Линклар

Россия Ироққа қарши ҳарбий куч қўллашга рухсат берувчи резолюция лойиҳасини вето қилиши мумкинлигини билдирди.


Акрам Файзулло

Шу кунларгача аксарият россияликлар Қўшма Штатлар билан муносабатлар совуқлашишига йўл қўймаслик учун Москва Ироққа қарши ҳарбий куч қўллашга рухсат берувчи резолюция лойиҳаси борасида холис позицияда қолади, деб ўйлаëтган эдилар.

Аммо Россия Ташқи ишлари Игор Иванов, Россия мазкур резолюция лойиҳасига нисбатан бетараф бўлиб қолмаслигига ишора этди.

Сешанба куни Лондонда ББС телевидениеси орқали ўтказилган мулоқотда Иванов, Россия овоз беришда қатнашиб, маълум бир позицияни танлашини таъкидлади.

“БМТ Хавфсизлик Кенгаши бир овоздан қабул қилган 1441 рақамли резолюцияда ҳарбий куч қўллаш тўғрисида бирор-бир модда йўқ. Агар мазкур резолюция Ироқ томонидан бузилаëтган бўлса, унда БМТ Хавфсизлик Кенгаши масалани қайта кўриб чиқиши керак”, - деди Игор Иванов.

Россия Ташқи ишлар вазири Москва Ироққа қарши ҳарбий куч қўллашга рухсат берувчи резолюция лойиҳасини вето қилиши эҳтимолдан холи эмаслигини билдирди, аммо бу ҳақда аниқ гапирмади:

“Овоз бериш вақти келганда ҳар бир давлат ўз қарорини беради”, - деди Игор Иванов жумладан.

Кузатувчилар ҳам, расмий Москванинг АҚШ, Британия ва Испания томонидан таклиф этилаëтган резолюция лойиҳасини қўллаб-қувватлаши ëки унга қарши овоз бериши аниқ эмаслигини қайд этишмоқда. Бироқ Иванов шарҳидан шу нарса аëнки, Москва Вашингтондан БМТ Хавфсизлик Кенгашини умуман четлаб ўтишни, ëки Ироқ БМТ резолюциясига амал қилмаëтгани тўғрисида инкор этиб бўлмайдиган далиллар кўрсатишни талаб қилмоқда.

Иванов фикрича, президент Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлаштириш борасидаги Вашингтон режаси Ироқ халқини азоб-уқубатларга дучор қилиши ва экстримистлар фойдасига хизмат қилиши мумкин:

“Демократик тамойилларни бутун бошли халққа куч қўллаш орқали қабул қилдириб бўлмайди. Бу нафақат БМТ хартиясига зид, балки жиддий оқибатларга ҳам олиб келади”, - деди Иванов жумладан.

Россия Ташқи ишлар вазири, шунингдек собиқ Совет Иттифоқи бошқа мамлакатларда ўзи истаган режимларни ўрнатиб, пировардида парчалангани ва бундай тажрибалар оддий халққа жуда қимматга тушишини тилга олиб ўтди.

Вашингтон урушдан кейин Бағдодда ташкил қилинадиган ўтиш даври ҳукумати Америка ҳарбийлари томонидан бошқарилишини таклиф қилмоқда. Аммо ушбу таклиф минтақадаги вазиятни янада кескинлаштириши ва бошқа араб давлатлари мустақиллигига ҳам таҳдид этиши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Москва, Ироққа қарши урушга рухсат берувчи резолюция лойиҳасини вето қилиши эҳтимолини очиқ қолдирар экан, АҚШ Конгресси қошидаги ҳарбий масалалар бўйича қўмита раиси Данкин Хантер (Duncan Hunter) Россияга ëрдам кўрсатиш борасидаги дастурни қайта кўриб чиқишга чақирди. Мазкур қўмита таҳдидни камайтириш дастури учун келаси йилда бир миллиард 75 миллион доллар ажратиш-ажратмаслик масаласини муҳокама қилмоқда. Ушбу дастурда, Россиядаги совет давридан қолган оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш кўзда тутилади.

Хантернинг қайд этишича, Москва ҳукумати дастур жамғармасидан тўғри фойдаланмаяпти. Лекин айрим кузатувчиларга кўра, мазкур ëрдам дастури қайта кўриб чиқилаëтганининг Ироқ масаласида Россия тутган позицияга алоқадор бўлиши мумкин.

Айни пайтда, Эрон урушни четлаб ўтиш учун БМТни Ироқда эркин сайловлар ўтказишни уюштиришга, шунингдек Ироқ мухолифатини президент Саддам Ҳусайн режими билан ярашишга чақирди. Аммо Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари Шайх Зайд бин Султон Нахаян, Саддам Ҳусайнни истеъфо беришга даъват қилди.
XS
SM
MD
LG