Линклар

logo-print

Ироқ атрофида дипломатик кураш давом этмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқ бўйича янги резолюция лойиҳаси Хавфсизлик Кенгашида сешанба куни овозга қўйилиши кутилмоқда. Мухокамаларга жуда оз вақт қолган бир пайтда, АҚШ ва Франция ўртасида дипломатик кураш авж олмоқда. Бир томондан Вашингтон Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоларини янги резолюцияни қўллаб-қувватлашга даъват этаётган бўлса, иккинчи томондан Франция унга қарши чиқиб, ўзига хайрихохларни Африка давлатлари орасидан ахтаришга уринмоқда. Ана шундай мақсад билан Франция ташқи ишлар вазири Доминик де Вилпен Африка давлатлари бўйлаб сафарини бошлади.

Дастлаб Франция дипломатияси раҳбари душанба куни Ангола пойтахти Луандага борди. Сафар дастуридан, шунингдек, Камерун ва Гвинея ташрифи ҳам ўрин олган.

Нега энди Франция Ироқ бўйича ўзига ҳамфикрларни Африкадаги ривожланаётган давлатлар орасидан ахтариб қолди? Кузатувчилар фикрича, Хавфсизлик Кенгашининг 15 муваққат аъзоси орасида резолюцияни қўллаб-қувватлаш масаласида иккиланиб турган давлатлар - айнан Ангола, Камерун ва Гвинея давлатларидир. Шу боисдан Париж Хавфсизлик Кенгашида яккаланиб қолмаслик учун бу давлатларни янги резолюцияга қарши чиқишга ундамоқда. АҚШ, Британия ва Испания тарафидан олға сурилган янги ҳужжат лойиҳасида Бағдод қуролсизланиш бўйича БМТнинг барча талабларини 17 мартга қадар бажариши шарт қилиб кўрсатилган.

Бироқ, кўринишидан Франция уринишлари Вашингтонни унчалик хавотирга солмаяпти. Америка расмийлари Ироқ бўйича янги резолюция лойиҳаси Хавфсизлик Кенгашида сешанба ёки чоршанба куниёқ қабул қилинишига ишонмоқдалар. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл фикрича, Хавфсизлик Кенгашининг камида 9-10 муваққат аъзоси янги резолюцияни қўллаб-қувватлаши мумкин.

"Қолган бир-икки кун ичида дипломатияни ишга солиб бўлса ҳам бунга эришишга ҳаракат қиламиз. Ўйлашимча, бу уринишларимиз бесамар бўлмайди. Хавфсизлик Кенгашининг 9-10 муваққат аъзоси резолюция учун овоз беришлари мумкин", - деди АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл.

Вашингтоннинг Ироқ масаласидаги яна бир мухолифи Россия расмийлари Франция қатори Ироқ бўйича янги резолюцияга хожат йўқ дея, Ироқда текширув ишлари давом эттирилиши кераклигини таъкидламоқда. Қисқа ташриф билан Бағдодга борган Россия Давлат Думаси раиси Геннадий Селезнев душанба куни Ироқ раҳбарига Путин мактубини топширар экан: "Олдинги резолюция тўлиқ бажарилгани йўқ. Шундай экан, биринчисини амалга оширмай туриб, уруш ҳаракатларига йўл очувчи иккинчи ҳужжатга ўтиш ноўрин", - деб таъкидлади.

Айни масала якшанба куни Россия президенти Владимир Путин ва Франция раҳбари Жак Шираклар ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти давомида ҳам кўтарилди. Мулоқот давомида томонлар Ироқда текширув ишлари давом эттирилишига умид билдирдилар. БМТнинг Атом энергияси бўйича идораси раҳбари Муҳаммад Ал-Барадейга кўра, Бағдод махфий ядровий дастурга эга ёки эга эмаслигини аниқлаш учун халқаро инспекторларга яна уч ой вақт зарур. Бироқ, Оқ маъмурияти Ироққа берилган мухлат аллақачон тугаб бўлганини айтмоқда. Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган биринчи резолюцияда агар Ироқ уч ой ичида БМТ талабларини қондирмаса, мамлакатга қарши куч ишлатилишини назарда тутувчи иккинчи резолюция қабул қилиниши мумкинлиги қайд этилган.

Ироқ масаласидаги бундай бўлинишни нафақат Хавфсизлик кенгаши аъзолари орасида, балки Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаш режасига тарафдор мамлакатлар ичкарисида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, Британия ҳукуматидаги халқаро ривожланиш вазири Клэр Шорт агар АҚШ ва Британия БМТ санкцияларисиз Ироққа қарши биргаликда ҳарбий ҳаракатларни бошласа, у зудлик билан истеъфо беришини баён қилди. Шорт журналистларга берган интервюсида халқаро ҳуқуқ нормаларининг бу қадар бузилишига ортиқ чидаб туролмаслигини таъкидлаган.

Айни пайтда Американинг етакчи газеталари, жумладан "Ню Йорк Таймс" эса журналистика қонун-қоидаларини четга суриб, урушга қарши позициясини билдирди. Газетанинг 9 март сонида "Урушга йўл йўқ" номи остида таҳририят мурожаати эълон қилинди.

Агар янги резолюция БМТ Хавфсизлик Кенгашида овозга қўйилса, Болгария, Британия, Испания ва Қўшма Штатлар уни қўллаб қувватлашлари кутилмоқда. Ҳужжатга қарши чиқувчи давлатлар эса Франция, Россия, Хитой, Германия ва Суриядир. Шундай экан, резолюция тақдири Ангола, Мексика, Покистон, Камерун, Гвинея ва Чили каби Хавфсизлик Кенгашининг иккиланиб турган муваққат аъзолари қайси томон позициясига ўтишларига боғлиқ кўринади.
XS
SM
MD
LG