Линклар

The Observer : Ироқ масаласида АҚШ “нопок” ўйин олиб бормоқда


Фарангис Саид

Британиянинг The Observer газетасида берилган маълумот катта шов-шувга туртки бериши мумкинлигига қарамай, нима сабабдандир, бошқа газета ва журналлар томонидан тарқатилмаган кўринади. Газета Британияда чиқиши, Британия эса АҚШ билан биргаликда Ироққа қарши урушни бошлашга интилаётганини назарда тутсак, бунинг сабабларини тушунгандек бўламиз. Келинг, азиз тингловчилар, ҳаммасини бирма бир гапириб берай сизга. Газетанинг 2 март кунги сонида “АҚШнинг Ироқ урушида кўпроқ овоз олишга қаратилган “нопок” ўйинлари ошкор этилди” сарлавҳаси остида чиққан мақолада АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи биносида, Хавфсизлик кенгаши делегатларининг хоналарида ҳамда улар жойлашган уйларда, аниқроғи, телефонларида эшитиш ва овозни ёзиб олиш учун махсус маҳфий ускуналар ўрнатилгани ёзилади. Газетага кўра, бу ҳақдаги буйруқ АҚШнинг бутун дунё бўйлаб техника воситалари орқали маҳфий маълумот топиш билан шуғулланадиган Миллий хавфсизлик агентлиги раҳбари томонидан ташкилот ходимлари ҳамда баъзи бошқа давлатлар разведка хизматларига юборилган. Газета ушбу буйруқ матнини ҳам келтирган. “Ироқ атрофидаги мубоҳасалар” сарлавҳаси остидаги буйруқ Миллий хавфсизлик агентлиги Кадрлар бўлими бошлиғи Франк Коза томонидан 2003 йил 31 январда чиқарилган бўлиб, унинг ўта маҳфийлиги ва ўта муҳимлиги қайд этилади. Шу ўринда буйруқ матнидан бир парча келтириб ўтсак:

“Сизга яхши маълум бўлганидек, Агентлик хозирги вақтда БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари (улар жумласига АҚШ ва Британия кирмайди, албатта) Ироқ масаласи атрофидаги мубоҳасаларда қандай фикр билдиришларига оид текширув ишларини фаоллаштирмоқда. Делегатларнинг Ироқ масаласидаги резолюция лойиҳаси бўйича қандай овоз беришлари, уларни қандай масалалар ташвишлантираётгани, уларнинг қарорига қандай муаммолар таъсир қилиши мумкинлиги, улар кимни ўз шериклари ва ҳамкорлари, деб билишлари – бу ҳақдаги барча маълумот АҚШ сиёсатчиларига мақсадларига эришишлари, яъни АҚШнинг Ироқ масаласидаги позициясини мустаҳкамлаб, унинг тарафдорлари сонини кўпайтиришга ва айни вақтда кутилмаган ҳодисаларнинг рўй бермаслигини таъминлашга имкон беради. Бизнинг ҳаракатларимиз, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатлар - Ангола, Камерун, Чили, Болгария, Гвинея ва айниқса Покистон вакилларига қаратилиши лозим”.

Бу АҚШ разведка хизматининг Британиянинг The Observer газетаси мухбирларига бориб етган буйруғидан парча эди. Эшитганингиздек, унда Хавфсизлик кенгашига аъзо баъзи давлатлар алоҳида тилга олинади. АҚШ разведкачилари диққатни нима сабабдан айнан Ангола, Камерун, Чили, Болгария Гвинея ҳамда Покистон вакилларига қаратишлари керак? Гап шундаки, Кенгашнинг доимий бўлмаган бу аъзолари Ироқ масаласида ҳозирча қатъий бир фикрга келмаганлар. Бир тарафдан “Ироқ билан уруш бошлаш керак”, деган АҚШ ва Британия, бошқа тарафдан урушга қарши Франция, Россия ва Хитой айнан шу - учинчи лагер давлатларини ўз тарафларига оғдиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Буйруқда айтилишича, “эшитиш ва овозларни ёзиб олиш ускуналари нафақат БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларнинг Кенгашдаги расмий вакиллари, балки мамлакатлардан келган барча делегатлар ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлмаган давлатлар вакилларининг уй ва ишхонадаги телефонларига ўрнатилиши лозим ва разведкачилар Ироқ масаласига оид барча сўзлашувлар ва суҳбатларни ёзиб олишлари керак”.

The Observer газетасининг ёзишича, БМТ инспекторлари раҳбарлари Ханс Бликс ва Муҳаммад Эл Барадейнинг Хавфсизлик кенгашида 7 март куни чиқиш қилишларидан олдин АҚШ президенти Жорж Буш маъмуриятида эшитиш ва овозни ёзиб олиш ускуналари орқали қўлга киритилган маълумотлардан фойдаланиш керак ёки керак эмаслиги хусусида мубоҳасалар бўлган. Баъзи сиёсатчилар “АҚШ таклиф этаётган резолюция лойиҳасининг қабул қилинишини таъминлаш учун бу маълумотдан фойдаланиш керак”, деган бўлсалар, бошқалар “АҚШ бундай “нопок” йўллар орқали мақсадига эришмоқчи бўлгани матбуотга маълум бўлса, бу катта шов-шувга олиб келади”, деб огоҳлантирганлар. Британиянинг The Observer газетаси разведкачиларга бундай буйруқни АҚШ президентининг Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райс берган, деб таъкидлайди ва барча қонунларга зид ишлигини қайд этади. “БМТ қароргоҳи биносида овозни ёзиб олиш ускуналари ўрнатилган, деган маълумот хорижий дипломатларни ҳайрон қолдирмади. Улар учун бу янгилик бўлмади, лекин хатто тажрибали дипломатлар ҳам АҚШ разведка хизмати фаолиятининг кўлами қанчалик кенгайганидан ҳайратга келдилар”, - деб ёзади The Observer.

Бироқ, шу вақтгача АҚШ маъмуриятининг ҳақиқатан ҳам қонунга хилоф, “нопок” йўл билан қўлга киритилган маълумотдан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик хусусидаги сўнгги қарори қандай бўлгани ва БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Ироқ масаласини муҳокама қилаётган делегатлар овозлари ёзиб олинаётгани ёки ёзилмаётгани номаълум. Энг қизиғи – Британиянинг The Observer газетасидан бошқа ҳеч бир ахборот воситаси бундай маълумотни тарқатмади.
XS
SM
MD
LG