Линклар

Ироқдаги "ахборот уруши"дан таҳлилчиларнинг боши гаранг

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ ҳарбийлари Ироқ марказидаги назорат пунктида содир бўлган фожеа сабабини ўрганмоқдалар. Душанба куни Америка аскари Нажаф шаҳри яқинидаги назорат пунктини кесиб ўтаётган машинага қарата ўқ узгани оқибатида унинг ичидаги етти аёл ва ёш бола ҳалок бўлди. АҚШ бирлашган қўшинлари штаби бошлиғи ўринбосари Генерал Питер Пэйс бўлиб ўтган воқеани шундай таърифлайди: "Автомашина назорат пунктига яқинлаша бошлаганида, унга тўхташга буйруқ берилади. Лекин машина тўхтамади. Аскарларимиз огоҳлантирув сигналини берганларида ҳам автомашина ҳаракатланаверди. Кейин постдагилар машинани тўхтатиш учун унинг моторига ўқ ота бошлайдилар, шунда ҳам у тўхтамади. Ва оҳири аскарларимизнинг машина ўзига ўт очишдан бошқа чораси қолмади".

Питер Пейснинг таъкидлашича, Америка аскарлари шанба куни ироқлик худкуш террорчи тарафидан содир этилган портлашдан кейин ўта эхтиёткор бўлиб қолишган. Ўша воқеа ҳам айнан Нажаф шаҳри яқинида содир бўлган эди. Худкуш террорчи автомашинада иттифоқ қўшинлари турган назорат постига яқинлашганида, ўзини-ўзи портлатиб юборгани оқибатида ўзи ва тўрт нафар америка аскари ҳалок бўлган.

Генерал Пейс ҳар икки воқеа Ироқ ҳарбийлари тарафидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини айтади. АҚШ генералига кўра, ироқликлар ҳар қандай йўллар билан Иттифоқ қўшинларини аҳоли орасида ёмон отлиқ қилишга, уларни "босқинчи" қилиб кўрсатишга уринмоқда. Бироқ, нима бўлганда ҳам, америка ҳарбийлари етти аёл ва ёш болани отиб ўлдирганликларини ўзлари тасдиқладилар. Бу Америка жавобгарликни зиммасига олган биринчи воқеадир. Зеро, Ироқ ҳукумати Америка ҳарбийларини олдин ҳам ўнлаб кишилар ўлимига сабаб бўлган портлашларни уюштирганликда бир неча бор айблаган. Ўтган хафтада Бағдодда аҳоли гавжум бозорларнинг бирига ракета келиб тушгани оқибатида 50 киши қурбон бўлган эди. Ироқ ва Араб телеканаллари бу ходисаларни кенг аҳоли эътиборига ҳавола қилди. Бундай қон тўкилишлар Ироқдаги тинч аҳолининг америкаликларга нафратини кучайтириб юбориши ва ўзларини "халоскор" этиб кўрсатишга уринаётган иттифоқ қўшинлари имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда кузатувчилар. Демак, америкаликлар ўзларини Ироқ ҳалқига "ҳалоскор" этиб кўрсатишга, Ироқ ҳукумати эса уларни оддий аҳолига "босқинчи" сифатида тасвирлашга уринмоқда. Яъни Ироқда ҳарбий жанглар билан бир қаторда "ахборот уруши" ҳам олиб борилмоқда. Бу уруш 20 март куни биринчи ракета Саддам Ҳусайн ва унинг ҳукумати яширингани гумон этилган бункерга келиб тушишидан бир неча соат ўтиб бошланди. Ўшанда дастлабки ахборотда ракета ҳужумлари оқибатида Саддам жароҳатланган ёки ўлган бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Ҳатто бир неча соат ўтиб Ироқ раҳбарининг экранларда пайдо бўлгани ҳам бундай гумонларга чек қўймади. Кўп ўтмай телеэкранида пайдо бўлган шахс Саддамнинг қиёфадоши ёки бу олдиндан ёзиб олинган видеоёзув экани ҳақда таҳминлар ахборот воситалари орқали тарқалди. Шундан сўнг Саддам Хусайн Ироқ телевидениеси орқали икки марта кўриниш қилди.

Жабҳанинг ҳар икки томонидан бир-бирига зид бўлган хабарларнинг келиши шу билан тўхтамади. Ҳарбий ҳаракатларнинг иккинчи куни Вашингтон расмийлари Ироқ жанубидаги Умм Қаср бандаргоҳи Иттифоқчилар назоратига ўтганини маълум қилди. Орадан сал ўтиб, Ироқ ахборот вазири Муҳаммад Саид Ас-Сахаф Умм-Қаср ишғол этилгани билан боғлиқ бу маълумотни рад этди.

Муҳаммад Ас-Саҳаф чиқишига муносабат билдирар экан, АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд: "Кеча Ироқ ахборот вазири Умм-Қаср тўлиқ назоратимиз остида, бандаргоҳ Иттифоқчилар тарафидан ишғол этилганини бўхтон деб айтди. Аслида бандаргоҳ қўшинларимиз назоратига ўтган", - деб таъкидлади.

Бу Рамсфелднинг 22 март кунги чиқиши эди. Бироқ, кейинчалик Умм-Қаср порти фақат бир неча кун давом этган шиддатли жангалардан сўнг, урушнинг олтинчи куни ишғол этилгани маълум бўлади. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазири 26 март куни расман маълум қилди.


"Уруш ҳаракатлари бошланганидан олти кун ўтиб, коалиция кучлари муваффақиятларга эришдилар. Ироқликларнинг кескин қаршилигига қарамай, Ал-Фау ярим ороли, Умм Қаср бандаргоҳи қўлга киритилди, Ироқнинг жанубий нефт конлари сақлаб қолинди".

Ҳарбий ҳаракатларнинг ҳозирда қандай кечаётганига назар соладиган бўлсак, Басрада нималар бўлаётгани ҳанузгача номаълум эканини кўрамиз. Жабҳадан бир-бирига зид бундай хабарларнинг тарқалаётгани таҳлилчилар бошини гаранг қилиб қўйган кўринади. Британиялик ҳарбий эксперт, "Jane's World Armies" журнали мухаррири Чарлз Хейман "Озодлик" мухбирига АҚШ ва Британиянг бундай "PR", яъни, жамоатчилик қалби ва онгини қозонишга қаратилган бундай ҳаракатлар таҳликали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтади.

"Таҳлилчиларнинг Вашингтон ва Лондон расмийларининг ҳар бир айтган гапига ишонаверишлари таҳлика яратмоқда. Ҳарбий тарғибот машинасининг бош мақасади ироқ жамияти, армияси ва ҳукумати ичида хавотир ва норозилик ҳиссини уйғотишдан иборат".

Шу ўринда Британиянинг иккинчи жаҳон уруши давридаги етакчиси Уинстон Черчил сўзлари ёдга келади. Черчил тарғибот уруши ҳақида гапирар экан, "Ҳақиқат қимматбаҳо неъмат, аммо, баъзида ундан ёлғон гаплар билан ҳимояланишга тўғри келади", - деган эди.
XS
SM
MD
LG