аксарият насронийлар ўзларини фундаменталист, деб ҳисобламайдилар. Улар христиан динининг либерал анъаналарига риоя қиладилар. Аксарият мусулмонлар эса ислом динининг софлигини сақлаб қолиш, ислом асосларига риоя қилишни ташвиқ қиладилар ва бу маънода уларнинг барини фундаменталист, деб аташ мумкин, деб фикр билдиради АҚШлик диншунос Жон Эспозито.
XS
SM
MD
LG