Линклар

Жорж Буш: “7 март куни резолюция бир овоздан қабул қилинади!”


Фарангис Саид

Озод Европа - Озодлик радиоси Вашингтондаги мухбири Эндрю Таллининг хабар беришича, АҚШ президенти Жорж Бушнинг 6 март кечқурун бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган асосий фикри – БМТнинг Ироқ масаласидаги роли ҳақида бўлди. “БМТга берилган вақт, ҳудди Ироққа берилган вақт каби, ниҳоясига етмоқда”, деб огоҳлантирар экан Буш, Хавфсизлик кенгаши аъзолари Саддам Хусайн халқаро ҳамжамиятга қаршилик кўрсатаётганини тан олишлари кераклигини таъкидлади. “Акс ҳолда АҚШ ўз шериклари билан Ироққа қарши уруш бошлашга тайёр”, - деди АҚШ раҳбари.

БМТ инспекторлари раҳбарлари Ханс Бликс ва Муҳаммад Эл-Барадейнинг Хавфсизлик кенгаши йиғинидаги жума кунги чиқиши Кенгаш аъзоларининг Ироқ масаласидаги позициясига катта таъсир кўрсатажагини англаган Жорж Буш мана бундай деди:

“Эртага Нью-Йоркда инспекторлар раҳбари БМТ Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беради. У жаҳоннинг бир саволига жавоб бериши керак: “Ироқ режими 1441 рақамли резолюцияга кўра тўла ва ҳеч қандай шартсиз қуролсизландими ёки бундай қилмадими?”.

Бушнинг ўзи бу саволга “йўқ”, деб жавоб берди. “БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан ноябр ойида бир овоздан қабул қилинган 1441 рақамли резолюцияга кўра эса, - деди АҚШ президенти, - Саддамга 1991 йилги урушдан сўнг қабул қилинган 16та резолюцияга риоя қилган ҳолда, қуролсизланиш учун сўнгги имконият берилган эди”.

Айни вақтда Буш инспекторларга кўпроқ вақт берилиши керак, деган таклифни рад этди. Бу таклиф тарафдорлари бўлмиш Франция, Германия, Россия ва Хитойни ҳам ўз тарафига оғдиришга уринаётган Буш сабр косаси тўлганини айтди:

“Биз Ироқ масаласида дипломатиянинг сўнгги босқичларидамиз. Мен бошқа давлатлар раҳбарлари билан телефон орқали жуда кўп гаплашаман. Мен улар бир нарсани тушунишларини истайман: Саддам Хусайн қуролсизланмади”.

Ҳозирга қадар Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга уч аъзоси – Франция, Россия ва Хитой Ироқ билан уруш бошлаш режасига қарши чиқяптилар. Уларга Германия ҳам қўшилган. Вето ҳуқуқига эга Британия – АҚШ тарафида. Уларни Испания ҳам қўллаб-қувватламоқда. Уччала давлат Хавфсизлик кенгашининг қолган аъзоларини янги резолюция қабул қилишга кўндиришга уринмоқдалар. “Кўндира олмасангиз-чи?”, деган саволга Жорж Буш, унинг бурчи – Америка халқини террорчилар ҳамда террорчиларни биологик ва кимёвий қурол билан таъминлай оладиганлардан ҳимоя қилишдан иборатлигини айтиб, “бурчимни бажариш учун менга ҳеч кимнинг руҳсати керак эмас”, деб жавоб қайтарди.

“Янги резолюциянинг сиз таклиф этаётган лойиҳаси қабул қилинишига ишонасизми”, деган саволга эса АҚШ раҳбари “1441 рақамли резолюциянинг қабул қилинишидан олдин ҳам кўплар унга қарши чиққан эдилар, лекин натижада лойиҳа бир овоздан қабул қилинди”, дер экан, 7 март куни ҳам резолюция бир овоздан қабул қилинишидан шубҳаланмаётганини билдирди.

“Ҳали кўрасиз, ҳамма гап гапирилиб бўлганида, Ироққа нисбатан куч ишлатиш масаласида барча давлатлар бизнинг тарафимизда бўладилар”.

Форс кўрфази минтақасида 230 минг АҚШ ва Британия аскари жойлаштирилганига қарамай, Бушнинг фикрича, уруш бўлиши ёки бўлмаслиги фақат Саддам Хусайнга боғлиқ. “Мен ҳамон Саддам кутилмаганида фикрини ўзгартириб, қуролсизлана бошлаши ёки мухожиратни танлаши мумкинлигига умид қиляпман”, - деди Жорж Буш.

АҚШ президенти ўтказган матбуот анжуманида нафақат Ироқ, балки бошқа муаммолар ҳақида ҳам саволлар берилди. Улардан бир нечтаси – Шимолий Кореяга тааллуқли бўлди. “Бу масалада АҚШ - кўп тарафлик ёндашуви тарафдори”, дер экан Жорж Буш, муаммони нафақат АҚШ ва Шимолий Корея, балки Жанубий Корея, Россия, Хитой ва Япония иштирокида ҳал этиш лозимлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG