Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:17

“Жонли қалқонлар” Ироқда ракеталарга қарши чиқмоқчилар


Фарангис Саид

Шу кунларда америкалик ва британияликлар учун Бағдод хавфли жойга айланган. Улар Ироққа сафар қилишни етти ухлаб, тушларида ҳам кўришмайди. Бироқ, мухбиримиз Кэтлин Нох билан суҳбатда бўлган чикаголик қурувчи Карл Горжински бир неча кундан сўнг Бағдодга бормоқчи эканини маълум қилган:

“Мен уйда ўтириб, телевизорда аёллар ва болалар нобуд бўлаётганини томоша қила олмайман. Шунинг учун мен Ироққа бориб, бомбардимонларни кечиктириш ёки бўлмаса, уларнинг олдини олиш учун курашмоқчиман”.

Шундай дер экан, америкалик қурувчи Буш ва Британия ракеталари тинч аҳоли орасида катта талафотларга олиб келишини айтиб, “мен улар орасида бўлмоқчиман, мен ўлишга тайёрман”, дейди.

АҚШ ҳукумати “урушда одамлардан қалқон сифатида фойдаланиш – жиноят”, деб таъкидлаётган бўлса-да, америкалик, британиялик, германиялик, италиялик фуқаролар билан бир қаторда чехлар, руминлар, турклар ва бошқалар Ироққа бориб, ракеталарга қарши чиқмоқчилар. Торбен Фрэнк – шундайлардан. У бошқараётган гуруҳ аъзолари турли мамлакатлар, аҳолининг турли табақалари вакиллари бўлиб, уларнинг мақсади бир – Ироқда урушнинг олдини олишдир.

“Орамизда уй бекалари, талабалар, ишсизлар, тинчлик учун курашчилар ва, албатта, уларни Ироққа етказаётган автобус ҳайдовчилари бор. Демография жиҳатидан бу чегарасиз, кенг кўламли ташаббусдир”. Шундай дер экан, Фрэнк Ироққа 18 минг “жонли қалқон” етиб боришига умид қилаётганини айтади.

Украинанинг Тараққийпарвар социалистик партияси етакчиси, президентликка номзод бўлган Наталья Витренко одамлар, агар зарурат туғилса, Ироқда “жонли девор” қурадилар, деб таъкидлайди.

Ироқнинг Белорусдаги элчиси кўплаб белорусликлар келаси ҳафтада Ироққа бормоқчи эканларини маълум қилади. Ироқнинг Россиядаги элчисига ҳам Ироққа бориб, ракеталарга қарши қалқон бўлиб турмоқчи бўлган россияликлар мурожаат қилганлар. Россиянинг Биринчи – ОРТ телеканали куни кеча бир россиялик фуқаро билан интервью ўтказди. У одам Ироққа бориб, ўз мамлакатининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ниятида эканини билдирди. Бир белоруслик эса телевидениега берган интервьюсида ойлик маоши барибир жуда пастлиги сабаб, Ироққа бориб, жанг қилмоқчилигини айтган.

“Жонли қалқон” ясамоқчи бўлган гуруҳнинг америкалик ва европалик аъзолари улар Ироққа бориб, Саддам Хусайнни эмас, балки оддий халқни ҳимоя қилиш ниятида эканларини айтадилар.

“Йўқ, мен Саддам Хусайнни мутлақо қўлламайман. Мен ироқлик аёллар ва болаларнинг Буш ва Британия ёмғир қилиб ёғдирмоқчи бўлган бомбаларисиз яшаш ҳуқуқларини ҳимоя қиламан”, - дейди чикаголик Карл Горжински.

“Жонли қалқонлар” илгари ҳам, масалан Косоводаги урушда қўлланилган. 1999 йилда одамлар Белград шаҳридаги барча кўприкларга чиқиб турганлар ва кўприкларни НАТО бомбаларидан асраб қолганлар. Лекин, улар кўнгиллилар бўлганлар. Саддам Хусайн одамлардан қалқон сифатида фойдаланмоқчи бўлиб, 1990 йилда Форс кўрфази уруши бошланмай туриб, 2 минг хорижликни гаровга олган ва уларни стратегик аҳамиятга эга объектлар атрофида жойлаштирган.

Бугунги кунда эса турли мамлакатлар фуқаролари Ироққа ўзлари бормоқчи ва ракеталарга қарши чиқмоқчилар. Бу АҚШ ва Британияни ҳарбий режа ҳамда тактикани ўзгартиришга мажбур қилиши мумкин. Вашингтон ва Лондон расмийлари “жонли қалқонлар” турган ерларни бомбаламаслик йўлини танлайдиларми, ёки “улар тинч аҳоли эмас, душман тарафдорлари, демак жангчилардир”, деб, уларни ҳам нишонга оладиларми? Бу саволга жавобни ҳозирча ҳеч ким бера олмаяпти. Дунёнинг турли мамлакатларидан эса тинчлик тарафдорлари Ироққа йўл оляптилар.
XS
SM
MD
LG