Линклар

logo-print

Ҳарбий ҳаракатлар Рамсфелд режасига мувофиқ бормоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Америка расмийларига кўра, Ироқда олиб борилаётган уруш тактикаси тарихда ҳали қўлланилмаган. Ҳарбий амалиётларнинг дастлабки кунлари Бағдод атрофидаги Саддам Ҳусайнга тегишли бўлган муҳим биноларга ҳаводан зарбалар берилди. Урушнинг бундай тактикаси Ироқ зобитларини жангларсиз таслим бўлишга ундовчи ойлаб давом этган психологик уруш кампаниясининг навбатдаги босқичи бўлди.

Кузатувчилар, агар дастлабки зарбалар натижасида Саддам Ҳусайн ҳалок бўлгани ёки жароҳатлангани ҳақидаги хабар тасдиқлансайди, уруш нисбатан қисқа ва талафотларсиз бўлган бўларди, деган фикрдалар.

АҚШ генерали Томми Френкс шанба куни иттифоқ қўшинларининг Катардаги штабида журналистлар олдида чиқиш қилар экан, Америка олиб бораётган урушнинг янги жиҳатларига тўхталиб ўтди.

"Бу кампания олдингиларига қараганда ўзгача бўлади. Бу уруш аниқ ва мисли кўрилмаган тактик жангларни ўз ичига олади", - деб қайд этди Томми Френкс.

Аммо, ироқликларнинг жангларсиз таслим бўлиши хом хаёл экани урушнинг тўртинчи куниёқ сезила бошлади. Якшанба куни 12 нафар америкалик аскарнинг ироқликлар тарафидан асрга олингани ва яна шунча америка ҳарбийсининг бедарак йўқолгани Ироқда қўлланилаётган янги ҳарбий стратегия натижа бериши ҳақидаги айрим гумонларни юзага чиқарди. Камроқ қон тўкилиши ва урушдан кейинги Ироқ учун зарурий инфратузилмани сақлаб қолишга йўналтирлган бу стратегия қанчалик ўзини оқлаши мумкин?

Ҳарбий таҳлилчиларнинг бу саволга жавоблари турлича. Бироқ, айрим кузатувчилар, Ироқда олиб борилаётган ҳарбий кампания АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд режасига мувофиқ бораётганини айтишади. Ана шундайлардан бири Радек Сикорскидир. Полшанинг собиқ Мудофаа ва Ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган, ҳозирда Вашингтондаги "Энтерпрайз" институти ҳарбий таҳлилчиси Сикорски фикрича, 1991 йилги Кўрфаз урушида қўлланилган кенг миқёсли ҳаво ҳужумларидан фарқли дала урушларини назарда тутувчи бу стартегия Доналд Рамсфелд тарафидан олға сурилган ғоядир. Жанг майдонларида энг сўнгги ҳарбий технологияларни қўллаган холда анъанавий ва психологик жанглар олиб боришни назарда тутувчи бу кампания Америка аскарларидан янгича ёндашувни талаб этади.

"Бу стратегия замонавий технологиялар имкон берган қадар мослашувчандир ва бу ерда "Генераллар олдинги урушлардан орттирган тажрибаларига асосланиб ҳарбий стратегия олиб борадилар", деган тушунча ноўрин. Доналд Рамсфелд айтаётган "ҳарбий соҳада инқилоб" аллақачон рўй берди", - дейди Радек Сикорски.

Ҳақиқатан ҳам, бу сафарги ҳарбий амалиётлар 1991 йилдаги каби Бағдодга кенг миқёсли ҳаво ҳужумлари билан бошланмади. Урушнинг янги жиҳати ҳам шундан иборат. Коалиция кучлари мақсадга эришиш учун дастлаб Ироқдаги ҳукуматга қарашли бўлган ҳарбий объектларни нишонга олдилар ва бир вақтнинг ўзида қуруқлик амалиётларини ҳам бошлаб юбордилар.

