Линклар

АҚШ Давлат департаменти уч чечен гуруҳини террорчилар рўйхатига киритди


Фарангис Саид

АҚШ Давлат департаменти уч чечен гуруҳини Усама бин Ладен етакчилигидаги Ал-Қоида террор тармоғи билан алоқадорликда айблаб, уларни халқаро террор гуруҳлари рўйхатига киритишга қарор қилди.

Жума куни Оқ Уйда матбуот анжумани ўтказган Ричард Баучер [Richard Boucher] ушбу гуруҳлар ўтган йил октябр ойида Москва театрида 800 одамни гаровга олишда бевосита иштирок этганларини таъкидлади. Октябрдаги ҳодиса натижасида 129 одам нобуд бўлган эди.

“Бундай қарор билан Қўшма Штатлар барча чечен лидерларини террор актларини тўхтатишга ва мазкур террорчи гуруҳлар билан алоқаларни узишга даъват этади”, - деди Баучер журналистларга.

“Чечен мазлумлари Риёди-Солиҳий батальони”, “Махсус исломий полк” ва “Халқаро исломий бригада”, деб номланган гуруҳларнинг АҚШ Давлат департаменти томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилиши америкаликларга улар билан алоқада бўлишни ва уларга ёрдам кўрсатишни таъқиқлайди. Гуруҳ аъзоларига эса АҚШ ҳудудига кириш ман этилади. Уларнинг АҚШ банкларидаги ҳисоблари “музлатиб” қўйилади.

Маълумки, Вашингтон Кремлнинг Чеченистонга нисбатан сиёсатини кўп йилдан бери танқид қилиб келаётган эди. Эндиликда эса, уч чечен гуруҳига “террорчилар” тамғаси босилди. Хўш, бунинг сабаби нимада? Кузатувчилар бу саволга якдиллик билан мана бундай жавоб беряптилар: БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси Россия АҚШнинг Ироққа қарши уруш бошлаш режасига қарши чиқиб, ўзининг вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, қарорнинг қабул қилинмаслигини таъминлаши мумкин эди. Бунинг олдини олиш мақсадида Вашингтон Москва билан муросага боришга қарор қилди.

Оқ Уй расмийлари эса қарорга бошқача тушунтириш бермоқдалар.

“Бизнинг позициямиз ўзгармади. Биз Чеченистон можароси ҳарбий йўл билан эмас, сиёсий йўл билан ҳал этилиши керак, деган фикрдамиз. Айни вақтда биз терроризмга қарши урушдаги ҳамкоримиз - Грузиянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз”, - деди Оқ Уй матбуот котиби Ричард Баучер ва Вашингтон “барча чеченлар – террорчилардир”, деган фикрда эмаслигини таъкидлади.

Расмийларнинг бундай баёнотларига мустақил кузатувчилар ҳам, тинчлик учун курашчилар ҳам танқид билан қарашмоқда.

“Чеченистонда тинчлик учун Америка қўмитаси” [American Committee for Peace in Chechnya] ижроия директори Глен Ховард [Glen Howard] Озодлик радиосига берган интервьюсида шундай деди:

“Бу Чеченистон фожиасининг чуқурлашишидан бошқа оқибатларга олиб келмайди. АҚШ Давлат департаменти қарори 10 минг чеченни ўлдириш учун берилган буйруқдан бошқа нарса эмас. У Россиянинг сиёсатини оқлайди. Россия эса БМТдаги Ироқ атрофидаги мубоҳасаларда катта таъсирга эга”.

Шундай дер экан, Кавказда тинчлик учун курашаётган нодавлат ташкилоти раҳбари чечен можаросини сиёсий йўл билан ҳал этиш янада қийинлашганини айтади:

“Чеченистонда террорчилар ҳам, ёмон одамлар ҳам бор. Буни ҳеч ким инкор этмаяпти. Лекин қабул қилинган қарор барча чеченларга террорчи тамғасининг босилишини кафолатлайди. Бу қарор, шунингдек, Москвада Чеченистондаги урушга қарши курашаётган русларнинг аҳволини оғирлаштиради. Чунки Кремлда энди ҳарбий ҳаракатларини оқлаш учун асос бор. Москва расмийлари эндиликда “эй, кўряпсизларми, бизни АҚШ қўллаб-қувватламоқда”, дейишлари мумкин”.

Уч чечен гуруҳи АҚШ Давлат департаментининг террор гуруҳлари рўйхатига икки йилга киритилди. Агар бу муддат тугаётган вақтда уларнинг террор фаолиятларини давом эттираётганлари тасдиқланса, уларнинг номлари рўйхатга қайта киритилади.
XS
SM
MD
LG