Линклар

logo-print

Президент Жорж Буш маъмурияти АҚШ банкларидаги Ироқ ҳукуматига тегишли пул маблағларини мусодара қилди.

  • Ҳасанжон

Президент Жорж Буш АҚШ банкларида сақланаётган Ироқ ҳукуматига тегишли 1 миллиард 740 миллион доллар маблағни мусодара қилиш ҳақида кўрсатма берди. Айни пайтда, АҚШ ҳукумати ҳориж давлатлар ҳукуматларини ҳам Ироқ ҳукуматининг чет эл банкларида сақланаётган барча маблағини музлатишга даъват этди. Президент Буш маъмурияти АҚШда музлатилган маблағнинг 1 миллиард 440 миллион долларини урушдан кейин Ироқни қайта тиклаш ишларига сарфлашни режалаштирмоқда. Бу пулларнинг қолган 300 миллион доллари, 1991 йилги Форс кўрфази урушида Ироқ режими томонидан жонли қалқон сифатида ишлатилган ва шу масала бўйича судга мурожаат қилган АҚШ фуқароларига товон пули сифатида тўланиши учун алоҳида ажратиб қўйилган.

Агар Ироқни қайта қуриш ишлари учун йилига 10 миллиарддан 60 миллиард долларгача маблағ сарфланиши мўлжаллангани инобатга олинса, АҚШ банкларида сақланаётган 1 миллиард 740 миллион доллар пул унчалик катта маблағ эмаслиги аниқ бўлади. Бироқ, АҚШ ҳукумати Ироқ нефти савдосидан олинадиган йилик даромаднинг 20 миллиард долларини ҳам Ироқни қайта тиклаш ишларига сарфлашни мўлжалламоқда.

Брюсселда ўттган Европа Иттифоқи давлат раҳбарларининг олий даражали учрашувида ҳам урушдан кейинги Ироқни қайта қуриш ишларига ёрдам бериш масаласи муҳокама этилди. Жума куни саммитда сўзлаган Британия Бош вазири Тони Блэр: “Ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан аввал ўртамизда дипломатия соҳасида юз берган бўҳрон ва бўлинишларга қарамасдан, Саддамдан кейин Ироқни қайта қуришда Европа муҳим рол ўйнаши кераклиги масаласида якдилликка эришганимиздан мамнунман”,-деди.

Дунё банкларида сақланаётган Ироқ ҳукуматига тегишли маблағларни музлатиш чораси, АҚШ маъмуриятининг бу масалада шу пайтгача олиб борган сиёсатдан фарқ қилмоқда. Чунки, АҚШ раҳбарияти ўзига душман деб билган Ироқ, Ливия ва Куба каби давлатларга қарашли Америка банкларидаги молияларни аввал ҳам музлатиб қўйган. Бироқ иккинчи жаҳон урушидан бери фақат иккинчи маротаба Америка бошқа давлатга тегишли маблағни мусодара қилмоқда.

1996 йилда Куба қуролли кучлари мамлакат яқинида АҚШ учқичини уриб туширган эди. Ўшанда Оқ уй учувчилар даъвосини қондириш учун АҚШ банкларидаги Кубага тегишли маблағдан товон пули тўланган. Бу ҳодисадан кейин АҚШ ҳукумати ўзга давлат маблағини шу давлат ҳаракатлари туфайли азият чекканларга бериш ҳақида махсус фармон чиқарган эди.

АҚШ ҳукуматининг 20 март куни чиқарган Ироққа тегишли маблағни музлатиш ҳақидаги баёноти: “Бугун биз Саддам Ҳусайн режимига қарши молиявий ҳужум бошладик” деган сўзлар билан бошланади.

Баёнотда: “Бугун президент Жорж Буш дипломатик идоралардан ташқари Ироқ ҳукуматининг АҚШдаги барча маблағи ва мулкини мусодара қилиш ҳақида кўрсатма берди. Фармон Молия вазирлигига Ироқнинг барча маблағи ва мулкини аниқлаш ҳамда уни Ироқ халқи фаровонлиги йўлида сарфлаш вазифасини топширади”,-дейилади жумладан.

АҚШ Молия вазирлиги Америкадан ташқари яна олти давлат Ироққа тегишли молияларни музлатганини маълум қилди. Хусусан, ҳозиргача Британия 400 миллион доллар, Багамас ороллари 85 миллион, Кайман ороллари 20 миллион ва Япония 14 миллион доллар миқдорида Ироққа тегишли молияларни музлатиб қўйган.

Бироқ АҚШ расмийлари БМТ Ироққа қарши иқтисодий санкцияларни жорий этганидан кейин Ироқ ҳукумати нефтни яширинча сотишдан олган миллиардлаб долларини дунёнинг турли давлатларидаги банкларга ўтказганига шубҳа қилмасликларини айтмоқдалар. АҚШ ўзида музлатиб қўйилган маблағдан ташқари мамлакатнинг Германия ва Франциядаги банклари бўлимларида ҳам Ироққа тегишли молияларга нисбатан айни шу чорани қўллаган.
XS
SM
MD
LG