Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:01

Яқин Шарқда вазият кескинлигича қолмоқда.


Акрам Файзулло

Исроил ва Фаластин ўртасидаги муносабат тобора кескинлашмоқда.

Чоршанба куни Исроилнинг Хайфа шаҳрида бир худкуш автобус ичида ўзини бомба билан портлатгани оқибатида, камида 15 одам ҳалок бўлди ва 40дан ортиқ киши яраланди.

Пайшанба куни Исроил ҳарбий кучлари Ғазо ҳудудларига ҳужум қилгани оқибатида эса, камида 11 нафар фаластинлик қурбон бўлди ва 100дан ортиқ киши яраланди.

Фаластин расмий вакили Саеб Эрекат Исроилни чоршанба кунги портлашдан ўч олиш учун, Ғазо ҳудудларига танк ҳужумлари уюштирганликда айблади.

Исроил ҳарбийлари мазкур ҳужум давомида Хамас гуруҳининг раҳбарларидан бири ҳибсга олингани ва жангариларга қарашли учта уй вайрон этилганини билдирдилар.

Хамас гуруҳи Исроил ҳарбий кучлари Фаластин ерларидан бутунлай чиқиб кетмагунига қадар, исроилликларга қарши ҳужумлар уюштиришни давом эттиришини билдириб келмоқда.

Исроил ҳукумати матбуот вакили Ранан Гиссин Фаластин раҳбариятини жангариларга қарши жиддий чоралар кўрмаëтганликда айблади:
“Чоршанба кунги портлаш, Фаластин раҳбарияти жангарилар томонидан содир этилаëтган ҳужумларни тўхтатиш борасида бирор-бир чора-тадбир қўлламаëтганидан дарак бермоқда. Бунинг оқибатида, Фаластин халқи жабрланмоқда ва турли йўқотишларга учрамоқда”, - деди Ранан Гиссин.

Хамас расмий вакили Абдул Азиз ал-Рантиси бундай ҳужумларга Исроил ҳукуматининг фаластинликларга нисбатан олиб бораëтган зўравонлик сиëсати сабаб бўлаëтганини таъкидлади:
“Қаршилик кўрсатаëтган фаластинликлар агар ўзларига тинчлик берилмаса, исроилликларга ҳам тинчлик берилмаслигини намойиш қилишмоқда. Фақат Исроил кучлари Фаластин ҳудудларини тарк этган тақдирдагина, муаммо ҳал бўлади”, - деди Абдул Азиз ал-Рантиси.

Айни пайтда Жаҳон Банки тарафидан тарқатилган сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, икки йил илгари Исроил кучлари билан тўқнашувлар бошланганидан буëн, қашшоқликда яшаëтган фаластинликлар сони уч баробарга ошган.

Ҳисоботда ëзилишича, Исроил томонидан ишғол этилган Ғарбий соҳил ва Ғазо ҳудудлардаги Фаластин аҳолисининг 60 фоизи камбағалликда кун кечирмоқда. Бу ерлардаги иқтисодий қийинчиликлар ва ишсизлик оқибатида бир миллиондан ошиқ фаластинлик халқаро ҳамжамият ëрдамига муҳтож бўлиб қолган.

БМТ қошидаги ëрдам кўрсатувчи бошқарма бошлиғи Петер Хэнсин (Peter Hansen) донор давлатлар ëрдам пулини ўз вақтида бермаëтганлари ҳақида шикоят қилади:
“Донор давлатлар орасида қандайдир келишмовчилик пайдо бўлганга ўхшайди. Донорлар томонидан берилаëтган жамғармалар миқдори борган сайин камайиб бормоқда. Биз жорий йил учун деярли 100 миллион доллар сўрадик. Лекин ҳозирча фақат Швецария бир ярим миллион доллар ваъда қилди, холос”, - деди Петер Хэнсин.

БМТнинг Яқин Шарқ масалалари бўйича махсус вакили Терэ Ройд Ларсин (Terje Roed-Larsen) Фаластин ҳудудларида Исроил ҳарбий кучлари томонидан жорий этиб келинаëтган турли чекловларни иқтисодий муаммоларга сабаб қилиб кўрсатади:
“Бу табиий офат эмас, инсон ўзи яратган бўҳрондир”, - дейди Терэ Ларсин.

БМТ расмий вакили Исроил-Фаластин можароси оқибатида ҳар томон ҳам катта йўқотишларга учраëтгани туфайли, томонларни муроса қилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG