Линклар

ИРОҚ: уруш қанча давом этади?


Фарангис Саид

Уруш қанча давом этади? Бу саволга жавоб қандай бўлиши ҳамма учун ўта муҳимдир.

Халқаро ҳамжамият ҳам, Ироқ ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни олиб бораётган иттифоқчи қўшинлар аскарлари ҳам, ироқликларга гуманитар ёрдам кўрсатаётган БМТ ва бошқа ташкилотлар ва айниқса, Ироқ аҳолиси бу саволга жавобни билишни истайди.

Жавобни урушни олиб бораётган АҚШ ва Британия ҳукуматлари биладиларми?
Британия Бош вазири Тони Блэр пайшанба куни Би-Би-Си радиосига берган интервьюсида, АҚШ армиясининг Ироқдаги Бош қўмондони генерал-лейтенант Уильям Уоллос эса АҚШнинг “Вашингтон Пост” газетаси мухбири билан суҳбатида бу саволга жавоб бердилар. Ҳар иккала расмий Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш ниҳоятда мушкул вазифа эканини эътироф этиб, “уруш маълум вақт давом этади”, деб айтди.

Бундан олдин АҚШ президенти Жорж Буш “Саддамни ҳокимиятдан четлаштириш қанча вақт талаб қилса, уруш шунча давом этади”, дер экан, “биз уруш қачон тугашини билмаймиз, лекин унинг натижаси қандай бўлиши аниқ”, деди ва натижада АҚШ ғалаба қозонажагини таъкидлади.

Уруш қанча давом этиши иттифоқчи қўшинлар Бағдодга қачон кириб боришлари ва президент Саддам Ҳусайн саройлари ва бошқа ҳукумат идораларини қачон қўлга киритишларига боғлиқлиги шубҳасиз.

Иттифоқчи қўшинлар генераллари ҳозирги кунда айнан шу муаммо устида бош қотирмоқдалар.

Аммо, қизиғи шундаки, турли телеканаллар ва газета-ю журналларда ҳарбий мутахассисларнинг уруш стратегияси бўйича фикрлари берилар, хариталар билан бир қаторда турли схема ва диаграммалар намойиш қилинар экан, уларнинг ҳеч бирида Бағдодни қандай қўлга киритиш тактикаси муҳокама этилмаяпти. Ваҳоланки, ғалаба дейилганида Бағдоднинг қўлга киритилиши ва Саддам Ҳусайннинг ўз саройини ёки бункерини тарк этиши, мамлакат устидан ҳокимият эса бошқа шахс ёки тузилма қўлига ўтиши тушунилади.

Ҳарбий мутахассисларнинг бари катта шаҳарни ишғол қилиш чўлда уруш олиб боришдан кескин фарқ қилишини эътироф этадилар. Чунки чўлда армия армияга қарши курашади. Катта шаҳарлар, одатда, душманга жиддий қаршилик кўрсатадилар. Наполеоннинг Москвага, Гитлернинг Сталинградга, америкаликларнинг Могадишуга, Россия қўшинларининг эса Грознийга ҳужумини эсланг. Буларнинг бари кўп сонли ва кучли армиянинг катта шаҳар билан курашда мағлубиятга учрагани мисолидир. АҚШ қўшинлари Вьетнамдан чиқиб кетганларидан сўнг Вьетконг икки йил давомида Сайгонни қўлга киритишга ҳаракат қилди. Кобул Шимолий альянс қўлига Толиблар уни тарк этганларидан сўнг ўтди.

Ҳарбий мутахассислар бу хусусида қандай фикрдалар?
АҚШ Армияси ҳарбий коллежи профессори Стивен Бэнк шаҳарларни ишғол этишнинг турли тактикалари мавжудлигини айтади:

“Тарихга назар ташласангиз, сўнгги 60 йилда турли моделлар ва тактикалар қўлланилганини пайқайсиз. Грознийдаги каби бир уйдан бошқасига ўтиб, одамларни ўлдириш тактикаси билан бир қаторда Исроил ўтган йили Женинда қўллаган тактика ҳам бор”.

Бэнк каби баъзи бошқа мутахассислар фикрича, АҚШ Бағдод ишғолида барча қўшинлари, яъни Учинчи пиёда дивизияси, 101 ҳаво дивизияси, махсус операцияларни бажарувчи қўшинларидан фойдаланиш тактикасини қўллайди.

Британиялик мутахассис, “Жейнс Дефенс Уикли” журнали асосчиларидан бири Роберт Хатчинсон иттифоқчи қўшинлар тактикаси ҳақда мана бундай дейди:

“Улар тинч аҳоли ҳамда ўз аскарлари орасида қурбонлар сони кўп бўлмаслигига ҳаракат қиладилар. Шаҳарда танклар ва артиллерия ҳамда аниқ нишонга оладиган қуролдан фойдаланиб бўлмайди. Улар бир уйдан сўнг бошқасига ҳужум қилиш тактикасини қўлламасликка ҳаракат қиладилар”.

Баъзи бошқа мутахассислар фикрича, иттифоқчи қўшинлар ҳужумдан олдин Бағдодга вертолётлардан варақалар ташлашлари керак ва улар орқали тинч аҳолини ҳужум қачон бошланишидан огоҳлантириб, шаҳарни тарк этиш ёки хавфсиз жойларда беркинишга даъват этишлари лозим.

Иттифоқчи қўшинлар бундай йўл тутадиларми ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Бироқ Бағдодни қўлга киритиш Ироқдаги урушда бурилиш нуқтаси бўлиши шубҳасиз.

Буни Ироқ расмийлари ҳам яхши тушуняптилар.

Ироқ Ахборот вазири Сайид ал-Саҳаф АҚШ ва Британия Ироқни ва Ироқ аскарларини қўрқита олмайдилар, деб айтди.

Мудофаа вазири Султон Хошим Аҳмад АҚШ ва Британия қўшинлари Бағдодни бир-икки кун ичида қуршовга олишлари эҳтимолини инкор этмаса-да, “Бағдод ҳеч қачон душман қўлига ўтмайди”, деб таъкидлади.
XS
SM
MD
LG