Линклар

logo-print

Ислом фундаментализми ҳақида (3-қисм)


Фарангис Саид

Муҳаммад пайғамбар яшаб ўтганига 14 аср бўлди. Бу даврда ислом дини кўлами анча кенгайди: ҳозирги кунга келиб дунёда 1 миллиард 900 миллион одам исломни ўз дини, деб ҳисоблайди. Озодлик радиоси мухбири Дон Хилл [Don Hill] билан суҳбатда бўлган икки исломшунос бу ҳақдаги саволга жавобан, дунёдаги барча мусулмонларни фундаменталист деб аташ мумкин, дея фикр билдирди.

Америкалик диншунос мутахассис, Жоржтаун университети [Georgetown University] қошида мақсади мусулмонлар ва христианлар орасидаги мулоқотни чуқурлаштиришдан иборат бўлган марказга асос солган профессор Жон Эспозито [John Esposito] исломий ақидапарастлик ҳақида мана бундай фикр билдиради:

“Менимча, фундаментализм атамасини кенг қўллайдиган бўлсак, ўз дини софлиги учун курашган, унинг асосларига қайтишни ташвиқ қилган ҳар бир одамни фундаменталист, деб аташимиз мумкин. Христианлар учун Инжил - дин асослари акс этган китобдир. Мусулмонлар учун бу Қуръон экани шубҳасиз. Исломий фундаментализм барча мусулмонлар ислом асосларига қайтишлари кераклигини ташвиқ қилади”.

Асли афғонистонлик, ҳозирда АҚШ фуқароси Абдул Жалолий америкалик исломшунос фикрига қўшилади. У исломий фундаментализмга мана бундай тушунтириш беради:

“Исломни билган, уни ўрганганлар биринчи бўлиб бу дин Ғарб календари бўйича 7 асрда араблар орасида тарқагани ва сўнг дунёнинг бошқа қисмларида ҳам тарқалганини яхши биладилар”.

Шундай дер экан, Абдул Жалолий, мусулмонлар учун Қуръон – муқаддас китобдир, унда айтилган ҳар бир сўзга риоя қилиш -мусулмон одам учун фарздир, дер экан, Қуръоннинг яҳудийлар қўлёзмаларига асослангани, Қуръонда, яҳудийлар китоби каби, Иброҳим – барча одамлар отаси, деб ҳисобланиши тан олинишини айтади. Қуръонда, шунингдек, Исо Масиҳ ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, аммо насронийликдан фарқли ўлароқ, у Аллоҳнинг зурриёти, деб ҳисобланмайди. Жалолий ўз фикрида давом этиб:

“Мусулмон бўламан, деган ҳар бир одам учун асосий шарт - Аллоҳга ва унинг барча китобларига ишонишдан иборатдир. Барча китоблар, дейилганида инсониятга пайғамбар Муҳаммаддан олдин юборилган китоблар ҳам назарда тутилади”, - дея тушунтириш беради.

Абдул Жалолий ҳам, Жон Эспозито ҳам диний фундаментализм билан диний экстремизм орасидаги фарқни тушуниб етиш жуда муҳимлигини таъкидлайдилар.

Абдул Жалолий экстремизмнинг сабаблари диний эмас, дейди:

“Исломдаги экстремизм фундаментализмнинг бир қисми эмас ва бундай бўла олмайди. Умуман оладиган бўлсак, экстремизмнинг ислом билан ҳақиқий алоқаси йўқ. Экстремизм – сиёсий масала бўлиб, у сиёсий ва дунёвий манфаатлардагина қўлланилади”.

Озодлик радиоси мухбирининг “фундаментализм ва экстремизм – айни феноменми”, деган саволига диншунос олим Жон Эспозитонинг жавоби жуда аниқ бўлди:

“Йўқ. Экстремистлар, менимча, гуруҳнинг ҳарбий қисмини ташкил этади. Масалан, христиан фундаменталистлари бўлмиш баптистлар дин софлиги ғоясини ташвиқ этадилар. Экстремистлар эса бу ғояни нафрат мафкурасига айлантирадилар”.

Эспозито диний ақидапарастлик камбағаллик ва умидсизлик заминида яхши илдиз отади ва бора-бора ижтимоий-сиёсий портлашга олиб келади, дейди.

Исломий фундаментализм ҳақида гапирар эканмиз, исломда ҳам, христианлик каби, кўплаб мазҳаб ва оқимлар мавжудлигини айтиб ўтишимиз лозим. Албатта, бу ерда сўз, биринчи навбатда, исломнинг сунна ва шия мазҳаблари ҳақида боряпти. Бундан бошқа бўлинишлар ҳам йўқ эмас. 18-асрда ҳозирги Судан, Ливия ва Нигерия ҳудудларидан Ҳиндистон ва Жануби-шарқий осиёгача исён шамоли эсиб ўтди. Ҳозирги Саудия Арабистони ҳудудида Абд-ал-Ваҳҳоб исмли одам ислом динидаги барча янгиликлару ўзгартиришларни инкор этиб, исломнинг соф ҳолига қайтишини ташвиқ эта бошлади. Янги мафкура шу қадар кучли бўлдики, у ваҳҳобийлик оқимига асос солди ва ҳозирги кунда Саудия Арабистони ҳукмдорлари бўлмиш Саудлар сулоласининг дини ҳисобланади. Сўнгги йилларда ваҳҳобийлик билан собиқ совет республикалари фуқаролари ҳам танишдилар.

Нафақат Ғарбда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам ваҳҳобийлик, исломий экстремизм, радикализм ва терроризм орасидаги фарқни тушунмайдиганлар кам эмас. Жон Эспозито ўзининг “Номуқаддас уруш” [Unholly War], деб номланган китобида ёзишича, кўплаб ҳукуматлар ички муаммоларни ҳал этолмай, халққа “муаммолар сабаблари ташқарида”, дейдилар ва ташқи душман сифатида ваҳҳобийларни белгилайдилар. Ваҳҳобийлар, Ҳизб-ут-Таҳрир аъзолари ва бошқа исломий фаолларга “террорчилар” тамғаси босилади. Марказий Осиё республикалари, Чеченистон ва кўплаб бошқа жойларда сиёсий ва диний мухолифат вакиллари – диссидентларни Усама бин Ладен ва бошқа террорчилар билан алоқадорликда айблаш одатий тус олди.

Бироқ, диншунослар ва таҳлилчиларнинг фикрича, фундаментализм – диний дунёқарашдир. Экстремизм ва терроризм эса сиёсий позиция.
XS
SM
MD
LG