Линклар

«МАТБУОТГА ҲУЖУМЛАР» Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг шу номли ҳисоботи ҳақида

  • Ҳурмат Бобожон

Ўтган йилнинг январида Хитойда журналист Жианг Уэипинг саккиз йилга озодликдан махрум қилинди. Жианг шимолий Хитойда ҳукумат идораларидаги коррупция холатлари ҳақида Хонг-Конгда чиқадиган "Кианшао" журналига ёзган мақоласи учун бундай жазога тортилди. Америка ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уринишларига қарамай хитойлик журналист ҳамон темир панжара ортида. Жианг Хитойда қамоққа олинган 39 журналистнинг биридир. Мана тўрт йилдирки Хитой журналистларни қамоққа олиш бўйича жаҳон давлатлари орасида еткачилик қилиб келмоқда. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси чиқарган ҳисоботда жаҳоннинг 120 давлатида журналистларнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ 500 ҳолат тилга олинади. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Алекс Лупис "Озодлик" мухбирига сўнгги йиллар мобайнида журналистларни қамоққа олиш тенденцияси кучайиб бораётганини таъкидлайди.

"2002 йилнинг оҳирига келиб136 журналист қамоққа олингани қайд этилди. Бу рақам ундан олдинги йилдагига қараганда 15 фоизга кўп демакдир. Агар ўтган йилги вазиятни 2000 йилдаги ҳолат билан солиштирсак, орада катта фарқни кузатамиз. 2000 йилда жаҳон бўйлаб 81 журналист қамоққа олинган эди".

Шу билан бирга, Луписнинг таъкидлашича, ҳалок бўлган ёки ўлдирилган журналистлар сони ўтган йилда камайгани кузатилган. 2002 йилда 19 нафар журналист фаолияти давомида ўлдирилгани қайд этилади ҳисоботда. Бу ундан олдинги йилдагига қараганда деярли икки баробар кам демакдир. 2001 йилда дунёда 37 журналист ҳалок бўлган эди.

"2002 йилда кўплаб журналистлар олдинги йиллардаги каби можароларни ёритаётган пайтда эмас, шов-шувли сиёсий мақолалари учун, ҳукуматдаги коррупция, порахўрликларни ёритганлари учун ўлдирилди. Бу каби ҳолатларни Колумбия, Филиппин, Россия ва Покистонда кузатиш мумкин", - деб қайд этади Алекс Лупис.

"Матбуотга ҳужумлар" номи остида эълон этилган ҳисоботда, собиқ Совет давлатлари, жумладан Марказий Осиёдаги матбуот билан боғлиқ вазият ҳам тилга олинади. Суҳбатдошимиз, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Луписнинг таъкидлашича, Марказий Осиё ҳукуматлари ҳали ҳам матбуот душманлари бўлиб қолмоқдалар.

"Туркманистон ҳали ҳам журналистлар учун мудхиш макон бўлиб қолмоқда. Бу мамлакатда мустақил журналистика борасида умуман маълумот йўқ. Ўтган йили Қозоғистонда ҳукуматга танқидий қарашда бўлган журналистларга қарши кампания бошлангани оқибатида матбуот, сўз эркинлиги вазияти бу мамлакатда ёмонлашди".

Аммо, шу билан бирга Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили айрим Марказий Осиё давлатларида матбуот соҳасида баъзи ижобий ўзгаришлар рўй берганини ҳам қайд этади.

"Айрим Марказий Осиё давлатларида кичик бўлса ҳам эркин матбуот сари ижобий қадамлар ташланди. Масалан, ўтган йилнинг ёзида Тожикистонда президент Раҳмонов "Осиё-плюс" мустақил ахборот агентлиги фаолиятига рухсат берди. Мазкур агентлик кўп йиллардан бери лицензия ололмай юрган эди. Ўзбекистонда президент Ислом Каримов Совет давридан мерос қолган цензура идорасини бекор қилди".

Алекс Луписнинг таъкидлашича, халқаро террорчиликка қарши кураш кампанияси туфайли минтақа давлатларига нисбатан халқаро эътиборнинг кучайиши бу ҳукуматларни ўзгаришлар сари ундаган. "Шунга қарамай, - дейди Лупис,- Ўзбекистонда цензура қўрғони шаклан йўқ қилинган бўлса-да, моҳиятан мазкур институт сақланиб қолмоқда". Олдинлари бу иш билан Давлат сирларини сақлаш инспекцияси шуғулланган бўлса, ҳозирда мақолаларни назорат қилиб бориш бош мухаррирлар зиммасига юклатилган. Бундан ташқари, журналистлар орасида ўзини – ўзи цензура қилиш одатий холга айланиб улгурган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси чиқарган ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йили 19 июл куни "Моҳият" газетаси бош мухаррири Абдуқаюм Йўлдошев ўзбекистонлик мустақил журналист Карим Бахриевнинг матбуот эркинлиги ҳақидаги мақоласини газетада эълон этгани учун ишдан олинган. Ҳисоботда айтилишича, мамлакат президентининг "қора рўйхати"да бўлган Бахриев мақолалари шу пайтгача маҳаллий газеталарида эълон этилмай келинаётган эди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда айрим қамоққа олинган журналистлар ҳамон озод этилмаган. "Янги аср" ҳафтаномаси мухбири Мажид Абдураимов 2001 йилнинг августида мамлакатда коррупция холатлари ҳақида ёзган мақоласи учун 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Таъқиқлаб қўйилган "Эрк" газетаси мухбири Муҳаммад Бекжонов ва "Эрк" мухолифат партияси аъзоси Юсуф Рўзимуродовлар танқидий мақолалари учун 1999 йилда 14-15 йиллик қамоқ жазосига тортилдилар. Халқаро ташкилотларнинг уринишларига қарамай улар ҳамон озод этилганлари йўқ. Шу билан бирга Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисоботида шу йил бошларида эълон этилган президент амнистияси туфайли, айрим сиёсий махбуслар билан бирга самарқандлик журналист Шоди Мардиев ҳам озодликка чиқарилгани қайд этилади. Самарқанд давлат телерадиокомпанияси мухбири бўлган 63 яшар Мардиев 1997 йилда ҳукуматни танқид этувчи мақоласи учун қамоққа олинган эди.
XS
SM
MD
LG