Линклар

МИТИНГНИНГ МИТИНГЛАР БИЛАН НИШОНЛАНГАН БИР ЙИЛЛИГИ

  • Сарвар Усмон

2002 йилнинг 17, 18 март кунлари Ахси туманида юз берган фожеа - ўз депутатининг ҳуқуқларини ҳимоялаб митингга йиғилган сайловчиларнинг ўққа тутилиши, беш фуқаронинг милиция ўқига учиб нобуд бўлиши - Қирғизистондаги сиёсий ижтимоий вазиятни портлатиб юбораёзди.

Бу республика ички сиёсий ҳаётида 18 мартдан сўнг рўй берган барча воқеа-ҳодисалар ўша фожеанинг маҳсули бўлди. Ўтган ойда бўлиб ўтган референдум ҳам Ахси фожеасининг қайтарилмаслиги учун ҳокимият ва мухолифат ўртасида олиб борилган сўзлашувлар натижасидир.

Куни кеча республика пойтахти Бишкек ҳамда Ахсида фожеанинг бир йиллиги муносабати билан жамоатчилик вакиллари митинглар ўтказдилар.


Аввал Бишкекда ўтказилган митинг, тўғрироғи, тадбир уюштирувчиларининг эътирофича, Хотира кечаси ҳақида. Озодлик радиосининг Бишкекдаги мухбирларига кўра, мазкур тадбирни парламент биноси олдидаги майдонда ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ, майдонга қурилиш техникаси келтириб қўйилгани (майдондаги чуқур- чаноқларни таъмирлаш учун) ҳамда бу ерда мактаб ўқувчилари йиғилгани (Наврўз байрами олдидан репетициялар ўтказиш учун) туфайли Хотира кечаси Бишкекнинг Максим Горький хиёбонига кўчирилди.

Горький хиёбонига йўл олиш олдидан Парламент биноси олдига йиғилганлар майдон ҳукумат томонидан атайлаб банд қилиб қўйилганини таъкидладилар. "Акаевнинг истеъфоси, ислоҳотлар халқ учун", деб номланувчи ижтимоий ҳаракат раиси муовини, таниқли кинорежиссер Бўлўт Шамшиев ўтказилаётган тадбирнинг сиёсатга алоқаси йўқ эканлигини, бир йил аввал Ахсида бўлиб ўтган митинг қурбонларини хотирлаб қўйиш ҳар бир қирғизистонликнинг инсоний бурчи эканлигини таъкидлади. Шунинг учун, мазкур кечага президентнинг ўзи ҳам келиши лозим эди, деди у.

Майдонда ҳозир бўлганлар, (улар орасида парламент депутатлари ҳам бор эди), марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилдилар.

Шундан сўнг ҳамма Максим Горький хиёбонига йўл олди. Парламент аъзолари Алевтина Проненко, Адахам Мадумаров, Демократик ҳаракат лидерлари Виктор Черноморец ва Жипар Жекшеевлар, Қирғизистон республикаси Омбудсмени Турсунбой Бакирлар бу ерда бошланган митингда чиқиш қилдилар. Кинорежиссер Бўлўт Шамшиев 17 мартни "Ҳукуматнинг зўравонлигига қарши демократик ҳаракат куни", деб эълон қилишни таклиф этди.

Депутат Алевтина Проненко эса, "Қотилликнинг такрорланмаслиги учун, инсон ҳуқуқлари учун курашаётган фуқаролар жабр тортмасликлари учун биз ҳар йили 17 мартда Жогорку Кенеш биноси олдидаги майдонда йиғилишимиз керак, ўз ҳуқуқларимиз учун курашмоғимиз лозим", деди.

Қирғизистон демократик партияси лидерларидан бири Виктор Черноморец ахсилик фуқаролар милиция ўқига учиб нобуд бўлган ерда бир масжид қуришни, бунинг учун жамғарма очишни таклиф қилди ва ўша жамғармага биринчи бадални ўзи қўшажагини билдирди.

Қирғизистон республикаси омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли митинг ниҳоясида марҳумлар ҳақига Қуръон ўқиди.

Митинг бошланиб тугагунга қадар Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси, Биринчи май тумани давлат маъмурияти, Хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура вакиллари майдон атрофида турдилар.

Майдонда Қуръон ўқилишига қарши эканлигини таъкидлаган Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси масъул ходими Кенешбек Дуйшебаев воқеага ўз муносабатини бундай билдирар экан, "Қуръонни масжидга бориб ўқиса ёки марҳумнинг уйига бориб ўқиса бўлмайдими?! Фожеадан сиёсий шоу ясашнинг ҳожати бормиди?! деди, Озодлик мухбирига берган интервюсида.

Ахси фожеасининг бир йиллигига бағишланган митинглардан яна бири фожеа юз берган жой - Ахси туманининг Боспиек деган жойида 17 март куни бўлиб ўтди. Ўтган бир йил ичида бу ерда марҳумлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилди.

Озодлик мухбирининг Ахсидан хабар беришича, ёдгорлик атрофига йиғилган, "Ахсиликлар ҳокимият учун эмас, ҳақиқат учун курашадилар", "Ахси фожеаси учун жавобгарлар - Асқар Ақаев, Қарипқулов, Ибраимов, Жонузоқов, Ақматалиевлар истеъфога чиқишсин", деб ёзилган ўндан ортиқ плакатларни кўтариб олган 500дан ортиқ одам бу ерга 6 чақирим жойдан яёв келган.

Митингни Асаба партияси лидери, парламент депутати Азимбек Бекназаров олиб борди.
Тадбирда сиёсий партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар, нодавлат ташкилотлари иштирок этдилар. Милиция ўқидан қурбон бўлганларнинг қариндош-уруғларига ҳам сўзлаш имконияти берилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Қуванчбек Маматкеримов, ҳокимият рўй берган фожеадан тўғри хулоса чиқармади, айбдорлар жазоланиш ўрнига турли мукофотлар билан тақдирланмоқда, деб таъкидлади.

Парламент аъзоси Омурбек Текебаев 17 мартни Инсон ҳуқуқлари ҳимояси куни, деб эълон қилишни таклиф қилди.

"Асқар Ақаевнинг истеъфоси, ислоҳотлар халқ учун" ижтимоий ҳаракатининг Жалолобод вилояти бўлими раҳбари Медер Усенов ҳаракат ўз мақсадига етмагунча фаолиятини тўхтатмаслигини билдирди.

Митингда БМТ, ЕҲХТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотларга мурожаатнома қабул қилинди. Унда Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари топталаётгани ҳамда сўз эркинлиги бўғилаётганига конкрет мисоллар келтирилган ва мамлакат ҳокимиятига таъсир ўтказиш сўралган.

Митинг уюштирувчиларининг маълумотларига кўра, тадбирга 10 минг 535 киши, мустақил кузатувчиларга кўра эса, 3 мингга яқин одам қатнашди.
XS
SM
MD
LG