Линклар

БМТ қурол-ислаҳа инспекторлари бошлиқларининг янги ҳисоботига айрим муносабатлар


А. Аррал

7 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қурол-ислаҳа инспекторлари раҳбари Ҳанс Бликс ва Халқаро Атом Энергия бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Эл-Барадейлар Хавфсизлик Кенгашининг Ню-Йорк идорасида Ироқда 3 ой давомида олиб борган фаолиятларига оид навбатдаги янги ҳисоботни тақдим этдилар. Кенгашга аъзо 15 давлат вакиллари ушбу ҳисобот билан танишиб чиққач, Ироққа қарши ҳарбий чора кўриш масаласида турли фикр-мулоҳазалар билдилар.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий аъзо беш давлат: Америка Қўшма Штатлари, Британия, Франция, Россия ва Хитой, шунингдек Кенгашга доимий аъзо бўлмаган давлатлар Ташқи ишлар вазирлари ҳамда уларнинг БМТдаги элчилари Ироқ масаласи юзасидан аниқ бир тўхтамга келолмадилар.

Бошқача айтганда, Бликс ва Эл-Барадейларнинг янги ҳисоботи Ироқ масаласида икки қутбга бўлинган Хавфсизлик Кенгаши аъзолари позициясига ўзгартириш киритмади.

Урушга асосий қаршилардан Франция Ташқи ишлар вазири Доминик де Виллепиннинг [Dominique de Villepin] таъкидлашича, унинг мамлакати Ироқда инспекторлар ўз фаолиятларини давом эттиришларини қўллаб-қувватлайди. Унга кўра, Ироқда БМТ инспекторлари томонидан олиб борилган текширув ишларига асосан ҳозир Ироққа қарши ҳарбий чора кўришга ҳам, янги резолюция қабул қилишга ҳам ҳеч қандай далил йўқ: "Инспекторлар фаол ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини айтиб турган бир пайтда, биз қандай қилиб, ҳеч қандай ўзгариш йўқ, урушга тайëргарлик кўриш керак деб айтаоламиз?"

АҚШ эса, Ироқни оммавий қирғин қуролларни кенгайтиришда, қуроллар инспекторлари билан тўғри ҳамкорлик қилмаганликда ва БМТ резолюциясини бузганликда айблади. Бу борада Хавфсизлик Кенгашида нутқ сўзлаган АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл: "Ироқ ҳали БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1441 рақамли резолюциясига амал қилишдан бош тортмоқда. Мазкур резолюцияда, Ироқ кечиктирмасдан, фаол ва шартсиз равишда инспекторлар билан ҳамкорлик қилиши кераклиги таъкидланади. Афсуски, менинг фикримча, айрим ўзгаришлардан ташқари Ироқ ҳали ҳам барча соҳаларда шартсиз равишда ҳамкорлик қилмаяпти".

АҚШ ва Испанияга таянган Британия Саддам Ҳусайнга 17 мартгача қуролсизланиш ëхуд урушга юзма-юз келиши учун ултиматум қўйилишини таклиф қилди. Франция эса, ҳеч қандай ултиматум ва куч ишлатиш қабул қилиниши мумкин эмаслигини баëн этди. Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу ҳисоботга муносабат билдираркан: "Биз ҳисоботда атиб ўтилган олға силжишларни қабул қиламиз. Булар фақат Ироқ масаласида ниҳоясига етмаган жуда катта ишнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади", деди.

Кенгашда сўзга чиққан Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов БМТ қурол-ислаҳа инспекторларининг Ироқдаги фаолиятларини камида июл ойига қадар узайтирилиши ғоясини олға сурди: " Ҳозир текширув ишларини тўхтатиб, эндигина Ироқнинг қуролсизланиши соҳасида юз бера бошлаган ижобий ўзгаришларга барҳам бериш маъқулми?", дейди Россия Ташқи ишлар вазири.

Хитой ҳам Россия ва Францияга ўхшаб янги резолюция қабул қилишга қаршилик билдирди. Хитойга кўра, инспекторлар фаолиятларини давом эттирсалар, Ироқ тинч йўл билан қуролсизланиши мумкин. Бунинг учун эса, инспекторларга яна тўрт ой қўшимча вақт бериш керак бўлишига ишора қилди Хитой.

Германия Ташқи ишлар вазири Йошко Фишер ҳам Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатишга тарафдор эмас. Унга кўра, ҳозирги вазият ва босқичда иккинчи резолюцияга эҳтиëж сезилмайди. 1441 рақамли резолюция асосидаги инспекциялар яхши натижалар бермоқда.
XS
SM
MD
LG