Линклар

logo-print

Британияда террор таҳдидига қарши эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

  • Ҳасанжон

Британия ҳукумати эҳтимоли бўлган террор ҳужумларига қарши махсус эҳтиёт чораларини кўрмоқда. Пойтахт Лондон кўчаларида махсус полиция кучлари юрганини кузатиш мумкин. Ҳукумат Лондондаги кўп қаватли ва муҳим бинолар, шунингдек ҳукумат идоралари хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча 1.500 кишидан иборат полиция кучларини жалб этишни ваъда қилган.
Британия бўйлаб террорчиликда шубҳа қилинган шахсларни қўлга олиш ва зўравонлик юз берган намойишларни бостириш учун полиция ходимларига қўшимча салоҳият берилди. Бундан ташқари Британия ҳукумати мамлакатнинг йирик компаниялари ва мулк эгаларига террор ҳужумларидан сақланиш учун қандай чоралар амалга оширилиши кераклиги ҳақида махсус кўрсатма берди.

Британия полицияси фуқароларни ҳушёрликка даъват этувчи махсус реклама роликлари тайёрлади. Бу роликлар ҳозирда мамлакат телавидение каналлари ва радиостанциялари орқали бериб борилмоқда. Британияликларни ҳушёрликка даъват этувчи бу рекламада, агар кимда ким шубҳали бўлган бирон нарсани ёки террорчини ёки террорчига алоқадор бўлган бирон кимсани кўриб қолса, рекламада қайд этилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, террор ҳужумининг олдини олиши ва бу билан ҳамюртларининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлиги таъкидланган.

Ҳушёрликка даъват кампаниясини танқид қилгувчилар ҳам топилди. Айрим кишилар, ҳукумат бироз ошириб юбораётганини, бу эса халқ орасида саросимага сабаб бўлаётганини айтмоқдалар. Масалан, огоҳлантириш туфайли одамлар керагидан ортиқча батареялар, озиқ-овқат ва сув сотиб олмоқдалар. Газета маълумотларига кўра, сўнгги кунларда дўконларда ичимлик суви одатдагидан тўрт баробар кўп сотилган.

Амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирларни мухолифат аъзолари бир овоздан қўллаб-қувватлади. Британия парламентининг Ички ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Дэвид Камерун Озод Европа - Озодлик радиоси мухбирига: “Менимча, биз тайёргарлигимиз даражасини кўтаришимиз лозим. Чунки биз жуда тахликали ва мураккаб даврда яшаяпмиз. Ҳозир мамлакатимизда биз кўп йиллардан бери дуч келмаган терроризм таҳдиди бор”,-деди.
Бироқ, мухолифат вакиллари Британиядаги фавқулодда холат хизмати тизимини танқид қилдилар. Дэвид Камерун, АҚШда Ички хавфсизлик вазирлиги ташкил этилгани, унинг асосий вазифаси терроризм хавфини бартараф қилишдан иборат эканини эслатди. Камерун, Британияда бу вазифа турли вазирлик ва ташкилотлар ўртасида бўлингани ва ички хавфсизлик учун ягона масъул шахс йўқлигини таъкидлади.

Британия парламентининг ички ишлар бўйича Қўмита аъзоси Дэвид Камерун сўзига қўшимча қилиб: “Британияда террор ҳужумига қарши таёргарлик ишлари олиб бориш ва у юқори даражада бўлишини таъминлайдиган, барча ишларга бош-қош бўладиган ягона бир шахс керак деб ўйлайман. Мен, ҳозирча бу борада етарли ишлар қилинди, деб ўйламайман”,-деди.

Аксил террор чоралари натижа беришини исботлашга уриниш йўлида Британия полицияси 27 март куни Дарби шаҳрида, келиб чиқиши яқин шарқлик бўлган саккиз шахсни ҳибсга олди. Улар, 2000 йилда қабул қилинган Терроризм актига мувофиқ сўроқ қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG