Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:08

Ироқлик туркманлар Саддам Ҳусайндан кейинги ҳукуматда ўз намоëндасига эга бўлишга умид қилишмоқда.


Акрам Файзулло

Қўшма Штатлар ва Британия Саддам Ҳусайн режимини қуролсизлантириш учун ҳарбий куч қўллаши ҳақида огоҳлантиришни давом эттирар экан, ироқлик туркманлар ҳам катта ўзгаришлар юз беришини кутишмоқда.

Ироқлик туркманлар сони тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Кимдир Ироқда 300 минг этник туркман яшайди деса, бошқа бири уларнинг сонини 3 миллион нафар қилиб кўрсатади.

Бағдод ҳукумати 1970-80 йиллар давомида туркманларни Ироқдаги азалий ерларидан бошқа жойларга кўчириб, уларни араблар сифатида руйхатдан ўтишга ундади.

Бугун ироқлик туркманлар, асосан, Мосул ва Каркўк шаҳарларида ва Дияла атрофидаги ҳудудларда истиқомат қиладилар. Бағдодда ҳам оз сонли этник туркманларни учратиш мумкин.

Ироқдаги бошқа мухолифат гуруҳлари сингари ироқлик туркманлар ҳам Саддам Ҳусайндан кейинги ҳукуматда рол ўйнашга тайëргарлик кўрмоқдалар. Тўртта туркман сиëсий партиясидан ташкил топган Ироқлик Туркманлар иттифоқи Ироқ мухолифати гуруҳлари орасида ўтказилаëтган музокараларда қатнашмоқда.

Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири мазкур иттифоқнинг Берлиндаги намоëндаси Камол Яижи билан боғланиб, этник туркманлар Ироқдаги уруш эҳтимолига нисбатан қандай муносабатда эканлари хусусида сўради.

Камол Яижи Саддам Ҳусайн режими ҳокимиятдан четлаштирилишидан Ироқдаги барча жамоалар қаторида этник туркманлар ҳам манфаатдор бўлишини гапиради:

“Америка мақсади, Бағдод режимини қуролсизлантириш ва Ироқда демократик ҳукумат ташкил қилишдан иборат. Ироқлик туркманлар демократик тамойиллар ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ҳукумат тарафдори бўлганлари учун Америка томонидан олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлайдилар”, - деди Камол Яижи.

Ироқлик курдлар Америка қўшинлари мамлакатда вақтинчалик туришига қарши эмас. Аммо курдлар Туркия аскарларини Ироқда кўришни хоҳламайдилар. Айни шу масалада ироқлик курдлар ва туркманлар позициялари бир-бирига зиддир.

Камол Яижи ироқлик туркманлар турк қўшинларининг келишини кутаëтганларини қайд этади:

“Биз ҳар доим турк қўшинларининг Ироққа келишини кутамиз. Қардош Туркия ироқлик туркманларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Биз камбағал бўлганимиз туфайли, ëрдамга муҳтожмиз”, - дейди Камол Яижи.

Ироқлик Туркманлар иттифоқининг Анқарадаги намоëндаси Мустафо Зиë ҳам этник туркманлар Туркия аскарларининг Ироқда туришига тарафдор эканини сўзлади. Зиë ироқлик туркманлар курдлар билан тўқнашишни истамаслигини тилга олган бўлсада, улар айрим курд гуруҳлари билан келишолмаëтганини таъкидлайди:

“Курдлар бизнинг биродарларимиздир. Курдлар ва туркманлар ўртасида ҳеч қачон уруш бўлмаган. Аммо айрим курд сиëсий партиялари, экстремист, миллатчи гуруҳлар туркманларнинг ерларига кўз олайтиришмоқда. Бундай гуруҳлар курдлар ва туркманлар ўртасида жанжал чиқаришга уринмоқда. Бизнинг курд жамоатчилиги билан муаммомиз йўқ. Лекин биз баъзи курд сиëсий партиялари қарашларини қабул қилолмаймиз”, - деди Мустафо Зиë.

Зиë, агар, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилса, демократик ҳукумат ташкил қилинишига умид билдирди:

“Саддамдан кейин демократик ҳукумат бўлишини истаймиз ва бу ҳукуматда ўз овозимиз, намоëндамизга эга бўламиз, деган умиддамиз”, - дейди Мустафо Зиë.

Ироқлик Туркманлар иттифоқининг Берлин ва Анқарадаги намоëндалари Камол Яижи ва Мустафо Зиë агар Ироқда уруш бошланса, туркманлар Америка қўшинларини қўллаб-қувватлашини билдирдилар. Туркманлар Ироқ аскарларига қарши жанг қиладиларми, деб сўралганида, Зиë Ироқ аскарларига эмас, балки Саддам аскарларига қарши жанг қилишларини қайд этди.
XS
SM
MD
LG