Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:30

Иттифоқчи қўшинлар умидлари пучга чиқдими?


Фарангис Саид

Расмийлар баёнотларини эшитган ҳар бир америкалик ва британиялик аскар Ироқ халқини диктаторлик режимидан озод этиш учун кураш олиб бораётганига ишонган эди. 10 кун ўтар-ўтмай, иттифоқчи қўшинлар ироқликлар, хусусан мамлакат жануби-шарқида яшовчи шиалар нафақат АҚШ ва Британия аскарларини ҳалоскор, деб ҳисобламаётганлари, балки Саддам Ҳусайн режимини ҳимоя қилиш учун иттифоқчи қўшинларга қарши чиқаётганларини кўрдилар.

“Файненшл Таймс” газетаси иттифоқчи қўшинлар аскарлари Басра яқинида маҳаллий аҳоли томонидан нафрат билан кутиб олинганларини ёзди. Насирия учун жангларда асирга тушмоқчи бўлгандек, оқ байроқ кўтарган ироқликлар аслида пистирма уюштирганлари ва бир мақсад – ғалабага эришиш учун уруш қонун-қоидаларини бузишга ҳам тайёр эканликлари ҳақда мақолалар пайдо бўлди.

“Ироқликлар бизни ҳалоскорлар сифатида қаршилайдилар”, деган умидлари пучга чиққан иттифоқчи қўшинлар аскарлари сафдошларининг қанчалари шу вақтгача нобуд бўлганини ўз кўзлари билан кўришмоқда. Ҳарбий форма эмас, оддий кийим кийган ироқликлар аслида ўзини портлатишга тайёр бўлган фидоийлар эканларини англаб етиш америкалик ва британиялик аскар учун қийин бўлса керак.

Ҳарбийларнинг жисмоний ва руҳий аҳволи уруш қандай кечишига жуда жиддий таъсир қилиши мумкинлигини яхши тушунган генераллар аскарлар руҳиятини кўтаришга уриниб, турли баёнотлар қилмоқдалар. Бироқ, ушбу баёнотларни кузатсан киши улар бир-бирига зид экани ва аскарлар руҳиятини кўтариш эмас, балки аксинча, тушириб юборишга қодирлигини пайқаши мумкин. Мана, мисол учун, Пентагон раҳбари Доналд Рамсфелднинг 30 март куни қилган баёнотини олайлик. Рамсфелд уруш режаси тўғри ва яхшилигини қайта-қайта таъкидлайди:

“Режа жуда яхши, мукаммал режа. Унга амал қилсак, биз ғалабага эришамиз. Агар мен “бу режани ўзим ишлаб чиққанман”, дея олганимда, бундан ҳурсанд бўлган бўлардим. Аммо аслида ушбу режа генерал Томми Франкс томонидан ишлаб чиқилган. Дунёнинг турли қисмларидаги қўмондонларимиз ҳамда Миллий Хавфсизлик кенгаши режани ўрганиб чиққанлар. Бу бизнинг мамлакатимиз режаси. У жуда яхши режа ва у самара беряпти”.

Кузатувчиларга кўра, АҚШ Мудофаа котибининг ҳарбий режани мақташи ҳудди бунга журналистлар ва жанг майдонларидаги аскарларни эмас, балки, биринчи навбатда, ўзини ишонтирмоқчи бўлаётганидек туюлади.

30 март куни Қатарда журналистлар саволларига жавоб берар экан, АҚШ Ҳарбий кучлари қўмондони генерал Томми Фрэнкс жанглар вақтинча тўхтатилгани ҳақдаги хабарларни инкор этди ва урушда сезиларли силжиш кузатилаётганини таъкидлади:

“Кўп сонли ва кучли пиёда қўшинлари Бағдоддан 60 миля нарида жойлашган кўплаб объектларга ҳужум қилдилар. Шу дамларда ҳужум давом этмоқда. Саддам Ҳусайн режими қийин аҳволда ва ироқликлар буни яхши биладилар”.

Айни вақтда Рамсфелд ҳам, Фрэнкс ҳам уруш қанча давом этишини билмасликларини айтдилар. Журналистларнинг “Саддам Ҳусайн ҳамон тирикми?”, деган саволлари ҳам жавобсиз қолди.

АҚШ генераллари аскарлар руҳини мана шу йўл билан кўтаришга ҳаракат қилар эканлар, ироқликлар ва иттифоқчи қўшинлар ўртасидаги жанглар давом этмоқда. Ҳар иккала тараф орасида қурбонлар кўп, дейилмоқда.

Иттифоқчи қўшинлар аскарларининг аксарияти ироқликлар олиб бораётган партизанлар урушида, яъни пистирмаларга дуч келиб, нобуд бўлдилар. Иттифоқчи қўшинлар Бағдодга яқинлашганлари сари, партизанлик ҳаракатлари авж олиши турган гап, деб тахмин қилишмоқда кузатувчилар. Бу эса уруш ҳали узоқ давом этиши мумкинлигидан дарак бермоқда.

Ветнам уруши ҳам партизанлар уруши бўлган. Ветнамлик аскарлар оддий кийим, ҳатто аёллар кўйлакларини кийиб, америкалик қўшинларга қарши курашганлар. Таслим бўлган ветнамликлар аксарият ҳолларда ўз ҳукуматига қарши курашиш эмас, балки оила аъзоларини қутқариш учун бундай қилганлар. Ватанларини душмандан қутқариш эса – уларнинг асосий мақсади ва ҳаёт мазмунига айланган эди. Шу сабабдан АҚШ Ветнам уруши давомида биринчи ва ҳатто иккинчи Жаҳон урушларига қараганда каттароқ талофат кўрган. Ветнам халқи учун америкаликлар босқинчилар бўлганлар. Ироқликлар ҳам АҚШ ва Британияни айнан босқинчилар сифатида қаршиламоқдалар.
XS
SM
MD
LG