Линклар

АҚШ дўстларини ҳам, душманларини ҳам танқид қилаётир


Фарангис Саид

Вашингтон вақти билан душанба кечқурун, Тошкент вақти билан сешанба эрталаб эълон қилинган ҳисоботида АҚШ Давлат департаменти жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқларига оид вазиятга баҳо беради. Ҳисоботда демократия ва инсон ҳуқуқларини энг кўп поймол қилаётган мамлакат сифатида Ироқ эътироф этилган. Шу билан бирга ҳужжатда АҚШнинг анъанавий ҳамкорлари, шу жумладан Марказий Осиё республикалари танқид қилинади.

Ҳисоботни тақдим этар экан, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл 2001 йил 11 сентябрдан буён АҚШ миллий хавфсизлиги ва жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳамда демократияга оид вазият ўртасидаги боғлиқлик анча чуқурлашганини қайд этди.

Бунга мисол сифатида АҚШ расмийси Ироқдаги урушни келтирди ва Қўшма Штатлар ҳозирда олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлар айнан Саддам Ҳусайн авторитар режимини ағдаришга қаратилганини таъкидлади:

“Саддам Ҳусайн режими бундай режимлар ўз фуқаролари ҳуқуқларини поймол қилишлари ва халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳлика солаётганининг мисолидир”.

Шундай дер экан, Колин Пауэлл, жаҳонда тинчлик ва барқарорликни айнан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали таъминлаш мумкинлигини айтди:

“Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган давлатлар глобал хавфсизлик ва фаровонликка ҳисса қўшадилар”.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида айтилишича, Ироқда мухолифат вакиллари доимо таъқиб остида бўлиб келганлар. “Ҳукуматга мухолиф бўлган одамлар ҳамда шиаларнинг дараксиз йўқолиши, қийноққа солиниши, ўлдирилиши ҳоллари – Саддам Ҳусайн режими қилмишларидир”, дейилади ҳисоботда.

Айни вақтда АҚШ Давлат департаменти Афғонистондаги ўзгаришларни ижобий баҳолади. Ўтган йилги ҳисоботда бу мамлакат инсон ҳуқуқуқлари борасида энг жиддий ташвишларга сабаб бўлаётган мамлакат сифатида эътироф этилган эди. “АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор кампания натижасида 2001 йил декабрда Толибон ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилди ва ўшандан буён Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ва демократияни таъминлашда жиддий силжиш кузатилди”, дейилади ҳисоботда.

АҚШ Давлат департаменти Ҳамид Карзай бошчилигидаги янги Ўтиш даври ҳукуматининг жамиятни демократиялаштиришга қаратилган уринишларини юқори баҳолади. Афғонистон аёлларига ўқиш ва ишлаш ҳуқуқлари қайтариб берилгани ижобий ўзгариш сифатида эътироф этилалар экан, ҳисоботда айни вақтда мамлакатда хотин-қизларга ўтказилаётган таъқиблар жиддий муаммо бўлиб қолаётгани қайд этилади.

Кобулдан ташқари худудларда қонунбузарликлар тез-тез кузатилаётганини ҳам эътироф этар экан, АҚШ Давлат департаменти маҳаллий ҳокимлар - собиқ дала қўмондонлари баъзи этник гуруҳлар вакиллари ҳуқуқларини поймол қилаётганлари айтилади.

АҚШ ташқи сиёсатини юргизувчи вазирлик, шунингдек, ўзининг 31 март куни эълон қилган ҳисоботида Марказий Осиё республикаларига алоҳида тўхталади. Бу минтақада инсон ҳуқуқларига оид вазият ҳамон ёмонлигича қолмоқда, дейилади ҳисоботда.

АҚШ Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари бўйича ёрдамчиси Лорн Крейнер 2001 йилдан буён АҚШ Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш мақсадида ажратган молиявий ёрдам ҳажми 200 дан 400 фойизгача ўсганини қайд этди. “Бунга қарамай, АҚШнинг аксилтеррор урушидаги ҳамкорлари демократиялашишга шошилмаяптилар”, - деди АҚШ расмийси:

“Ўнлаб йиллар давом этган совет услубидаги сиёсий маданият бир кунда ўзгармайди. Бу йилги ҳисоботда МОнинг 5 мамлакатида инсон ҳуқуқларига оид вазият ҳамон ёмонлигича қолаётгани қайд этилади”.

Лорн Крейнернинг фикрига Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Хелсинки федерацияси ижроия директори Аарон Роудз ҳам қўшилади.

“Ўйлашимча, МОдаги инсон ҳуқуқларига оид вазият жуда ёмон. Фуқароларни, уларнинг диний эътиқодига асосланиб, қамоққа олиш, қийноққа солиш ва ўлдириш ҳоллари кенг тарқалган. Бундан ташқари сиёсий мухолифат вакиллари ва бошқаларнинг асосий фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари поймол этилмоқда”, - деб, минтақадаги вазиятга баҳо беради Аарон Роудз.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Туркманистон алоҳида тилга олинади. “Ўтган йил ноябр ойида президент Сапармурот Ниёзов ҳаётига суиқасд уюштирилганидан сўнг мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига оид вазият анча ёмонлашди”, дейилади ҳисоботда ва кўплаб одамлар ҳибсга олингани, маҳбуслар қийноққа солинаётгани ҳам айтилади.

Ҳисоботга кўра, Қозоғистонда сўнгги 1 йил давомида матбуотга нисбатан тазйиқлар кучайган. “Бунга юқори лавозимли расмийлар орасидаги порахўрлик ва коррупция ҳақда қатор маълумотларнинг чоп этилиши туртки бўлди”, дейилади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

Ҳужжатда айтилишича, сўнгги 1 йил давомида Қирғизистонда мухолифатга қарашли нашрлар мухбирларига нисбатан тазйиқлар кучайган. Ижобий ўзгаришлар сирасида АҚШ Давлат департаменти расмий Бишкекнинг одамлар контрабандасига чек қўйишга қаратилган ҳаракатларини ва ушбу муаммонинг маҳаллий матбуотда ёритилишини қўллаб-қувватланганини эътироф этади.

Тожикистондаги инсон ҳуқуқларига оид аҳволни АҚШ Давлат департаменти аянчли, деб баҳолайди.

Айни шундай баҳо Россия, Украина ва Беларусга ҳам берилган. Бу мамлакатлардаги инсон ҳуқуқларига оид вазият ёмонлигича қолаётганини қайд этар экан, АҚШ Давлат департаменти, Россиянинг Чеченистондаги сиёсатини алоҳида танқид қилади. Оз сонли этник гуруҳлар ҳамда сиёсий диссидентларга тазйиқлар кўрсатаётган ҳукуматлар орасида Хитой ҳам қайд этилади.
XS
SM
MD
LG