Линклар

ТУРК ҲАРБИЙЛАРИ УРУШ ТАРАФДОРИ

  • Ҳурмат Бобожон

Чоршанба куни турк ҳарбийлари АҚШ қўшинларининг мамлакат ҳудудига киритилиши борасидаги ҳукумат таклифини қўллаб- қувватладилар. Туркияда сиёсий қарорларнинг қабул қилинишида муҳим рол ўйнаб келган ҳарбийлар парламентнинг бу борадаги жавобига қарши эканликларини билдиришди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Туркия буюк миллат мажлиси ТББМ депутатлари 62 минг аскарлик АҚШ қўшинининг мамлакат жанубий-шарқига жойлаштирилишига рад жавоби берган эдилар.

Туркия бирлашган қўшинлари штаби бошлиғи Хилми Ўзкўк: "Турк армияси Ироқ масаласида ҳукуматни тўла қўллаб-қувватлайди. Агар шимолий фронт очилса, Ироқа қарши уруш узоққа чўзилмайди. Бу эса мамлакат манфаатларига мосдир", - деб таъкидлади.

Генерал Ўзкўкка кўра, урушда қатнашишдан кўра унда қатнашмаслик, Туркия учун катта зиён келтириши мумкин. "Олдимизда икки йўл турибди. Ё урушдан воз кечиб, жараёнлардан четда қолиш, ё бўлмаса Ироққа қарши уришаётганларга ёрдам бериб, ҳарбий амалиётларда иштирок этиш. Биз ҳар икки йўлни бошқа идоралар билан бирга ойлар давомида ўрганиб чиқдик ва шундай хулосага келдикки, Туркия урушда қатнашса ҳам, қатнашмаса ҳам бари бир зарар кўради. Бироқ, уруш амалиётларидан четда қолса, ташқи компенсациялардан ҳам маҳрум бўлади", - деди Турк бирлашган қўшинлари штаби бошлиғи Генерал Ўзкўк.

АҚШ қўшинларининг Туркия тупроқларига киритилиши ва шимолий жабҳа очиш масаласи парламентда қайта овозга қўйиладими, йўқми, буниси ҳозирча ноаниқ. Бироқ, Ўзкўкнинг бундай чиқишидан масала яқин кунлар ичида парламентда қайта кўриб чиқиладиганга ўхшамоқда. Сиёсатчилар эса, турк ҳарбийлари билан ҳазиллашиб бўлмаслигини яхши англашади.

Тарихдан маълумки, бирон нарса юзасидан турк парламентида бўлиниш юзага келдими, уни ҳал этиш ҳар доим ҳарбийларга қўйиб берилган. Шу боисдан, агар парламент бунга яна бир бор қарши чиқса, қарор бериш ваколати ҳарбийлар қўлига ўтиб кетиши ҳеч гап эмас, дейишмоқда кузатувчилар.

Анқарадаги Яқин Шарқ тадқиқотлари институти раҳбари муовини, профессор Ганжай Шайлонга кўра, турк жамоатчилиги урушга қанчалик қарши бўлмасин, Анкара ҳукуматининг Ироққа қарши уруш ҳаракатларига қўшилмай иложи йўқ. "Туркияда бошқа Европа ўлкаларидан фарқли ўлароқ, жамоатчилик фикри сиёсатда унчалик муҳим рол ўйнамайди. Албатта, жамоатчилик АҚШ қўшинларининг мамлакатга киритилишига ва Ироқ урушига қарши. Бироқ, Туркия Ироқ қўшниси эканини, у ердаги ўзгаришлардан мамлакат бефарқ туролмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак. Шундай экан, агар Ироққа қарши уруш бўладиган тақдирда Туркия четда қараб туради, деб бўлмайди", - қайд этади Шайлон.

Таҳлилчиларга кўра, кўп нарса келаси ҳафтада аён бўлади. Ўз исмини айтишни истамаган турк расмийсининг "Ню Йорк Таймс" газетаси мухбирига айтишича, АҚШ қўшинларининг мамлакатга киритилиши масаласи якшанба кунга қадар кўтарилмаслиги аниқ. Чунки, якшанба куни парламентда бўладиган сайловларда Туркиянинг хукмрон партияси етакчиси Режап Тайип Эрдўғон Бош вазир этиб сайланиши кутилмоқда. Эрдўғоннинг хокимиятга келиши вазиятни қай томонга ўзгартиради, буни ҳам олдиндан башорат қилиш қийин.

Бироқ, профессор Ганжай Шайлон, Туркия хукмрон партияси раҳбарининг АҚШ сиёсатини қўллаб-қувватлашига шубҳа билдирмайди. Агар Эрдоғон Бош вазир бўлса, дейди таҳлилчи, АҚШ қўшинларининг мамлакатга киритилиши борасидаги ҳукумат таклифи парламентда осонликча қабул қилиниши мумкин. "Тайип Эрдўғон Американинг Ироқ сиёсатига хайриҳоҳ экани ҳеч кимга сир эмас. Шу боисдан унинг якшанба кунги сайловларда Бош вазир этиб сайланиши АҚШ қўшинларининг Туркияга киритилиши борасидаги ҳукумат қарорининг парламент тарафидан қабул қилинишини осонлаштириши мумкин", - дейди туркиялик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG