Линклар

logo-print

ХАВОТИР

  • Абдулла Искандар

Ироқ уруши бошланиши билан axборот воситалари орқали турли мамлакат ҳукуматларининг бу воқеага нисбатан муносабатлари янграй бошлади.

Европа Иттифоқига раислик қилаëтган Греция Ташқи ишлар вазири Георгий Папандреу Ироқ можароси тинч йўл билан ҳал қилинмаганига афсус билдирди. Европа парламенти мажлисида сўзга чиққан Папандреу Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида айнан Ироқ масаласи боис жиддий бўҳрон мавжуд бўлиб қолаëтганинини таъкидлаб, БМТ ташкилоти мавқеини яна тиклаш зарурлигига эътибор қаратди.Франция президенти Жак Ширак ҳам бошланиб кетган ҳарбий ҳаракатлардан норози эканини билдириб, Франция БМТ қарорисиз амалга оширилган ҳарбий ҳаракатларни қоралади.

Белгия Бош вазири Ги Верховштадт ҳам АҚШ бошлаган урушдан норозилигини билдирди.

Германия ҳукумати можарони уруш йўли билан ҳал қилиш "ақлга сиғмайдиган" ҳаракат деб баëнот берди.Германия ҳукумати баëнотида шундай сатрларни ўқишимиз мумкин:

"Германия Ироққа қарши уруш хабарини жиддий хавотир ва безовталик билан қабул қилди.Расмий Берлин Франция ,Россия ва урушга қарши бўлган бошқа мамлакатлар билан биргаликда урушнинг олдини олиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Афсуски, бу уринишлар жиддий натижа бермади.Германия ҳукумати Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тезроқ якун топишига умид билдиради."

Биз Германия ҳукумати эълон қилган баëнот юзасидан Берлинда истиқомат қилувчи сиëсатшунос Натали Отто Фон Геншенфелде хонимга мурожаат қилдик.

"Менимча ҳукумат баëноти халқ фикрини ўзида акс эттирган.Бошқача бўлиши мумкин эмас. Албатта, немислар ичида Саддамни бошидан жудо қилиш керак, деган фикрдаги одамлар ҳам бор. Аммо кўпчилик урушга қарши. Шу маънода немис ҳукумати баëноти оддий немислар фикри билан уйғун келмоқда", дейди сиёсатшунос Фон Геншенфелде. Суҳбатдошимиз берлинликлар уруш нима эканлигини жуда яҳши хотирлайдилар ва шунинг учун ҳам урушга қаршидирлар, дейди.

"Олтмишинчи йиллар охиригача Берлин уруш оқибатидаги вайроналар шаҳри бўлиб қолган эди. Вайроналар узра обод шаҳар қуриш ишлари 50 йилга чўзилди. Берлинликлар уруш ҳаракатларига ички ҳис- ҳаяжон билан қаршилик билдираëтганига сабаблардан бири шу бўлса керак."

Берлин марказида яшайдиган суҳбатдошим ўз хавотирларини шундай ифодалади: "Мен дераза олдида ўтириб ғалати туйғуларни бошдан кечирмоқдаман. Тасаввур қилинг, Бағдодда ҳам кимдир дераза олдида ўтирибди. Бирдан сирена янграйди. Қаëққадир қочиш керак. Ëки бомба остида ҳаëтдан жудо бўласан. Шаҳар уруш ичида. Буни тасаввур қилиб, мен даҳшатга тушиб кетяпман. Даҳшат."

Иккинчи жаҳон урушида бомбалардан вайрон бўлган Берлин шаҳридаги суҳбатдошим ,сиëсатшунос Геншенфелде хоним келажакка хавотир билан қарашини айтади.

"Уруш ўз номи билан урушдир. У Яқин Шарқда бўладими ë ундан ҳам узоқдами, барибир уруш. Уруш ҳаракатлари бир зумда бутун ер куррасига ëйилиши мумкин. Эртага нима бўлиши номаълум.Келажак ҳақида ўйлаб хавотирга тушиб кетяпман."
XS
SM
MD
LG