Линклар

БМТ инспекторларининг навбатдаги ҳисоботи


А. Аррал

Бирлашгаn Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Ироқ масаласи хусусида ўзининг навбатдаги юқори даражали очиқ брифингини ўтказишга қарор қилди. Унда қуроллар инспекторлари бошлиқлари Ироқда олиб борган текширув ишлари ҳақида ўзларининг навбатдаги ҳисоботини тақдим қилади.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзоси иштирокида 4 март, сешанба куни бўлиб ўтган ташкилий йиғилишда Франция ва Германия жума кунига белгиланган Кенгаш брифингига ўзларининг Ташқи ишлар вазирлари иштирок этишини маълум қилди. Британия, Испания ва Сурия Ташқи ишлар вазирларининг ҳам мазкур учрашувда қатнашишлари билдирилди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий аъзо ушбу давлатлар позициясида эса, ҳеч қандай ўзгариш юз бергани йўқ.

Маълум бўлишича, брифингда инспекторлар бошлиғи Ҳанс Бликс [Hans Blix] ўтган жума куни Кенгашга тақдим этган ëзма ҳисоботини батафсил шарҳлайди. Унда Бликс Ироқнинг қуролсизланиш масаласи ҳозирга қадар жуда чегараланган даражада бўлганлигини баëн этган.

Аммо, ҳисобот тақдим этилган айни пайтда Ироқ Бликснинг фармойишини қабул қилиб, ўзининг Ал-Самуд-2 русумли ракеталарини йўқ қила бошлади. Ахборот воситаларига кўра, Ироқ ўзининг 100 ракетасининг тақрибан бешдан бир қисмини аллақачон йўқ қилган.

Францияга кўра, ракеталарнинг йўқ қилиниши Ироқда текширув ишлари олиб борилаëтганидан дарак беради ва шу боис ҳам Ироқда текширув ишларини давом эттиришлари керак бўлади.

Франциянинг БМТдаги элчиси Жон-Марк де ла Саблернинг [Jean-Mark de la Sabliere] айтишича, Бликс ва БМТ ядровий қуроллар бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Ал Барадейларнинг жума кунги брифинги муаммоларни ҳал қилиш учун мураккаб бир вақтга тўғри келди: "Бу жуда муҳим бир фурсат, чунки биз ана шу ҳисоботни кутаëтган эдик. Стол устида нафақат резолюция, балки текширув ишларига оид тафсилотлар ҳам турибди. Бликс ва Ал Барадейлар бу борада бизга нима дейишларини эшитиш жуда муҳимдир".

Америка Қўшма Штатлари, Британия ва Испания ҳомийлигидаги резолюцияга кўра, Ироқ тинч йўл билан қуролсизланиш имкониятига амал қилмагани учун ëмон оқибатларга юзма-юз келиши шарт. Мазкур резолюциянинг кейинги ҳафта бошларида овозга қўйилиши кутилмоқда. Бошқа томондан Франция, Россия ва Германия инспекторлар июл ойига қадар Ироқда текширув ишларини олиб боришлари кераклигини таъкидламоқда.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонтнинг [John Negroponte] сўзи билан айтганда, мазкур лойиҳа ҳомийлари унинг қабул қилиниши учун зарур бўлган тўққиз овозни қозониш устида иш олиб бормоқдалар: "Бизнингча, биз жуда маъқул резолюцияни ўртага қўйдик. Бу Ироқнинг 1441 рақамли резолюцияга ва ундан олдинги резолюцияларга амал қалмагани натижасидир. Бизнинг фикримизча, Хавфсизлик кенгаши бу борада чора кўриши учун вақт етиб келди".

Кенгашнинг бу масалага қарши аъзолари Франция, Россия ва Хитой, шунингдек, унинг доимий аъзолари бўлмаган Германия ва Сурия ҳам куч ишлатишга қаршилик билдириб келмоқда. Болгария эса, АҚШ позициясини қўллаб-қувватлайди.Кенгашга доимий аъзо бўлмаган бошқа олти давлат эса, бир қарорга келганларича йўқ. Улардан кўпчилиги санкцияларнинг давом эттирилишига тарафдор. Лекин, АҚШ амалдорлари билан бўладиган кундалик мулоқот резолюция учун хизмат қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллнинг [Colin Powell] баëн этишича, у Кенгаш томонидан резолюция лойиҳаси мувофиқлаштирилишига жуда ҳам ишонади.
XS
SM
MD
LG