Линклар

Араблар Аллоҳдан Саддам умрини узайтиришни сўрамоқдалар


Фарангис Саид

Дамашқликлар телевидение орқали Саддам Ҳусайн кўрсатилганида, одатда ҳуштак чалиб, баъзида лаънатлар айтиб, унинг ҳокимиятдан ағдарилишини Аллоҳдан сўрайдилар. Лекин АҚШ ва унинг ҳамкорлари Ироққа қарши уруш бошлаганларидан буён дамашқликлар кайфияти ўзгарди: улар Аллоҳдан Саддам умрини узайтиришни сўрамоқдалар. Сурияда чиқадиган “Ал-Мадина” газетаси муҳаррири Халид Батарфий АҚШнинг Нью-Йорк Таймс газетасига берган интервьюсида бу ўзгаришга тушунтириш берар экан, дамашқликлар Саддам америкаликларнинг “адабини беради”, деб умид қилаётганларини айтади.

“Бунинг сабаби эса - араблар ғуруридир”, деб фикрини давом эттиради Батарфий ва бундай кайфият Жазоирдан Ямангача – барча араб мамлакатларида кузатилаётганини айтади.

“Президент Жорж Буш ғалабага бир неча кун ичида эришишига шу қадар ишонган эдики, бу кўплаб арабларнинг жиғига тегди. Эндиликда Ироқ АҚШ етакчилигидаги қўшинларга қарши курашни давом эттирар экан, бу кичик ва заиф ўсмирнинг Майк Тайсон каби чемпион-боксчи билан бокс тушаётганини эслатади. Араблар ўсмир ютқазишини аниқ билсалар-да, унинг 40 сониядан сўнг нокаут бўлишини истамаяптилар”, - дейди дамашқлик журналист.

Умуман араб дунёсида шу кунларда ҳукм сураётган вазиятни бир сўз билан “кутиш”, деб таърифлаш мумкин.

Бу фикрни Қоҳирада жойлашган Ал-Аҳрам Стратегик ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори муовини Ҳасан Абу Толиб ҳам билдиради:

“Кўплаб араб мамлакатлари кутиш ва четдан кузатиш ёндашувини танладилар. Уларнинг бари, менимча, бу ҳарбий операциялар тезда тугайди, деб умид қилмоқдалар. Араб давлатларида вазият қандай ривожланишини вақт кўрсатади”.

Араб давлатлари ҳукуматлари АҚШ ва урушга қарши норозиликни камайтиришга уринсалар-да, эндиликда намойишларга тўсқинлик қилмаяптилар.

Яқин Шарқ мамлакатлари зиёлилари ўз репрессив ҳукуматларидан ҳалос бўлишни орзу қилар эканлар, АҚШ бошлаган уруш натижасида Ироқда демократик режим ўрнатилади ва бу бошқа араб мамлакатлари учун сабоқ бўлади, деб умид қилмоқдалар.

Оддий одамларнинг аксарият қисми Саддам Ҳусайн халққа тазйиқлар ўтказаётганини тушунса-да, АҚШ етакчилигидаги урушни аслида нафақат Ироққа, балки бутун исломий дунёга қарши бошланган уруш, деб қабул қилмоқда. Ироқликларнинг АҚШ етакчилигидаги иттифоқчи қўшинларга қаршилик кўрсатиши араблар орасида миллий кайфиятлар ҳамда ғурурни кучайтирмоқда.

Айни вақтда минтақанинг АҚШни қўллаб-қувватлаган ва ўз ҳудудини иттифоқчи қўшинларга очиб берган мусулмон давлатлари, жумладан Қувайт раҳбарияти АҚШ тезроқ ғалаба қозонишидан манфаатдор. “Акс ҳолда нима бўлишини билмайману, лекин биз учун қийинчиликлар бошланиши аниқ”, дейди Қувайт парламенти вакили Муҳаммад Ал-Сажер “Уолл Стрит Жорнэл”га берган интервьюсида.

Қувайт каби АҚШни қўллаб-қувватлаётган Саудия Арабистони ва Иордания ҳам бу сиёсатни давом эттираверадилар. Чунки бу давлатлар раҳбарлари агар урушда Саддам Ҳусайн ғалаба қозонса, уларнинг куни битишини яхши биладилар. Лекин минтақа аҳолиси орасида АҚШга қарши кайфиятлар кучайган сари бу мамлакатлар учун Вашингтон билан ҳамкорликни давом эттириш тобора қийинлашиб бориши шубҳасиз.

Лондонда жойлашган “Экономик интеллиженс юнит” таҳлилий гуруҳи вакили, Яқин Шарқ бўйича мутахассис Нил Патрик бу қийинчиликлар ҳақида шундай дейди:

“Қийинчиликларнинг бир сабаби шундан иборатки, араб мамлакатлари ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган жойга жўғрофий жиҳатдан яқиндирлар. Яна бир сабаб – уларнинг АҚШ билан ҳамкорликка эгаликларидадир. Бу уларнинг урушда қатнашишлари мумкинлигини англатади. Бошқа тарафдан, Ироқ билан урушдан сўнг АҚШ араб мамлакатларига нисбатан сиёсий ва ҳатто ҳарбий ҳаракатларни бошлаши мумкин. Шу сабабдан араб давлатларининг аҳволи бошқа мамлакатларга қараганда анча мушкул”.

Албатта, бу ўринда Нил Патрик АҚШ Ироқдан сўнг бошқа араб мамлакатларида ҳам демократлашиш жараёнини бошлаши мумкинлигини назарда тутяпти.

Бироқ, Абу Толиб бу фикрга қўшилмайди:

“Биз Ироқда нима бўлишидан хавотирдамиз. Лекин бунинг сабаби, америкаликлар айтаётганидек, Ироқнинг “демократия мезони”га айланишида эмас. Бунинг сабаби – натижада АҚШ ва Британия томонидан барча араб мамлакатларига нисбатан босқинчилик сиёсати олиб борилиши, уларга қарши уруш бошланиши эҳтимолидадир”.

Кўплаб кузатувчилар фикрича, АҚШ Ироқ билан урушни демократия, деб бошламади. Айни вақтда кузатувчилар ушбу уруш натижасида Саддам Ҳусайн режими ағдарилиб, мамлакатда демократик ҳукумат вужудга келишига умид қилмоқдалар. Бу эса аста-секин бутун минтақада демократлашиш жараёнининг жадаллашишига туртки берса ажаб эмас. Ваҳоланки, минтақа мамлакатларининг демократик ислоҳотларга муҳтожликлари шубҳасиз.

Хьюман Райтс Уотч, Инсон ҳуқуқлари ҳуқуқшунослар қўмитаси ҳамда “Шифокорлар инсон ҳуқуқлари учун” ташкилотлари томонидан 26 март куни чиқарилган баёнотда Миср ҳукуматининг урушдан норозилик тариқасида намойишлар уюштирган фуқароларни ҳибсга олаётгани қайд этилади. Бундан ташвиш билдирган уч ташкилот расмий Коҳирани ҳибсдагиларни дарҳол озод этиш ва бундай амалиётни тўхтатишга даъват этди.
XS
SM
MD
LG