Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:45

УЙҒОНАЁТГАН МОНСТР (Россия президенти КГБ ни қайта тикламоқчими?)


Россия Федерацияси президенти Владимир Путин мамлакат ҳукумати таркибига 11 март куни киритган ўзгартишларни аксари кузатувчилар "мисли кўрилмаган ўзгартишлар", 12 йил муқаддам парчалаб ташланган Давлат хавфсизлик хизмати - КГБ совет андозалари асосида қайта тикланмоқда", деб баҳоламоқдалар.

Президент Путиннинг фармонига кўра Алоқа ва ахборот бўйича федерал агентлик, (русча қисқартмаси - ФАПСИ) ҳамда Солиқ полицияси федерал хизмати (ФСНП) тугатилди.

Бундан буён солиққа боғлиқ жиноятлар билан Ички ишлар вазирлиги шуғулланади.

Федерал чегара хизмати собиқ КГБ нинг асосий меросхўри - ФСБ иҳтиёрига ўтказилди.

Гиёҳванд моддалар ғайри қонуний оборотига қарши 11 мартга қадар Ички ишлар вазирлиги шуғулланган эди. Бундан буён бу юмушни янги ташкил этилган махсус Қўмита бажара бошлайди. Мазкур қадамни шарҳлар экан президент Путин шундай деди: "Шахсга қарши жиноятларга қарши кураш билан бир қаторда наркотиклар ва психотроп моддаларнинг ғайри қонуний оборотига қарши ҳамда терроризмга қарши кураш - давлатнинг ўта муҳим вазифасидир".

Россиянинг куч ишлатиш салоҳиятига эга идораларида 11 март куни юз берган асосий ўзгаришлар мазмуни шу.

Владимир Путин роппа-роса икки йил муқаддам, март ойида ҳам куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар раҳбарларини ўзгартирган ва бу идораларни ўзининг синалган ўртоқларига топширганди. Сергей Иванов Мудофаа вазирлигини, Борис Гризлов Ички ишлар вазирлигини бошқара бошлаганди. Бу идораларни президентнинг шахсан ўзи назорат қиладиган бўлиб, иқтисодият эса Бош вазир Касяновга қолганди.

Хўш, 11 март куни Россия ҳукуматида амалга оширилган ўзгартишларнинг "мисли кўрилмаганлиги" нимада?

Борис Ельцин томонидан бундан 12 йил муқаддам алоҳида идораларга бўлиб ташланган собиқ Давлат хавфсизлик қўмитаси - КГБ мазмун-моҳиятига кўра қайта тикланди. Ташқи разведка хизматидан ташқари кечаги КГБ нинг барча идоралари яна қайтадан ФСБ иҳтиёрига ўтказиб бўлинди. Шу фикрни айтар эканлар, аксари кузатувчилар, айниқса, Федерал Чегара хизматини (ФПС) бутун қўшини билан ФСБ таркибига киритилганини алоҳида таъкидлайдилар ва натижада ФСБ яна ўта қудратли идорага айланиб қолди, дейдилар. Демак, ФСБ бошлиғи Николай Патрушевнинг сиёсий вазни ҳам ўз-ўзидан ортиб кетди.

Россиянинг энг катта милиционери Борис Гризловнинг ҳам 11 мартдан бошлаб қудратига қудрат қўшилди. Чунки, бояроқ айтганимиздай, ИИБ иҳтиёрига солиқ полицияси ваколатлари ўтказиб берилди.

Мудофаа вазири Сергей Ивановнинг ваколатлари доираси ҳам кенгайди. Бундан буён Иванов ҳарбий саноат учун ажратиладиган маблағларни тасарруф қилади.

Шундай қилиб, Владимир Путин мамлакатнинг куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган уч идораси -Хавфсизлик хизмати, Мудофаа ҳамда Ички ишлар вазирликлари қудратини оширди.

Навбатдаги савол - нима учун қилинмоқда бу ишлар?

Россиялик баъзи кузатувчилар қудратли КГБ даврини қўмсаш туфайли ўша қудратни қайта тиклашга ҳаракатдир бу, демоқдалар. Масалан, Россия Давлат Думаси депутати, Россия Либерал партияси лидерларидан бири Сергей Юшенков ана шундай фикрдагилардан бири.

"Бу аслида КГБ ни қайта тиклаш демакдир. Энг аввало сиёсат ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар устидан назоратни кучайтириш, демакдир. Ахборот ва куч ишлатиш воситаларини бир орган қўлида тўплаш амалда демократик эркинликларга барҳам беришдир",

дейди Давлат Думаси депутати Сергей Юшенков.

Қолаверса, депутатга кўра, президент Путиннинг куч ишлатиш салоҳиятига эга идораларни ислоҳ қилиш тўғрисидаги фармони ғайри қонунийдир.

"Унинг, (яъни Путиннинг- C.У.), фармони жуда кўп қонунларга, чегара хизмати тўғрисидаги, Федерал хавфсизлик хизмати тўғрисидаги, Ҳукумат тўғрисидаги қонунларга зиддир. Бу Россия президентининг мамлакат қонунларини мутлақо менсимаслиги аломатидир", дейди депутат Юшенков.

Яблоко либерал партияси лидери Григорий Явлинский эса, президент амалга оширишни бошлаган ислоҳотларни баҳолар экан, вазиятни Давлат Думаси ўз қарорлари билан ўнглаши мумкин, деган фикрни билдирди.

"Бу қарор туфайли куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар КГБ га ўхшаш чексиз ваколатли ташкилотларга айланиб қоладиларми ёки йўқми, бу мазкур идораларнинг вазифалари нималардан иборат бўлишини Давлат Думаси қандай белгилаб беришига боғлиқдир", деди Григорий Явлинский.
XS
SM
MD
LG