Линклар

Туркиядаги сиëсий ва иқтисадий вазият


А. Аррал

Америка Қўшма Штатлари маъмуриятига кўра, у Ироққа қарши бошланиши мумкин бўлган уруш муносабати билан шимолий жабҳа ташкил этиш мақсадида ўз ҳарбий кучларини Туркия ҳудудига жойлаштириш ҳақидаги режалари, Туркия томонидан рад этилганидан сира ҳам ташвишланмайди.

Туркия ҳукумати Бош вазири Абдулла Гул эса, Туркия парламентининг ўтган шанба кунги мажлисида тақрибан 60 мингдан иборат АҚШ кучларини мамлакат ҳудудига жойлаштиришни тасдиқлашда етарли овоз қозонолмади. Аммо, мазкур таклиф қайта парламентга тақдим этилиши мумкин. Бироқ, Абдулла Гул бу масала қачон амалга ошишини ошкор қилишдан ўзини тийди.

Айни пайтда, АҚШ кемалари Туркия соҳилидан узоқроққа, Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига аскарлар, танклар, артиллерия ва бошқа ҳарбий жиҳозларни ташимоқда. Оқ уй Анқаранинг тез орада ўз қарорини ўзгартиришига умид қилмоқда.

Вашингтонда эса, президент Жорж Буш [George Bush] маъмурияти Туркия парламентининг қарши овози хусусида ўз умидсизлигини баëн этди. Унга кўра, агарда Ироқда уруш бўладиган бўлса, Ироқ президенти Саддам Ҳусайнга қарши шимолий жабҳа ташкил этиш масаласида АҚШ катта қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

Аммо, Оқ Уй матбуот вакили Ари Флейшернинг[Ari Fleischer] мухбирларга айтишича, президент Буш Туркиянинг ëрдамисиз ҳам Ироқ устидан ғалаба қозонишга ишонади: "Туркия варианти яхши вариант эканлиги ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, лекин бошқа вариантлар ҳам бор. Ҳарбий нуқтаи назардан қараганда, бу ерда бошқа йўллар ҳам мавжуд ва президент ана шу йўллар орқали ҳарбий муваффақиятга эришиш мумкинлигига ишонади".

Вашингтондаги Брукингс [Brookings] институти ҳарбий таҳлилчиларидан бири Мишайл О Ҳанлонга [Michael O'Hanlon] кўра, шимолий Ироққа ҳаво орқали танклар ва ëрдамчи кучларни олиб боришга қараганда, Туркияда Америка ҳарбий кучлари базасини ташкил этиш анча афзалдир.

Туркиядан ташқари, дейди О Ҳанлон, Ироқ шимолига ҳарбий кучларни олиб бориш учун Америка кемалари йўлини Туркия соҳилидан Форс кўрфази орқали Қувайт шаҳри томон буриш керак бўлади. У ердан улар тахминан минг километр Ироқ шимолигача бўлган масофани босиб ўтиб, шимолий жабҳадан ҳужум қилишлари мумкин бўлади:

"Мен Ироқ шимолига ҳаво орқали ҳарбий куч олиб бориш тадбирини унчалик муҳим деб ҳисобламайман. Чунки, агарда сиз нефт майдонларини қўлга киритмоқчи бўлсангиз ëки бир-бирига қарши курашаëтган турклар билан курдлар ўртасидаги келишмовчиликнинг олдини олмоқчи бўлсангиз, ўзингизни ҳимоя қилишга қодир бўлган ва минтақада кўзга кўринган катта ҳарбий кучга эга бўлишингиз керак".

Бошқа томондан Туркия парламенти АҚШ нинг ҳарбий соҳадаги таклифини рад этганидан кейин инвесторлар Туркияни тарк эта бошладилар. Мамлакат бозорларида вазият ўзгарди. Турк лирасининг долларга нисбатан қиммати 4.9 фоизга тушди. Таҳлилчиларга кўра, иқтисодий вазият янада оғирлашиши мумкин. Айрим сармоядорлар АҚШ кучларини мамлакатга жойлаштириш ҳақидаги таклифнинг иккинчи марта Туркия ҳукумати томонидан парламентга тақдим этилишига умидсизлик билан қарамоқдалар.

Маълумки, АҚШ Туркияга ўз ҳарбий кучларини жойлаштириш эвазига 6 миллиард долларли грант ва 24 миллиард долларли узоқ муддатли қарз таклиф қилди. Бу эса, Туркиянинг катта миқдордаги қарзлари муаммосини ҳал қилишга ëрдам бериши мумкин. Унинг бюджед камомади тақрибан 97 миллиард доллардан иборат. Бу эса, ялпи миллий маҳсулотнинг тенг ярмига баробардир.
XS
SM
MD
LG