Линклар

Ироқ бўҳрони ҳақидаги сўнгги маълумотлар.

  • Ҳасанжон

Ироқ бўҳрони хусусида халқаро миқёсда дипломатик музокаралар давом этар экан, АҚШ ва Британия Ироқни босиб олиш учун минтақага 300минг қўшин тўплади. Ҳарбийлар режасига кўра, Ироқ ҳудудларида уруш қисқа муддат давом этади. Дастлаб, тўрт мингта бошқариладиган ракета белгиланган нишонларга зарба берганидан сўнг, қўшинлар Ироқнинг муҳим объектларни дарҳол ўз назоратига олади. АҚШ ва Британия кучлари асосий тайёргарлик ишларни якунлаб, фақат буйруқ кутаётганларини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда, Британия Бош вазири Тони Блэр Ироққа қарши урушнинг олдини олиш учун Саддам Ҳусайнга олтита шарт қўйиш ташаббуси билан чиқди. Бу шартлар қуйидагича:
1. Саддам Ҳусайн Ироқ телевидениеси ороқали махсус баёнот эълон қилиб, унда оммавий қирғин қуролларига эга бўлгани ва уларни яширганини тан олиши ҳамда бундан буён оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқармаслик ёки уни қўлга киритишга ҳаракат қилмасликни билдириш;
2. Ироқнинг оммавий қирғин қуроллар дастури устида ишлаган 30 олимнинг оила аъзолари билан хорижга чиқиб, ўша ерда савол-жавоб қилинишига рухсат бериш;
3. Куйдирги касалини кўзғатувчи бактерияларни топшириш ёки улар йўқ қилинганини исботловчи барча далилларни ошкор қилиш;
4. “Ас Самуд” русумидаги барча ракеталар йўқ қилиниши жараёнини охирига етказиш;
5. Биологик ёки кимёвий қуролларни ишга солиш учун зарур бўлган, ердан туриб бошқариладиган, одамсиз учадиган самолётлар ва бошқа пуркагич қурилмалари билан боғлиқ барча дастурни ошкор этиш;
ва ниҳоят олтинчи шарт: кимёвий ва биологик қуроллар билан боғлиқ кўчма қурилмаларни топшириш.

БМТ инспекторлари Ироқда кимёвий ёки биологик қуроллар ўрнатилган кўчма қурилмалар борлиги ҳақидаги даъволарни исботлашга уриндилар. Бироқ инспекторлар ҳозиргача Ироқда фақат озиқ-овқат сифатини текширувчи кўчма лаборатория ва уруғни қайта ишловчи кўчма қурилма борлигини аниқладилар, холос.

12 март куни Лондонда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу Ироқ хусусида гапириб:
“Агар Саддам Ҳусайн БМТ билан ҳамкорлик қилишни ўзининг стратегик мақсади қилиб белгилаган бўлса, олтита талабнинг барчасини тўлиқ бажаради. Биз Саддамдан маълум муддатда бутунлай қуролсизланишни талаб қилаётганимиз йўқ. Биз ҳеч қачон бундай қилган эмасмиз. Ушбу талаблар орқали биз фақат Саддамнинг ҳамкорлик қилиш ёки қилмаслигини билмоқчимиз”, - деди.

13 март куни Франция, Ироқни қуролсизлантириш борасида Британия киритган янги таклиф энг муҳим масала, яъни бўҳронни тинч йўл орқали ҳал этишни кўзда тутмаганини айтди. Париж расмийлари ултиматум услубини рад этишини маълум қилдилар. Франция Ташқи ишлар вазири Доминик де Виллепин 13 март куни эълон қилинган баёнотда: “Асосий масала, ҳарбий куч ишлатилишидан олдин Ироққа бир неча кун муҳлат бериш эмас. Асосий масала, урушга муқобил сифатида ишлаб чиқилган, БМТ инспекциялари орқали бўҳронни тинч йўл орқали ҳал этишдадир”,-дейилади.

АҚШ ва Британия БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатилишига рухсат берувчи иккинчи резолюция қабул қилиниши борасида дипломатик музокараларни давом эттирмоқда. 13 март куни Британиянинг мухолифатдаги Консерватив партияси лидери Дункан Смит Бош вазир Тони Блэр билан учрашди. Учрашув тугаганидан кейин Смит журналистларга, Бош вазир БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироқ хусусидаги иккинчи резолюциянинг қабул қилинишига кўзи етмаслиги, шубоис Ироққа қарши уруш бошланишига кўпроқ ишонишини маълум қилди.

Чоршанба куни Европа Иттифоқи, агар Вашингтон расмийлари БМТ рухсатисиз Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатса, Иттифоқ давлатлари Ироқни қайта-қуриш ишларини молия билан таъминламаслиги ҳақида огоҳлантирди. Иттифоқнинг Ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Крис Паттен Европа парламентининг Страсбургдаги йиғилишида шу хусусида гапирди: “Ҳар қандай шароитда Ироқда Европа Иттифоқининг кенг кўламли ёрдам дастурларини бошлаш қийин бўлади. Агар БМТнинг тегишли руҳсати бўлмаса ва Европа Иттифоқи давлатлари Ироқ масаласида бўлинган ҳолда қолса, Иттифоқнинг Ироқдаги узоқ муддатли қайта қуриш жараёнида тўлиқ ҳамкорлик қилиши янада оғир бўлади”. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатилишига рухсат бериш - бермаслиги Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида маълум бўлади.
XS
SM
MD
LG