Линклар

Араб расмийлари урушни жимлик билан қарши олдилар

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШнинг Ироққа қарши ҳужумларини араб дунёсининг расмий доиралари жимлик билан қарши олди. Бу эса араб давлатлари ўртасида қийин дамларда ҳам ўзаро ҳамжиҳатлик йўқлигини яна бир бор намоён этди.

Аммо таҳлилчилар, бундай жимликнинг минтақа учун хосиятсизлиги ҳақида гапирмоқдалар. Шундайлардан бири, Лондонда жойлашган Иқтисодий тадқиқотлар марказининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Нэйл Патрикдир. Патрик фикрича, араб дунёсида якдилликнинг йўқлиги минтақада радикал кучларнинг жонланишига сабаб бўлиши мумкин.

"Албатта бу борада ҳукм чиқариш жамоатчиликка ҳавола. Лекин, бу уруш араб дунёсида америкаликларга нисбатан нафратнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак", - дейди британиялик таҳлилчи Нэйл Патрик.

Яқин Шарқ етакчилари сукут сақлаб турган бир пайтда, Араб лигаси бош котиби Амир Муса Араб дунёси учун мусибатли дамлар бошлангани ҳақида гапирди.

"Ироқ ва ироқликлар Америка ҳужумларига нишон бўлаётгани бутун араблар мусибати", - деб қайд этди Амир Муса Қоҳирада қилган чиқишида.

Аммо, араб давлатлари Ироқ урушига жўялик муносабат билдирилмадилар.

Қоҳирада жойлашган Ал-Аҳром сиёсий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Хасан Абу Толиб араб давлатлари тутган бундай позицияни шундай изоҳлайди.

"Кўплаб араб давлатлари вазият қай томонга ўзгаришини кутиб туришга одатланиб қолишган. Балки улар ҳарбий амалиётлар узоққа чўзилмаслигига, бу ҳужумлар тез орада якун топишига умид қилаётгандирлар. Кўрайликчи, буёғи қай томонга ўзгарар экан", - дейди қоҳиралик таҳлилчи Хасан Абу Толиб.

Шунга қарамай, Жазоир Ироқ уруши борасида афсусланиш изҳор этди. Жазоир Ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Белкҳамид, гарчи Бағдод БМТ инспекторлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, урушнинг олдини олишга ҳаракат қилган бўлсада, барибир у ташқи зарбаларга учраганини куйиниб гапирди.

Миср президенти Хусни Муборак эса, бу урушда Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайнни айблашдан нарига ўтмади. Ҳаво ҳужумлари бошланганидан бир соат ўтиб мамлакат телевидениеси орқали қилган чиқишида Муборак, Ироқ раҳбари уруш олдини олишнинг сўнгги имконини ҳам бой берганини қайд этди.

Шунга қарамай, Миср раҳбари ўз чиқишида ҳали ҳам кеч эмас, Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ва унинг яқинлари ўз мамлакати, ўз халқи, қолаверса, бутун минтақа осойишталиги йўлида Бағдодни тарк этиши керак, деб айтди.

Ўз навбатида Бахрайн Қироли Хамид бин Иса Халифа Саддам Ҳусайн ва унинг қариндошларига давлатидан сиёсий бошпана беришга тайёрлигини маълум қилди.

Саудия Арабистони эса Ироқ раҳбари ва унинг яқинларига бундай илтифот кўрсатмади. Бу ҳақда "Вашингтон пост" газетасида эълон этилган мақолада таъкидланади. Маълумки, Эр-Риёд олдинроқ Уганданинг собиқ етакчиси Иди Амин ҳамда мамлакатидан қувғин қилинган Покистон собиқ вазири Наваз Шарифларга сиёсий бошпана берган. Ҳозирда Саудия Арабистони ҳукумати Ироқ қочқинларининг мамлакат ичкарисига киришларига йўл қўймаслик учун шарқий чегараларида назоратни кучайтирмоқда. Агар АҚШнинг Ироққа қарши ҳужумлари кучаядиган бўлса, Саудия Арабистонига тахминан 100 мингга яқин қочқин ўтиши мумкинлиги айтилмоқда.

Айни пайтда Миср раҳбари Хусни Муборак ва бир қатор араб давлатлари етакчилари АҚШ ва унинг иттифоқчилари бошлаган бу уруш Яқин Шарқда кескинликни юзага чиқариши ва минтақа барқарорлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Жумладан, Ливанда фаолият олиб бораётган "Хизбуллоҳ" гуруҳи фаоллари араб дунёсини уйғонишга даъват этаётгани, Яқин Шарқ ва дунёнинг бошқа қисмларида террор тўлқини янада кучайишидан далолат экани айтилмоқда.

Айниқса, олдимиздаги кунларда бир қатор араб давлатларида Америкага қарши норозилик чиқишлари кутилмоқда, Уммонда эса бу чиқишлар аллақачон бошланди.

Айни пайтда таҳлилчилар, Ироқнинг АҚШ ҳаракатларига жавобан оммавий қирғин қуролларини ишга солиб Исроилга ҳужум қилиши эхтимолини ҳам назардан соқит қилишмаяпти. Бироқ, исроилликларни бундай эҳтимолий ҳужумлар хавотирга солмаётган кўринади. Исроиллик оддий фуқаро Феликс Бэкман бу ҳақда шуларни айтади: "Аслида бу урушга Исроилда ҳамма тайёр улар Американи қўллаб қуватлайдилар. Бу биринчи уруш эмас. Шу боисдан аҳоли орасида унчалик ваҳима сезилмаяпти. Ўйлайманки, бу урушнинг бизга таъсири бўлмайди".
XS
SM
MD
LG