Линклар

logo-print

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) жорий раиси одам контрабандасига қарши курашни кучайтириш ниятида.

  • Ҳасанжон

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) жорий раиси Голландия Ташқи ишлар вазири Жаап де Хуп Шеффер одам контрабандасини “демократик жамият юзидаги доғ”, дея таърифлади.

Яқинда Вена шаҳрида ЕХҲТга аъзо 55 давлат вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Шеффер аъзо мамлакатларида одам контрабандасига қарши янги қонун қабул қилиш ёки мавжуд қонунларни янада қатъийлаштириш орқали мауммога барҳам бериш мумкинлигини билдирди. У сўзига қўшимча қилиб, ЕХҲТга аъзо баъзи давлатларда бу борада зарурий қонунлар қабул қилинмаганини айтди.

Халқаро кузатувчилар тахминига кўра, ҳар йили шарқий Европа, Болқон давлатлари ва Марказий Осиё республикаларининг 200 мингдан ортиқ фуқароси одам контрабандачилари қўлига тушмоқда. Уларнинг аксарини эса, аёллар ва болалар ташкил этади. Контрабанда қилинган аёллар фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилмоқдалар.

Жаап де Хуп Шеффер одам контрабандасини мана бундай таърифлади: “Одам контрабандаси кенг тарқалган жиноят тури бўлиб, кўпинча аёллар ва болалардан фоҳишалик ва фоҳишаликнинг бошқа кўринишларида фойдаланиш учун бир давлатдан иккинчисига ноқонуний тарзда, яширинча олиб ўтиладилар. Бундан ташқари, улардан уй юмушларини бажариш, дўкон, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ишларида мажбурлаб ишлатиш ёки қалбаки никоҳдан ўтиш ва бошқа мақсадларда фойдаланилади”.

Венада бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент ассамблеяси йиғилишида сўзлаган Шеффер, одам контрабандасига инсон ҳуқуқларининг энг долзарб муаммоси сифатида қараш лозимлигини таъкидлаб, шундай деди: “Одам контрабандаси замонавий қул савдосидир. Бу ЕХҲТга аъзо давлатлар дуч келаётган энг долзарб ва мураккаб инсон ҳуқуқлари муаммоларидан бири. Бу ташкилотга аъзо деярли барча давлатларга тегишли”.

Шеффер Европа ва Марказий Осиё давлатларида одам контрабандаси мавжуд эканини, ёлғон ваъдалар билан ўзга юртларга алдаб олиб кетилган хотин-қизлар, асосан, фоҳишалик билан шуғулланишга ёки қулликнинг бошқа кўринишида меҳнат қилишга мажбурланаётганини айтди.

Йиғилишда бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида Шеффер, Европада амалга тадбиқ этилиши мумкин бўлган умумий қонун ишлаб чиқилмагани хусусида афсусланиш билдирди. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раиси, Голландия Ташқи ишлар вазири Жаап де Хуп Шеффер йиғилиш қатнашчиларига, Европанинг деярли барча давлатлари ва Марказий Осиё республикалари ЕХҲТга аъзо экани ҳисобга олинса, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишда ташкилот қулай имконият яратиши мумкинлигини айтди. У парламент аъзоларини берилган салоҳиятдан фойдаланиб, ўз мамлакатларида вазиятни яхшилашга ҳаракат қилишга чақирди. ЕХҲТ раиси сўзида давом этиб: “Мазкур парламент ассамблеяси янги қонун ишлаб чиқилишига туртки бера олади. Ўз фикрингиз, демократик тажрибангиз билан ҳукуматларни қонун ва ташкилотлар фаолиятини кучайтириш ёки янги ташкилотлар тузилишига туртки беришингиз мумкин”,-деди.

ЕХҲТ ҳужжатларида одам контрабандасига қарши самарали кураш олиб бориш хусусида бир қатор фойдали мисоллар келтирилади. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раиси, кўп мамлакатларда қўшмачилик ёки аёлларни фоҳишаликка мажбурлаш қонун орқали таъқиқлангани ва ҳукуматларнинг айнан шу қонунларга асосланиб иш кўриши, бу эса одам контрабандасининг барча жиҳатларини қамраб олмаслигини билдирди. ЕХҲТ май ойида Прагада ўтадиган ўзининг навбатдаги йиғилишида одам контрабандасига қарши кураш масаласини кун тартибидаги асосий масала қилиб қўйишни режалаштирган.
XS
SM
MD
LG