Линклар

Уруш кундалиги


Адолат Малик

Озод Европа- Озодлик радиоси мухбири Чарлз Рэкнегелнинг телефон орқали хабар қилишича, якшанбадан душанбага ўтар кечаси хорижий мухбирларга Ироқ жанубидаги Сафван қишлоғидан Кувайтга қайтиб кетиш тавсия қилинган. Мухбир буни қуйидагича изохлайди:

"Иттифоқчи кучлар катта тезликда Ироқ ичкарисига ҳаракатланаëтгани боис,мамлакат жанубида хавфсизлик масаласида бўшлиқ пайдо бўлди. Бу эса харбий қисмлар билан бирга бўлмлаган мухбирлар ишини анча қийинлаштирди. Мен ва яна 60га яқин журналистни бугун тунда Британия қўшинлари Ироқнинг Сафван қишлоғидан эвакуация қилишди. Чунки Ироқдаги ҳукмрон Баас партиясининг 10га яқин аъзоси Британия харбий пости ëнида ўрнатилган мухбирлар лагерига хужум қилишга тайëргарлик кўраëтгани хақдаги маълумотлар пайдо бўлди".

Озодлик мухбири Чарлз Рэкнегелнинг яна маълум қилишича, Британия харбийлари мухбирларга тунда машинларга ўтириб, чироқларни ëқмаган ҳолда саҳро томон кетиш хақида кўрсатма беришган. Кейинроқ эса Британия харбийлари мухбирларга иттифоқчи кучлар назоратидаги Румайла нефт кони яқинида бориб тўҳташ кераклигини айтишган.

Чарлз Рэкнегелнинг яна билдиришича,у билан мулоқотда бўлган Сафван қишлоғи аҳолиси АҚШ қўшинлари Ироққа Кувайтдан кириб борганидан кейин бу қишлоқ маъмурлари ва полиция кучлари қочиб кетгани ва ҳозирда қишлоқни ҳеч ким бошқармаëтгани тўғрисида гапириб беришган. "Бу- дейди Озодлик мухбири- имкон қадар тезроқ Бағдодга етиб боришга харакат қилаëтган иттифоқчи кучларнинг йўллар хавфсизлигини таъмилаш масаласига жиддий эътибор бераëтган бир пайтда мана шу йўлллар бўйлаб жойлашган шахарча ва қишлоқларда ўз ҳозирлигини ўрнатмаëтганини кўрсатмоқда." Шу боис иттифоқчи кучлар йўлида жойлашган аҳоли пунктларида хавфсизлик таъминланмай қоляпти.

Айни пайтда Ироқ пойтахти Бағдод томон кетаëтган АҚШ армиясининг 3 пиëда дивизияси ҳаракатларини бевосита кузатиб бораëтган мухбиримиз Рон Синовицнинг хабар беришича,якшанба пешиндан бошлаб душанба куни давомида ушбу дивизия қўшинлари Ас-Самавах шахри яқинида Ироқнинг Фидойин,деб аталувчи харбийлашган кучлари билан жанг олиб борган. Бу кучлар бевосита Саддам Хусайн ўғли Қусайга бўйсунади. "Полковник Чарлтоннинг маълум қилганларига кўра,АҚШ армиясининг Бағдод томон харакатлари давом этмоқда. Аммо Ас- Самавах яқинида харбийлар кутилмаганда қаршиликка тўқнашганлари боис,АҚШ армияси тактикасида айрим ўзгаришлар рўй берди. Қаршилик кўрсатаëтган ироқликлар сони 1 ярим минг одам атрофида бўлиб, улар Фидойин кучлари хамда БААС партияси аъзолари деб кўрилмоқда,"- деб хабар беради Озодлик мухбири.

Озодлик мухбирининг сўзларига кўра,гарчи АҚШ қўшинлари қурол- аслаҳа савияси ва харбийлар сони жиҳатидан рақиб кучлардан устун бўлса-да,ироқликларнинг харбийлашган кучлари Ас-Самавах яқинидаги жойни яхшироқ билишади ва шу боис улар харбий харакатлар давомида усталик билан яширинган. Бошқа томондан ироқлик кучлар АҚШ кўшинларига фақат қўлида қуроли бўлган рақибга ўқ отиш мумкинлиги хақида кўрсатма берилганидан хабардор бўлгани боис уларнинг кўплари фуқаро кийимига кийинишган. Шу билан бирга, Озодлик мухбири Синовиц душанба куни 3 пиëда дивизияси харбийларига фуқаро кийимидаги ва қўлида мобил телефони бўлган ҳамда АҚШ қўшинлари ҳаракатларини кузатиб бораëтган ироқликларни қўлга олиш тўғрисида буйруқ чиқарилганини ҳам маълум қилди. Америка харбийларига шунингдек, агар бундай одам қочишга уринса,унга қарши ўт очишга рухсат берилган.

Озодлик мухбири якшанба куни Ироқнинг Ан-Насария шахри яқинида содир бўлган тўқнашув давомида АҚШнинг 8 харбийси халок бўлгани ва 5 нафари асир сифатида қўлга олингани юзасидан тафсилотлар бериб, бу харбийлар Талил хаво базасида ўрнатилиши кўзда тутилган қисм аъзолари бўлганларини билдирди. "Ўлдирилган ва қўлга олинганлар якшанба куни эрталаб Кувайтдан Ироққа қуруқлик орқали ўтган ва Талил хаво базасида жойлаштирилиши кўзда тутилган бўлим аъзолари эдилар. Шу бўлимнинг асосий қисми Ироқ кучларининг Ан-Насария яқинидаги истеҳкомларига яқинлашиб бораëтган эди. Ўшанда 3 пиëда дивизиясининг махсус гуруҳи рахбари полковник Жон Чарлтон янги қўшилган бўлим учун жавобгар зобитни АҚШ харбийлари Ироқ кучлари ўрнашган жойга яқинлашиб бораëтгани хақида огоҳ қилди. Зобит ўз қўли остидаги бўлим йўналишини ўзгартириб,харбийларни ҳаво базаси ëнидаги бир тепалик орқасида тўплаган. Аммо,шу бўлим қайтаëтган пайтда бир неча харбий орқада қолиб кетган ва ироқликлар хужумига тўқнашган."
XS
SM
MD
LG