Линклар

logo-print

Россия Чеченистоннинг янги конституциясини умумхалқ муҳокамасига қўймоқда.


Акрам Файзулло

Якшанба куни чеченлар ва Ингушетиядаги чеченистонлик қочқинлар Чеченистонда ўтказиладиган референдумда қатнашадилар. Бу республиканинг янги конституцияси умумхалқ муҳокамасига қўйилмоқда. Расмий Москва янги конституция Чеченистонга Россия Федерацияси доирасида кенг муҳторият мақоми беришини маълум қилди.

Москва ҳукумати мазкур конституция Чеченистон можаросини сиëсий йўллар билан ҳал этиш учун замин яратишини таъкидламоқда. Россия президенти Владимир Путин чеченларни референдумда қатнашишга чақирди:

“Конституция қабул қилиниши жиддий марра ҳисобланади. Унда чеченлар ўзларининг, фарзандларининг, невараларининг ва Чеченистоннинг келажагини ўз қўлларига оладилар”, - деди Путин.

Аммо Чеченистоннинг сепаратчи президенти Аслан Масхадов референдумни қоралади:

“Руслар қурол ўқталган ҳолда бизни овоз беришга мажбур қилишмоқда, аммо биз Чеченистон мустақиллиги учун курашни давом эттирамиз”, - деди Аслан Масхадов.

Россия президентининг Чеченистон бўйича махсус ëрдамчиси Сергей Ястржембский республикада ҳаëт нормаллашаëтганини ва референдум Чеченистон учун кўплаб имкониятларни яратишини қайд этди.

Лекин чечен гуруҳлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мазкур янги конституция Россиянинг бу республикада олиб бораëтган ҳарбий кампаниясини тўхтатмаслигини ва Чеченистонга ҳақиқий муҳторият мақомини бермаслигини таъкидлашмоқда. Танқидчиларга кўра, таклиф этилаëтган конституция Россия президентига Чеченистон раҳбарини вазифасидан четлаштириш ҳуқуқини беради ва фуқароларга халқаро маҳкамаларга мурожаат қилишига рухсат бермайди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳининг бошлиғи Лев Пономарëв Чеченистонда қуролли тўқнашувлар давом этар экан, референдумни ҳақиқий, деб бўлмаслигини гапиради:

“Биз референдумни можарони сиëсий йўллар билан ҳал этиш учун қўйилган биринчи қадам, деб ҳисобламаймиз. Бизнингча, бу эркин бўлмаган иродани билдириш учун ҳукумат босими билан ўтказилаëтган ташаббусдир”, - деди Лев Пономарëв.

Пономарëв фикрича, фақат чечен жангчилари билан бевосита музокаралар олиб бориш орқалигина Чеченистон урушига сиëсий ечим топиш мумкин. Москва ҳукумати чечен жангчиларини террористлар, деб атаб улар билан келишишни рад этмоқда.

Ингушетияда жойлашган Чеченистон Миллий қутқарув қўмитаси раиси Руслан Бадалов, чеченлар ҳозирги шароитларда ўз фикрларини эркин баëн қила олмасликларини қайд этади:

“Чеченистонда маҳкама ҳукмисиз қатл этишлар, кишилар дом-дараксиз йўқолиши ҳоллари ва тоғли ҳудудларни бомбардимон қилиш ҳали ҳам давом этмоқда. Чеченистон фуқаролари фақат бир нарсани, бу даҳшатли урушнинг тамом бўлишини истайдилар. Россия ҳарбийлари Чеченистон аҳолисига қарши уруш жиноятлари содир этаëтган бир пайтда, фуқаролар референдум ҳақида ўйлай олмайдилар”, - деди Руслан Бадалов.

Москва томонидан тайинланган Чеченистон ҳукуматининг бошлиғи Аҳмад Қодировга кўра, Чеченистоннинг ярим миллиондан ошиқ фуқароси, шу жумладан Ингушетиядаги тахминан 65 минг чеченистонлик қочқинлар референдумда қатнашиши кутилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари овозлар сохталаштирилиши ҳақида ташвишланмоқда. Аммо Бадалов ўз гуруҳи чеченларни референдумни бойкот қилишга чақирмаëтганини, чунки агар улар қатнашмасалар зўравонликларга учрашлари мумкинлигини таъкидлади. Ахборот агентликларининг Ингушетиядаги чечен қочқинларига асосланиб билдиришича, расмийлар референдумда овоз беришдан бош тортган кишиларга озиқ-овқат берилмайди, дея таҳдид қилганлар.

Халқаро ташкилотлар вакиллари референдумни кузатиш-кузатмаслиги аниқ эмас. Ўтган ҳафтада Европа Кенгаши хавфсизлик сабабларига кўра ўз вакилларини Чеченистонга жўнатмаслигини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG