Линклар

logo-print

Ўзбекистонда матбуотга тазйиқлар кучаймоқда


Фарангис Саид

Ўзбекистонда, 1991 йилда мустақилликка эришилганидан буён, матбуот эркинлиги таъминланмай келмоқда. Сўнгги қарийб 12 йил давомида матбуот соҳасида турли жараёнлар кузатилди. 2002 йил май ойида цензурани амалга оширадиган Давлат сирларини сақлаш инспекцияси расман йўқ қилинганида, баъзилар “матбуот энди эркин бўлади”, деб умид қилган, бошқалар эса бунга танқидий ёндашган эдилар. Ўтган йил май ойидан буён матбуот соҳасидаги аҳволда ижобий ўзгаришлар бўлмагандек туюлганди. 2003 йил феврал ойидаги ҳодисаларни кузатсангиз, аҳвол нафақат яхшиланмагани, балки жуда кескинлашганига ишонч хосил қиласиз. Шу ўринда феврал ойида рўй берган ҳодисаларни бирма бир ёдингизга солсам.

  • Ўтган йил ёзда ҳибсга олинган 23 ёшлик журналист Ғайрат Михлибоев феврал ойида Хизб-ут-Таҳрир ҳаракатига аъзоликда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

    Журналист Эргаш Бобожонов ҳам феврал ойида ҳибсга олинди. “Бирлик” ҳаракати аъзоси Бобожонов Ўзбекистон расмийлари орасидаги порахўрлик ҳақида мақолалар ёзиб, уларни қўшни Қирғизистонда чоп этган. Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашевнинг маълум қилишича, милиция ходимлари 61 ёшлик Бобожонов хонадонига ҳибсга олиш ҳақдаги буйруқсиз келиб, журналистни иғвогарлик айби билан ҳибсхонага олиб кетганлар. Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг эътирофича, гувоҳлар милиция ходимлари Бобожоновни калтаклашаётганларини кўришган. Маҳкама давомида Бобожонов давлат сирларини ошкор этганлиги ҳақдаги айбловларни инкор этди. Ўтган ҳафта чоршанба кечқурун у озод этилди, бироқ маълумотларга қараганда, унга қарши қўзғатилган жиноий иш ҳамон ёпилмаган.

    Феврал ойида, шунингдек, “Адолат” газетаси бош муҳаррири Тўхтамурод Тошев ҳибсга олинди. Унинг нимада айбланаётгани номаълум. Бироқ, газета бош муҳаррири муовини Каримжон Рихсиевнинг билдиришича, бунга Тошевнинг бир тадбиркор билан биргаликда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларини қонунбузарликда айблаш ҳақдаги нияти туртки бўлган. “Адолат” газетаси чиқарилмай қўйилди.

    22 феврал куни Ўзбекистон мустақил журналистлари жамияти аъзоси Олег Сарапулов ҳибсга олинди. Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг қайд этишича, Сарапулов ҳибсхонада икки кун ушлаб турилган, унинг адвокатга мурожаат қилиш ҳуқуқи эса поймол этилган.

    Шу ҳафта душанба куни “Миллий таълим” газетаси ёпилди. Расмийларнинг тушунтиришларига кўра, бунга газета матнларидаги имло хатолари сабаб бўлган.


Шундай қилиб, 2003 йил феврал ойида Ўзбекистонда камида тўрт журналист ҳибсга олинди ва икки газета ёпилди.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг собиқ совет республикалари матбуотига оид вазиятни кузатиб борадиган ходимаси Кэролайн Жирод биз билан суҳбатда феврал ойида рўй берган ҳодисаларнинг энг ачинарлиси – Ғайрат Михлибоев иши эканини айтади:

“Кейинги пайтларда, хусусан феврал ойида биз эркин матбуотга тазйиқлар кучайганини пайқадик. Ғайрат Михлибоев билан рўй берган воқеа - энг ачинарли ҳолдир. Чунки у 7 йилга озодликдан маҳрум этилди”.

Шундай дер экан, Кэролайн Жирод ташкилот номидан Ғайрат Михлибоевнинг ҳибсхонада қийноқларга солинганига ишонишини айтади. Чунки:

“Ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар – одатий амалиёт экани бизга ҳам, БМТга ҳам яхши маълум”, - дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ходимаси.

Ғайрат Михлибоевнинг қийноқларга солинганини Хьюман Райтс Уотч ташкилоти ҳам қайд этди.

Радиомиз мухбири Брюс Пэнниер билан суҳбатда бўлган Аарон Роудз – бош қароргоҳи Венада жойлашган Халқаро Хельсинки инсон ҳуқуқлари федерациясининг ижроия директоридир. Ташкилот номидан гапириб, Роудз сўнгги пайтда Ўзбекистонда матбуотга тазйиқлар кучайганини қайд этади:

“Цензурани расман таъқиқлаган бўлса-да, ҳукумат матбуотни назорат қилишда давом этаётир. Ҳукуматга танқидий ёндашган ахборот воситалари ва журналистлар репрессия қурбони бўладилар. 2003 йилда кузатилаётган жараённи мустақил журналистларга нисбатан бошланган репрессиянинг янги тўлқини, деб таърифлаш мумкин”.

АҚШ Давлат департаменти ҳам Ўзбекистондаги матбуотга оид вазиятни танқид қилди. Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Баучер 3 март – душанба куни қилган чиқишида Вашингтон бундан ташвишланаётганини билдирди.

Хўш, Ўзбекистон расмийлари-чи? Улар қудратли давлат ҳукумати ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар фикрига қандай жавоб беришмоқда. Мен “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти ходимаси Кэролайн Жироддан ташкилот турли ишлар ва ҳодисалар юзасидан Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилган, Ўзбекистон ҳукумати бунга жавоб берганми, деб сўрайман.

“Мен ушбу ташкилотда икки йилдан бери ишлаётган бўлсам, бу муддат ичида Ўзбекистон расмийларидан ҳеч қандай жавоб олмаганмиз”, - деб жавоб берди Кэролайн Жирод.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистон матбуоти эркинлигининг чекланаётгани ҳақдаги баёнотларини хорижий ҳукуматлар, Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланаётган хорижий инвесторларга юборадими, уларнинг бунга муносабатлари қандай, деб сўрайман мен Кэролайн Жироддан.

“Биз тадбиркорларга баёнотларимизни йўлламаймиз. Биз уларни Марказий Осиёга қизиқиши бўлган хорижий журналистлар ҳамда маҳаллий матбуотга юборамиз”.

Биз билан суҳбат сўнггида Кэролайн Жирод шундай дейди:

“Биз Ўзбекистонда цензура жуда фаол, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни биз матбуот эркинлиги ғанимларидан бири, деб тавсифлаймиз”.
XS
SM
MD
LG