Линклар

Корея ярим оролида вазият кескинлигича қолмоқда.


Акрам Файзулло

Душанба куни Америка расмийлари Шимолий Кореянинг тўртта ҳарбий учқичи АҚШнинг Кобра Бол (Cobra Ball) русумидаги разведка учқичи атрофини қуршаб олганини маълум қилдилар.

Шанба куни Япон денгизи халқаро ҳаво ҳудудларида юз берган ушбу воқеада Шимолий Корея учқичларининг Америка разведка учқичини 22 дақиқа давомида таъқиб этгани билдирилади. Маълумотларга кўра, разведка учқичини ҳимоя қилиш учун АҚШ ҳаво кучлари ëрдамга жўнатилмаган ва учқич ўз миссиясини тўхтатиб, Япониядаги Кадена ҳаво базасига қайтиб келган.

Япония ҳукумат матбуот вакили Ясуа Фукуда сешанба куни Токиода мухбирлар билан учрашувда мазкур воқеа хусусида қуйидагиларни билдирди:
“Биз шанба кунги воқеа қандай шарт-шароитларда рўй бергани ҳақида маълумот тўплаяпмиз ва ҳозирча аниқ бир хулосага келганимиз йўқ. Бироқ энг муҳими, мавжуд таранг вазиятнинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик зарур”.

Сешанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Конг Куан Пхенян ва Вашингтонни тинчликни сақлашга чақирди:
“Биз ҳозирги кескин вазиятда Корея ярим ороли ва шимол-шарқий Осиë минтақаларида тинчлик ва осойишталик сақланиши учун томонларнинг душманчилик ҳатти-ҳаракатларига йўл қўймасликларига умид қиламиз”, - деди Конг Куан.

Аммо шанба кунги воқеадан кўп ўтмай, Америка расмийлари баллистик ракеталар борасида маълумот тўпловчи разведка учқичи миссиясини ҳарбий учқичлар ҳимоясида давом эттиришини маълум қилдилар.

Кузатувчиларга кўра, Пхенян Вашингтонни ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзолашга мажбур қилиш учун бу каби воқеаларни атайлаб уюштирмоқда. Вашингтон эса, алоқаларни нормаллаштиришдан аввал Пхенянни тахмин қилинаëтган ядровий дастуридан воз кечишга чақирмоқда.

АҚШ расмийларининг разведка маълумотларига асосланиб маълум қилишларича, Шимолий Корея Атом электр станциясидаги ядровий реакторни қайта ишга туширган. Бундан кўзланган асосий мақсад, Вашингтон расмийларига кўра, ядровий қуроллар ясаш учун зарур бўлган плутоний ишлаб чиқаришдан иборат.

Яқинда Шимолий Корея халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини Қўшма Штатлар билан бўлган келишмовчиликка қаратишга уриниб, баллистик ракетасини ҳам синовдан ўтказди.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Пол Волфовиц Оқ уй Пхеняннинг бундай ҳатти-ҳаракатларига нисбатан муроса қилмаслигига ишора этди:
"Шимолий Корея расмийлари вазиятни кескинлаштириш орқали нималаргадир эриша олишларига ишонишмоқда. Улар ҳадеб чуқур қазийвермасдан, чуқурликдан қандай чиқишни ҳам ўйлашлари керак”, - деди Пол Волфовиц жумладан.

Пхенян ҳукумати ҳавотирларига кўра, Жанубий Корея ва АҚШ кучлари ўртасида ўтказилаëтган ҳарбий машқлар ва минтақа ҳаво ҳудудларида разведка учқичларининг тез-тез учаëтгани, Американинг Ироқдан кейин Шимолий Кореяга ҳужум қилиш учун тайëргарлик кўраëтганидан дарак бермоқда. Шимолий Корея раҳбариятига кўра, зиддиятга фақат Вашингтон билан бевосита музокаралар олиб бориш орқалигина барҳам бериш мумкин.

Қўшма Штатлар ҳозирча Шимолий Кореяга ҳужум қилиш нияти йўқлигини оғзаки шаклда билдириш билан чекланмоқда. Вашингтон Пхенян билан ўтказиладиган музокараларда бошқа давлатлар ҳам иштирок этиши кераклиги, чунки Шимолий Кореянинг тахмин қилинаëтган ядровий дастури минтақадаги барча мамлакатлар таҳдид эканини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG