Линклар

ИРОҚ "АЛ-СОМУД" РАКЕТАЛАРИНИ ЙЎҚ ҚИЛИШНИ БОШЛАДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқ БМТ талабларига биноан яна "Ал-Сомуд-2" номли олтита тактик ракетасини йўқ қилди. Бироқ, юқори мартабали Бағдод расмийсига кўра, агар АҚШ Хавфсизлик Кенгаши рухсатисиз Ироққа ҳужум қилиш режасидан қайтмаса бу жараён тўхташи мумкин.

"Агар Америка масалани БМТ орқали қонуний йўл билан ҳал этишдан воз кечиб, яқин кунлар ичида уруш ҳаракатларини бошлаб юборса, нега энди биз ракеталарни йўқ қилишни давом эттиришимиз керак", - деди Ироқ президенти маслаҳатчиси генерал Амир Ал-Саади.

Кузатувчилар Ироқда "Ал-Сомуд" русумидаги ракеталарининг йўқ қилина бошланганини Бағдод Хавфсизлик Кенгашининг 1441 резолюцияси шартларига бўйсунишини кўрсатувчи омил сифатида талқин қилишмоқда. Гарчи, БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари раҳбари Ханс Бликс Ироқнинг бу ҳаракатларини олқишлаган бўлса-да, АҚШ ва Британия буни Бағдоднинг навбатдаги найранги, дея таърифламоқдалар. Вашингтон расмийларига кўра, бу билан Ироқ резолюция талабларини бажаряпти, деб бўлмайди, чунки унга берилган мухлат аллақачон тугаб бўлган.

Ироқнинг "Ал-Сомуд" ракеталарини йўқ қила бошлаши, Туркия парламенти АҚШ қўшинларининг мамлакатда жойлаштирилиши масаласида рад жавоби бергани ҳамда Мисрда ўтган араб давлатлари саммитида унинг иштирокчилари урушга қарши чиқишлар қилган пайтга тўғри келди.

Ўтган дам олиш кунлари Туркия парламенти 60 минг сонли АҚШ қўшинининг мамлакат жануб-шарқида жойлаштирилишига қарши овоз берган бўлса, Мисрда учрашган араб давлатлари раҳбарлари АҚШнинг Ироққа нисбатан ҳар қандай ҳужумлари минтақада вазият кескинлашувига сабаб бўлишидан огоҳлантирдилар. Айни пайтда ҳам Туркия, ҳам араб давлатлари Бағдодни БМТ талабларига бўйсунишга чақиришди.

Шанба куни учиш масофаси рухсат этилган 150 километрлик радиусдан ошувчи Ироқнинг тўртта "Ал-Сомуд" ракетаси булдозерлар билан яксон қилинди. Яна олтита ана шундай ракета душанба куни БМТ инспекторлари кўз ўнгида йўқ қилинди. Жараённи кузатиб борган БМТ қурол-аслаҳа инспекцияси матбуот вакили Хиро Уэки "Озодлик" мухбирига шуларни айтади.

"Ал-Сомуд" ракеталари ва уларнинг таркибий кисмларини бузиш ишлари Бағдод шимолидаги Ал-Тож ҳарбий ҳудудида бошланди. Бугун эрталаб инспекторларимиз ироқлик мутахассислар билан бу ишларни олиб бориш усуллари ва муддатларини келишиб олдилар", - маълум қилди Хиро Уэки.

Айни пайтда, Ироқ президенти маслаҳатчиси генерал Ал-Саадининг таъкидлашича, АҚШ Ироққа қарши уруш ҳаракатларини бошлаш режасидан воз кечган тақдирдагина, ракеталарни йўқ қилиш ишлари яна давом эттирилиши мумкин. Саадига кўра, ҳозирда Ироқ учиш масофаси 150 километрдан ошувчи юздан ортиқ "Ал-Сомуд" ракеталари ва турли масофага учувчи йигирмага яқин ракетасига эга.

Мутахассислар фикрича, агар ракеталарни йўқ қилиш ишлари шу йўсинда давом этса, бу жараён узоғи билан уч хафтага чўзилиши мумкин. БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари раҳбари Ханс Бликс Ироқ раҳбариятидан мамлакатдаги барча "Ал-Сомуд" ракеталари ва уларнинг эхтиёт қисмлари йўқ қилинишини талаб этган.

Айтиш лозимки, Ироқ ракеталарни йўқ қилиш ҳаракатлари билан, айни пайтда Американинг эхтимолий ҳужумларига қаршилик кўрсатишга ҳам ҳозирлик кўрмоқда. "Ню Йорк таймс" газетасининг Пентагон расмийси сўзларига таяниб ёзишича, сўнгги хафта мобайнида Ироқ учиш масофаси Кувайтгача етувчи ер-ер туридаги ракеталарини чегара худудларига жойлаштириб улгурган. Улар орасида Ироқнинг янги "Абабил-100" русумли ракеталари ҳам бор. АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, замонавий "Абабил-100" ракетасининг учиш узоқлиги 150 километрдан ошади ва у Кувайтдаги АҚШ ҳарбий қисмларини бемалол нишонга олишга қодир. "Ню Йорк таймс"нинг ёзишича айни ракеталари, Ироқ шимолидаги Туркия билан чегарадош Киркук ва Мосул худудларига ҳам жойлаштирган.

Ироқнинг асабни фалаж қилувчи ва куйдирги касалини қўзғотувчи "Ви Икс" номли газ арсеналига келсак, бу ҳақдаги батафсил маълумотларни Бағдод расмийлари бир хафта ичида БМТга тақдим этишларини маълум қилдилар. Ироқ томонига кўра, бу арсенал аллақачон йўқ қилинган. Ҳарбий инспекторлар эса Бағдод раҳбариятидан бу ҳақдаги далилий ҳужжатларни талаб этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG