Линклар

Британиянинг Ироқ аҳолисига инсонпарварлик ёрдами


Фарангис Саид

Озодлик радиосининг Лондондаги мухбири Ян Жуннинг маълум қилишича, ўтган ҳафтада Британия ҳукумати Қизил Хоч ва Қизил яримой каби инсонпарварлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларга Ироққа гуманитар ёрдам етказиш учун 30 миллион фунт стерлингини ажратишга қарор қилган.

Ушбу қарор эълон қилинганидан икки кун ўтиб Британияга қарашли “Сэр Гэлаҳанд” кемаси Ироқнинг Умм Қаср портига етиб борди. Унинг бортида юзлаб тонна озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармонлар бор эди. Бу гуманитар ёрдамни Басра аҳолисига тарқатиш режалаштирилганди. Бироқ, Басрада жанглар давом этаётгани туфайли Британия аскарлари ва инсонпарварлик ишларини олиб борувчи ташкилотлар вакиллари ёрдамни Ироқдаги бошқа шаҳарлар аҳолисига тарқата бошладилар.

Ироқда сўнгги 20 йил давомида фаолият олиб бораётган Халқаро қизил хоч ташкилотининг гуманитар сиёсат бўйича Британиядаги маслаҳатчиси Мари-Луиз Уэйхилл ироқликлар биринчи навбатда ичимлик суви ва тиббий ёрдамга муҳтож эканликларини айтади:

“Шу вақтгача Ироқда олиб борилаётган фаолиятнинг асосий қисми – тинч аҳоли, хусусан Басра ва Ироқ жанубидаги бошқа шаҳарлар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашдан иборат бўлиб келган. Айни вақтда, касалхоналарни улар учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва дори-дармонлар билан таъминлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.”

Уэйхилл, шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган вақтда аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш жуда қийинлигини қайд этади.

Қизил хоч каби Ироқда фаолият олиб бораётган яна бир ташкилот – “Болаларни асранг” жамғармасидир. Бу ташкилотнинг Яқин Шарқ бўйича масъули Кэролайн Калвер Озодлик радиосининг Лондондаги мухбири Ян Жун билан суҳбатда жамғарма Форс кўрфази мамлакатларида 1991 йилдан буён ишлаётгани ва унинг фаолияти, асосан, болаларни ҳимоя қилиш ва уларга таълим беришга қаратилганини маълум қилди:

“Ҳозирги фавқулодда вазиятда биз Ироқ шимолида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлиб, бошпанасиз қолганларга ёрдам кўрсатяпмиз. Биз бундай оилаларга кўрпалар, ёнилғи ва болалар кийимларини тарқата бошладик. Шу ҳафтада Британия ҳукуматининг Халқаро тараққиёт бошқармаси бизга Ироқ шимолидаги ишларимиз учун ярим миллион фунт стерлинги ажратганини маълум қилди ва биз бундан ниҳоятда ҳурсандмиз,” – дейди “Болаларни асранг” жамғармаси вакиласи.

Айни вақтда Кэролайн Калвер маблағ танқислиги “Болаларни асранг” жамғармаси учун ҳам, инсонпарварлик ишлари билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар учун ҳам асосий муаммо бўлиб қолаётганини айтади.
XS
SM
MD
LG