Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:35

Эроннинг ядровий дастури борасидаги хавотирлар кучаймоқда.


Акрам Файзулло

Эрон ўзининг ядровий дастури борасида халқаро ҳамжамиятдан ҳеч нарсани яширмаëтганини намойиш қилиш мақсадида, сешанба куни журналистларга биринчи марта Бушеҳрдаги ядровий реакторини кўрсатди.

Расмий Теҳрон Россия ëрдами билан қурилган мазкур ядровий реакторни журналистларга кўрсатиш билан Вашингтон айбловларини қайтаришга жиддий киришганга ўхшайди. Қўшма Штатлар Эронни маҳфий равишда ядровий қуроллар яратишга уринаëтганликда айбламоқда.

Эрон ҳукумати ушбу айбловларни рад этиб, Бушеҳрдаги ядровий реактордан фақат электр қуввати ишлаб чиқаришда фойдаланилишини билдирмоқда.

Москва Вашингтон хавотирларини камайтириш учун Бушеҳрдаги ядровий реакторда қўлланган барча ëқилғини Россияга қайтариши ҳақида ваъда берди. Мазкур ëқилғидан қуроллар ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Расмийларга кўра, Россия бойитилган ураннинг биринчи қисмини май ойида Эронга жўнатади.

Сешанба куни Теҳронга борган Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов Эроннинг ядровий дастурини ҳимоя қилди.

“Эроннинг ядровий қуроллар ишлаб чиқариш нияти йўқ, бу бор ҳақиқатдир”, - деди Иванов.

Аммо Россия Атом энергияси вазири Александр Румянцев, Россия Эронга атом энергияси ишлаб чиқаришга ëрдам бераëтган бўлсада, Москва Вашингтон даъво қилаëтгандек, Эрон маҳфий равишда ядровий қуроллар яратишга уринаëтган-уринмаëтгани хусусида аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Румянцевга кўра, Эрон ҳозирда амалга оширилаëтган барча лойиҳалар борасида Россияни хабардор қилмаган.

Айни пайтда, Россия ва Эрон минтақада осойишталик сақланишидан манфаатдордир. Шунинг учун ҳар икки томон агар АҚШ етакчилигида Ироққа қарши уруш бошланса, минтақада вазият кескинлашиши ва ҳарбий ҳаракатлар ëмон оқибатларга сабаб бўлиши ҳақида ташвишланмоқда.

Маълумки, АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ ва Шимолий Корея қаторида Эронни ҳам оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаришга уринаëтган “жаҳолат ўқи” сифатида айблади.

Москвадаги халқаро алоқалар давлат институти профессори Алексей Малашенко расмий Теҳрон Ироқда ҳарбий амалиëтлар тамом бўлгандан кейин Вашингтон Эронни нишонга олиши эҳтимолидан жиддий хавотирланаëтганини қайд этади:

“Эрон раҳбарияти Ироқдан сўнгра АҚШнинг ҳарбий зарбасига учраши мумкинлиги ҳақида хавотир олмоқда. Масалага ушбу нуқтаи назардан ëндошилганда, Ивановнинг ташрифи Москва ва Теҳрон ўртасидаги махсус алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилганини кўриш мумкин. Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад, Москва Эрон билан яқин алоқаларини сақлаб қолишини ва барча соҳаларда, шу жумладан, ҳарбий ва атом энергияси лойиҳалари бўйича ҳамкорлик қилишни давом эттиришини кўрсатишдан иборатдир”, - деди профессор Алексей Малашенко.

Эрон ядровий қуроллар тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган шартномага қўшилган. Шунга қарамай, Теҳрон ҳукумати БМТ инспекторларига кўрсатилган ва кўрсатилмаган жойларга боришларига рухсат берувчи янги келишувни имзолашдан бош тортмоқда. Фардо радиоси мухбири Алиризо Тоҳири-Дезфулига кўра, Теҳрон ушбу келишувни имзолашни хоҳламаëтгани туфайли, халқаро ҳамжамият Эроннинг ядровий дастури борасида хавотирланмоқда:

“Эроннинг Арақ ва Натанз ҳудудларидаги иншоотлар инспекторлар томонидан тўлиқ текширилмаган. Яқинда БМТ қошидаги халқаро атом энергияси бошқармаси бошлиғи Муҳаммад эл-Барадей Теҳрон ҳукуматидан инспекторларга мазкур иншоотларни текшириш учун руҳсат беришни сўраганида, рад жавобини олди. Натижада Эроннинг ядровий дастури борасида хавотирлар кучайишига сабаб бўлди”, - дейди Алиризо Тоҳири-Дезфули.

Муҳаммад эл-Барадей Теҳрон ҳукуматини қўшимча текширув ишлари ўтказиш тўғрисидаги келишувни имзолашга чақирди.
XS
SM
MD
LG