Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:16

АҚШнинг Ироқ билан уруш режасини 30 давлат қўллаб-қувватламоқда, айни вақтда АҚШга қарши кайфиятлар кучаяётир


Фарангис Саид

АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, жаҳоннинг 30 давлати АҚШнинг Ироққа қарши уруш бошлаш режасини қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари яна 15 давлат АҚШни қўллаб-қувватлашини билдиргану Вашингтондан номларини ошкор этмасликни сўраган.

“Мақсади Ироқни қуролсизлантиришдан иборат бўлган коалицияга 30 мамлакат қўшилди. Биз бу давлатларга мурожаат қилиб, “рўйхатга киритилишни хоҳлайсизларми”, деб сўрадик. Улар бизга ижобий жавоб беришди”.
Шундай дер экан, АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Баучер 30 мамлакат номларини айтиб ўтди.

Уч давлат – Британия, Польша ва Австралиянинг урушга қўшажак ҳиссаси моддий бўлади.

Урушни азалдан қўллаб-қувватлаётган Испания Форс кўрфазига 900 аскар, нефт танкери, касалхона жойлаштирилган кема ва фрегатни юбормоқда, бироқ уларнинг жангларда қатнашишлари кутилмаяпти.

Венгрия Ироққа учажак самолётларга ўз ҳаво ҳудудини ва авиабазаларини очиб бераётир.

Япония уруш режасига қарши чиқмаяпти, лекин жангларда қатнашишдан бош тортди ва уруш тугаганидан сўнг мамлакатнинг қайта тикланишига ҳисса қўшиш ниятини билдирди.

Марказий Осиё республикаларининг АҚШнинг Ироққа қарши уруш бошлаш режасига муносабатларига келсак, бу муносабатлар бир-бирига зид бўлмаса-да, лекин ўзаро ҳамжиҳатлик бор, деб ҳам бўлмайди.

Масалан, расмий Тошкент АҚШ режасини қўллаб-қувватлади.

Қозоғистон раҳбарияти сешанба куни Ироқ масаласи бўйича баёнот тарқатди. Унда, жумладан, мана бундай дейилади:

“Ўз вақтида ядровий қуролдан воз кечган Қозоғистон Ироқни қуролсизлантириш режасини қўллаб-қувватлайди”.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотни ўқиб эшиттирар экан, вазирлик матбуот котибияти ходими Бўлатхон Ибрайхон, Саддам Ҳусайннинг Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқлигини исботлай олмагани сабабли ушбу бўҳрон вужудга келди, деб қайд этди ва халқаро ҳамжамият орасида мазкур масала юзасидан ҳамжиҳатлик йўқлиги жаҳон саҳнасидаги вазиятни кескинлаштириши мумкинлигини айтиб ўтди.

Ташқи сиёсатининг асосий принципи бетарафлик бўлган Туркманистон бошида АҚШ режасини қўллаб-қувватлаб, Ироқ муаммосини қурол ёрдамида ҳал этиш кераклигини таъкидлаган эди. Бироқ, президент Сапармурот Ниёзов Эронга сафар қилганидан сўнг унинг бу масаладаги позицияси кескин ўзгарди: Ниёзов Ироқ билан урушга қарши чиқа бошлади.

Қирғизистон ҳукумати Ироқ масаласига оид баёнот тарқатмади.

Тожикистон ҳукумати ҳам Ироққа қарши уруш режаси хусусида фикр билдирмади. Бироқ, экология соҳасида фаолият олиб борадиган 11 нодавлат ташкилоти Ироқ билан урушнинг МО минтақасидаги экологик мувозанатга салбий таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирланиб, ўтган ҳафтада Жорж Буш маъмуриятига, душанба куни эса Британия ҳукуматига расман мурожаат қилди.

АҚШ раҳбарияти томонидан уруш режасини қўллаб-қувватлаётган 30 давлат рўйхатидан ўрин олган Афғонистоннинг позицияси аслида унчалик кескин эмас. Афғонистон раҳбари Ироқни қуролсизлантириш керак, деб ҳисобласада, Ироқ билан урушга жалб этилган Вашингтон Афғонистонни унутиб қўяди, ваъда этилган молиявий ва ҳарбий ёрдам ҳажмини ҳам қисқартиради, деб ташвишланмоқда. Бу ташвишларни асоссиз, деб бўлмайди, чунки душанба куни Германия парламенти депутатлари Ироққа қарши уруш бошланса, Кобулдаги тинчлик ўрнатувчи қўшинлар фаолияти мушкуллашади, деб, Афғонистонда хизмат қилаётган германиялик аскарларни қайтариб олиш масаласини муҳокама қилдилар.

“Немис тўлқини” радиостанциясининг хабарига кўра, Исроил Ташқи ишлар вазири Марказий Осиё ҳукуматларига махсус мурожаат қилиб, минтақа мамлакатларида яшовчи яҳудийларга нисбатан нафратнинг кучайиши эҳтимолидан огоҳлантирди ва раҳбарлардан бунга йўл қўймасликни сўради. Мурожаатномада айтилишича, Ўзбекистонда 20 минг яҳудий бор. Улар террорчилар учун нишонга айланишлари мумкин.

Жаҳон давлатлари АҚШ режасига муносабат билдирар эканлар, айни вақтда АҚШ сенатори, демократлар фракцияси лидери Том Дашл Жорж Бушни танқид қилди ва “Президент дипломатияни қўллашда хатоларга йўл қўйгани учун биз урушни бошлашга мажбурмиз”, деб таъкидлади. Албатта, демократлар партияси вакили томонидан республикачи президентнинг танқид қилиниши АҚШ сиёсий амалиётида одатий ҳол, бироқ Пью тадқиқотлар маркази ўтказган сўровлар натижалари бугунги кунда америкаликларнинг бор-йўғи 53 фоизи Жорж Бушни қайта президент этиб сайлашни истаётганларини кўрсатган. Кузатувчилар фикрича, Буш урушни бошлаб, нефт нархларининг жаҳон бозорида пасайиши орқали АҚШ иқтисодини яхшилаб олмоқчи ва бу билан америкалик сайловчилар ишончини қозонмоқчи. У бунинг уддасидан чиқадими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади, бироқ ҳозирги кунга қадар Буш на аксарият америкаликлар, на жаҳон аҳолисининг кўпчилиги таянчини ва ишончини қозонишга сазовор бўлди.
XS
SM
MD
LG