Линклар

Ироқликларга, кинематоргаф каби, яшаш ҳуқуқи берилиши лозим


Фарангис Саид

АҚШ, Британия ва баъзи бошқа мамлакатлар телеканаллари орқали ироқликларнинг қўлларини кўтариб таслим бўлаётганлари қайта-қайта кўрсатилаётган, айни вақтда дунёнинг турли мамлакатларида урушга қарши норозилик намойишлари ўтказилаётган даврда АҚШ учқичлари Бағдодни бомбардимон қилишда давом этмоқдалар.

АҚШ Мудофаа котиби Доналд Расмфелд Ироқдаги уруш илгариги урушлардан кескин фарқ қилишини таъкидлар экан, бугунги кунда ракеталар нишонни жуда аниқ белгилашлари, улар нишонга тинч аҳолини эмас, балки ҳарбий иншоотларни олишларини айтмоқда. АҚШ расмийсининг бу баёнотлари ҳақиқатни акс эттирадими? Бу савол ҳозирги кунда кўпларни қизиқтираётган бўлса-да, унга жавобни фақат бетараф кузатувчилар Бағдод ва Ироқнинг бошқа ҳудудларига бориб, вайронага айланган жойларни текширганларидан сўнг бера оладилар. Маълум маънода, кузатувчилар хулосалари халқаро ҳамжамиятнинг АҚШга бўлган муносабатини у ёки бу тарафга ўзгартириб юбориши мумкин.

Бағдод томон отилган биринчи ракеталар нишони президент Саддам Ҳусайн саройи ва ҳукуматга қарашли бошқа бинолар бўлгани шубҳасиз. Лекин уларда одамлар бўлганми? Ракеталар Ироқ режими намоёндаларига бориб тегдими ёки фақат биноларни вайронага айлантирдими?

Мустақил кузатувчилар ва журналистлар бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилар эканлар, айни вақтда Ироқ жанубида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Озодлик радиоси мухбири Рон Синовитц шу кунларда АҚШ учинчи пиёда дивизияси билан бўлиб, жангларни кузатиб бормоқда. Унинг сўнгги хабарига кўра, дивизия Фрот дарёси яқинидаги Насирия, деб номланган жой олдида жанглар олиб бораётир:

“АҚШ пиёда дивизияси ва Ироқ аскарлари ўртасида шиддатли жанглар бўлиб ўтди. АҚШ аскарларининг талабларини рад этиб, ироқлик аскарлар таслим бўлишдан бош тортдилар”.

Уруш бошланганидан буён ироқлик аскарларнинг таслим бўлишлари ҳам қайд этилди. Бу ҳақда АҚШ ҳаво қўшинлари генерали Ричард Майерс мана бундай деди:

“Ироқ жануби ва шимолида баъзи ироқлик аскарлар таслим бўляптилар ва позицияларини тарк этяптилар. Албатта, кўплаб ироқлик ҳарбийлар Саддам Ҳусайн учун эмас, балки Ироқ келажаги учун курашишни афзал кўрадилар”.

Бироқ, АҚШ етакчилигидаги коалициянинг энг муҳим ғалабаси ироқлик аскарларнинг таслим бўлаётгани эмас, балки Форс кўрфазидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Ироққа қарашли порт ва нефт терминалларининг қўлга киритилиши бўлди.

Айни вақтда дунё бўйлаб минглаб одамлар АҚШ етакчилигидаги урушдан норозилик тариқасида намойишлар уюштирмоқдалар. Австралия, Хитой, Япония, Иордания, Ҳиндистон, Малайзия, Таиланд ва бошқа мамлакатлар аҳолиси кўчаларга чиқиб, урушни тўхтатишни талаб қиляптилар.
Маълумотларга кўра, Яманда АҚШ элчихонаси биноси олдида намойиш уюштирган икки киши полиция томонидан отиб ўлдирилган.
Иордания пойтахти Амманда намойишчилар АҚШ ва Исроил байроқларини ёқиб юбордилар, полиция уларни тўхтатишга уринди.
Байрутда ҳам айнан шундай ҳаракатлар кузатилди.
Коҳирада 5 минг одам Ал-Азҳар масжиди олдида йиғилди. Бангладеш пойтахти Даккада норозилик намойишларига чиққанлар сони 15 мингга, Япония пойтахти Токиода эса 11 минг одамга етди.

АҚШнинг ўзида ҳам кенг кўламли оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Полиция томонидан ҳибсга олинганлар сони 2 мингга етди.

Машҳур Холливуд юлдузлари ҳам ўзларининг урушдан норозилик кайфиятларини изҳор этмоқдалар. Маълумки, Оскар мукофотини тақдим этиш маросимини якшанба куни ўтказиш режалаштирилган. Урушдан норозилик ўлароқ, баъзи артистлар ва режиссёрлар маросимда қатнашишдан бош тортдилар. Кўплаб бошқа юлдузлар маросимга тинчлик белгиларини тақиб келадиган бўлдилар. Улар орасида Дастин Хоффман, Сэлма Хайек, Жулиан Мур, Бен Аффлек бор. Анжелика Жоли, Кейт Бланшетт ва бошқалар маросимда қатнашмасликларини билдирдилар. Номзоди энг яхши хорижий бадиий филм сифатида Оскар мукофотига таклиф этилган “Ўтмишсиз одам” филми режиссёри, финляндиялик Аки Каурисмаки ҳам маросимда қатнашмасликка қарор қилди.

“Кинематограф яшаши керак. Айнан шундай ҳуқуқ ироқликларга – болалар, аёллар ва эркакларга берилиши керак”, - деб, қарорини изоҳлади машҳур режиссёр.
XS
SM
MD
LG