Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:46

Японияда Учинчи жаҳон сув форуми иш бошлади.


Ҳурматли тингловчилар “Тоза табиат” рукнининг илгариги сонларида барча тирик жон, жумладан, инсон ҳаёти учун ҳам муҳим бўлган чучук сув муаммосига тўхталган ва бу борада турли олимлар фикрини билдирган эдик. Бугунги дастуримизда айни шу мавзуни яна давом эттирамиз. Аввал хабар қилганимиздек 16 март куни Япониянинг Киото шаҳрида Учинчи жаҳон сув форуми иш бошлади. Ушбу халқаро анжуманда дунёнинг 160 давлатидан келган 1000дан ортиқ вакил иштирок этмоқда. Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Япония собиқ Бош вазири Рютаро Хашимото қатнашчиларни, сув муаммосини ҳал этиш учун амалий чоралар кўришга чақирди. Ушбу анжуман 22 ва 23 март кунлари вазирлар даражасидаги учрашув билан ниҳоясига етади. Япониянинг Киото, Осака ва Шига шаҳарларида бўлиб ўтаётган учрашувларда Япония валиаҳди шаҳзода Нарухито, Марокаш шаҳзодаси Мулей Рашид ва Голландия шаҳзодаси Виллем-Александр иштирок этишлари режалаштирилган. Афсуски, Ироқ бўҳрони ушбу муҳим халқаро анжуманга соя солмоқда. АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ президенти Саддам Ҳусайн Ироқни тарк этиши акс ҳолда Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақидаги ултиматумни эълон қилганидан кейин анжуманга Ироқ делегацияси кела олмади. Яқин шарқ делегатлари эса Ироқда уруш бошланган тақдирда, анжуманни тарк этишларини маълум қилдилар. Ироқ бўҳрони туфайли Франция президенти Жак Ширак ҳам Учинчи жаҳон сув форумида қатнаша олмаслигини билдирди. Шундай бўлсада, форум ўз ишини давом эттирмоқда. Унда қатнашаётган ҳукумат расмийлари, йирик халқаро ташкилотлар, олимлар ва нодавлат ташкилотлари вакиллари шу куннинг долзарб муаммоси ҳисобланган тоза ичимлик суви ҳақидаги таклиф ва фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқдалар.

“International Herald Tribune” газетасининг 18 март кунги сонида, Учинчи жаҳон сув форумида қатнашаётган Жаҳон банки қошидаги Халқаро молия корпорацияси Вице-президенти Петр Войцкенинг мақоласи эълон қилинди. Мақолада, келаси ўн йил мобайнида тоза ичимлик суви етишмаслиги оқибатида дунёнинг турли минтақаларида бораётган урушларда қурбон бўлаётганидан ҳам кўп одамлар нобуд бўлиши тахмин қилинган. Бу инсоният тарихидаги катта фожеалардан бири бўлиши мумкин. Статистик маълумотлар жуда ёмон бўлишига қарамасдан, агар ўз вақтида ҳаракат қилинса, вазиятдан қутилиш мумкин.

Ҳозир ҳар 10 сонияда сув билан боғлиқ (сувдан келиб чиққан) ва олдини олиш мумкин бўлган касаллик оқибатида бир бола оламдан ўтмоқда. Бир миллиарддан кўп одам ифлосланмаган тоза сув ичиш имкониятига эга эмас. Курраи заминимиздаги инсонларнинг учдан бир қисми, аниқроқ айтадиган бўлсак, 2.4 миллиард инсон санитария-гигиена талабларига жавоб бера олмайдиган шароитда яшамоқда. Шу сабабли, бу борада кўплаб зарурий чоралар кўрилиши лозим. 20 асрда дунё аҳолиси сони уч баробарга кўпайди. Айни пайтда, сувдан фойдаланиш олти баробарга ошди, дунёдаги дарёлар ва нам ер майдонлари аввалгига қараганда икки баробар кўп қуримоқда. Афсуски, сув муаммоси оғирлашган сари ҳукуматлар бу ҳақда камроқ гапирмоқда. Сув умуминсоний неъмат сифатида тан олиниши тарафдори бўлганлар унинг ҳусусийлаштирилишига қаршилик кўрсатмоқдалар. Олимлар, санитария ҳолатини яхшилаш учун келаси ўн йил ичида жамоа ва хусусий сектор ҳар йили 30 миллиард доллар маблағ сарфлаши кераклигини айтмоқдалар. Бундан ташқари тоза ичимлик сувига эга бўлиш ҳар бир кишининг инсоний ҳуқуқи экани тан олиниши лозим. Бунинг учун кўпроқ амалий иш қилиниши керак. Агар сув муаммосига зудлик билан аҳамият берилмаса, 21 асрда сув ҳар қандай бошқа табиий ресурсдан кўра кўпроқ уруш манбасига айланиши мумкин.

Атроф-муҳит UNESCO дастурининг Сув тадқиқотлари ва мувофиқлаштириш бўйича директори Андрас Сзоллоси-Наги яқинда Озод Европа ва Озодлик радиосига берган интервюсида, сув муаммоси давлатлар ўртасидаги можаро ёки ҳамкорлик манбаси бўлиши мумкинлигини айтган эди. Айни пайтда, сув муаммоси можаро эмас, балки қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка туртки бўла олади. Масалан Шарқий Европада Болтиқ бўйи давлатлари, жанубий Осиёдаги Таиланд ва Лаос, шунингдек Нил дарёси бўйидаги 10та давлат - сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш борасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Марказий Осиё республикалари сув тақсимоти ва ундан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланишда юқорида айтиб ўтилган давлатлар тажрибасидан фойдаланса, нохуш башоратларни четлаб ўтиш бу давлатлар учун мураккаб вазифа бўлмаслиги аниқ.
XS
SM
MD
LG