Линклар

Намойишларга қарамасдан ўтказилган сўров натижалари Америка жамоатчилигининг аксарият қисми президент Буш маъмуриятини қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

  • Ҳасанжон

Муҳтарам тингловчилар, ўтган ҳафта охирида Ню Йоркда Ироқ урушига қарши ўн минглаб одамлар норозилик намойишига чиққани ҳақида аввалги эшиттиришларимизда маълумот берган эдик. Айрим намойишчилар Ироққа бостириб кирган коалиция кучларини у ердан олиб чиқиш осон бўлмаслигини айтдилар. Ню Йоркда яшовчи 45 ёшдаги меъмор Петер Рийд Озод Европа - Озодлик радиоси мухбирига АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти Саддам Ҳусайн режимини ўзгартириш режасига уруш орқали эришишга ҳаракат қилаётганини танқид қилди. Рийд сўзида давом этиб: “Кўпгина давлатларни ёмон раҳбарлар бошқаряпти. Агар улар ҳокимиятдан кетишса яхши бўларди. Аммо бунинг учун биз мамлакатингиз бошлиғини ёқтирмаймиз ва уни ҳокимиятдан ағдарамиз, деб айта олмаймиз”,-деди.

Ироқ уруши бу йилги Оскар маросимига соя солган бўлса ҳам, 24 март куни Лос Анжелесдаги Кодак театрида йилнинг энг яхши филмлари учун ананавий Оскар мукофотларини топшириш тадбирлари ўтказилди. Таниқли кино юлдузлари иштирок этган ушбу маросимда Оскар мукофотига сазовор бўлган бир неча актёрлар Ироқ урушига қарши эканликларини таъкидлаб, президент Буш маъмуриятини танқид қилдилар.

Айни пайтда, АҚШда сўнгги кунларда бўлиб ўтган норозилик намойишлари иштирокчилари уруш нотўғри ечим эканини, Саддам Ҳусайнни жавобгарликка тортиш учун ҳали ҳам дипломатик имкониятлар борлигини айтишди. Ню Йорклик мактаб ўқувчиси, 17 ёшдаги Кайла Ироқ бўҳрони ҳақидаги ўз фикрини қуйидагича изоҳлади: “Менимча, дипломатик соҳада барча имконият ишга солинмади. Агар дипломатик уринишлар бенатижа тугаб, бошқа йўл қолмаганида, унда сўнгги чора уруш бўларди. Ўйлайманки, бошқа йўллар топилиши мумкин. Менимча, БМТ можарога кўпроқ аралашиши мумкин эди. Бўҳронни ҳал этиш учун инсонпарварлик ёрдами ва музокаралар каби усулларни ишга солиш лозим эди. Менимча, уруш тўсатдан ва ўйланмай бошланди”.

Дунё мамлакатларида урушга қарши намойишлар давом этар экан, кузатувчилар тез орада америкаликлар ўртасида Ироқ урушини қўллаб-қувватлаётганлар сони камайиши мумкинлигини айтмоқдалар.

АҚШдаги Пю номли тадқиқот маркази ўтказган сўровлар, америкаликларнинг кўпчилиги президент Буш олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатган. Тадқиқот маркази мутаҳассиси Кэррол Догерти Озод Европа Озодлик радиосига 11 сентябр воқеаларидан кейин америкаликлар кўпроқ талофат кўришлари мумкинлигини тушуниб етганини айтди: “Ҳозирда АҚШ президенти Жорж Бушни кўпчилик қўллаб-қувватлаяпти. Аммо одамлар диққат-эътибори талофатлар ва шу каби масалаларга қаратилса, унда вазият қандай ўзгариши мумкин? Агар талофатлар ошса, жамоатчилик фикри қандай ўзгариши мумкинлигини тахлил қилиш қийин. Бир томондан, Америка жамоатчилиги катта талофатларга ўрганмаган. Аммо бошқа томондан, 11 сентябр ҳодисалари америкаликларнинг бу масала бўйича фикрини бир қанча ўзгартирди. Эндиликда улар талофатларга кўникишлари мумкин”.

Ҳарбий операциялар давомида АҚШ аскарлари талофат кўриши Америка жамоатчилиги фикри ўзгаришига таъсир этувчи асосий оммиллардан бири ҳисобланади.

Ню Йоркда жойлашган Ташқи алоқалар кенгаши номли тадқиқот маркази ходими Раян Менон Озод Европа - Озодлик радиоси мухбирига: “Урушдан кейин юз берадиган воқеалар америка жамоатчилиги фикрини анча ўзгартириши мумкин. Ироқни узоқ муддат ичида босиб туриш катта маблағни талаб этувчи иш. Ўз навбатида, бу ироқликларнинг коалиция кучларига халоскорлар сифатида эмас, балки босқинчилар сифатида қарашларига сабаб бўлади. Бу эса Америка жамоатчилиги фикрига катта таъсир кўрсатади”,-деди.

Ўтган ҳафта охирида CNN телеканали, USA Today газетаси, Gallup номли жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари АҚШ аҳолисининг 71 фоизи президент Жорж Буш олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлашини, 21 фоизи Оқ уй сиёсатига қарши ва тўрт фоиз одам аниқ фикр билдира олмаганини кўрсатган.
XS
SM
MD
LG