Бошқа бир ҳарбий таҳлилчи Роберт Хатчинсон ҳам Пентагон раҳбари тарафидан олға сурилган бу стратегия ҳарбий амалиётда янгилик эканини тан олади. Британияда чиқадиган "Jane's Defence Weekly" ҳафтаномаси асосчиларидан бўлган Хатчинсонга кўра, Рамсфелд стратегияси "Пауэл доктринаси"га мутлақо қарама-қаршидир. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл номи билан аталувчи бу доктрина кенг миқёсли ҳаво ҳужумларисиз ҳеч қачон урушга кирмаслик кераклигини назарда тутади.

"Фикримча, АҚШ Мудофаа вазири кенг миқёсли ҳаво ҳужумларидан кўра, енгил урушлар олиб бориш тарафдори бўлган. Аммо, булар ортида ироқликлар Саддам Ҳусайн ҳокимиятидан воз кечиб ўз ихтиёри билан таслим бўлади, деган америка ва британияликларнинг иддаолари бўлган", - дейди Хатчинсон.

Аммо, ироқликларнинг таслим бўлишлари уруш стратегияси муаллифлари кутганидек бўлиб чиқмади. Таслим бўлганлар ҳам, Ироқ жанубидаги Саддамга қарши шиа гуруҳлари вакиллари бўлишган.

Басра ва Насирия шаҳарлари учун олиб борилган жангларда АҚШ ва унинг иттифоқчилари ироқликларнинг кескин қаршилигига дуч келганлар. АҚШ кучлари Бағдод томон яқинлашганлари сайин талафотлар сони кўпайиб бориши кутилмоқда. Айниқса, Республика гвардиячилари тарафидан қўриқланаётган Бағдод атрофидаги "Қизил зона" учун жангларда кўп қон тўкилиши эхтимоли бор. Ҳозирда, АҚШ қуруқлик қўшинларининг бешинчи корпуси "Қизил зона" учун жангларни бошлаб юборган.

Бағдоддаги Беш кунлик бомбалаш амалиётларига қарамай, Саддам Ҳусайн ҳамон мамлакатни ўз назорати остида ушлаб турибди. Бу ҳақда Ироқ бош вазири ўринбосари Тариқ Азиз матбуот анжуманида баён қилди. Тариқ Азизга кўра, Саддам Ҳусайн тирик, душанба куни у телевидение орқали икки марта кўриниш берган.

Аммо, АҚШ ва Британия ҳарбийларини бундай ҳолат ташвишлантирмаётган кўринади. Пентагон вакили Виктория Кларк якшанба куни телевидение орқали чиқиш қилар экан:

"Мана тўрт кундирки ҳарбий амалиётлар давом этмоқда. Ҳаракатларимиз нафақат режага мувофиқ амалга ошмоқда, балки Генерал Томми Френкс қўмондонлиги остидаги қўшинлар илдамроқ ҳам ҳаракат қилмоқдалар. Уруш ҳаракатларида мақсадларимиз сари олға силжишлар кузатилди. Ироқ халқи манфаати йўлида айрим нефт заҳиралари сақлаб қолинди. Аскарларимиз Бағдод томон тобора илдам қадамлар ташламоқдалар", - деб қайд этди.

Аммо, Кларк каби Рамсфелд стратегияси тарафдорлари, жанг майдонларида эришилган муваффақиятлар ҳақида қанчалик оғиз кўпиртириб гапиришмасин, ғалабагача анча узоқ кўринади.
Америкалик ҳарбий таҳлилчи Жефри Ранни, урушнинг узоққа чўзилиши, ҳарбий амалиётларнинг бешинчи куниёқ сезилиб қолганини айтади.

"Уруш бошланганидан беш кун ўтди. Биз ғалаба қозонамизми, йўқми, ҳалигача билмаймиз. Қолаверса, бу стратегия қанчалик натижа беришини ҳам билмаймиз. Шундай экан, ғалаба ҳақда гапиришга бир оз эрта кўринади", - дейди таҳлилчи Жефри Ранни
XS
SM
MD
LG