Линклар

АҚШ Давлат департаменти: “Ўзбекистон авторитар давлатдир”


Фарангис Саид

АҚШ Давлат департаменти 31 март куни чиқарган ҳисоботида бошқа мамлакатлар қаторида Ўзбекистонга ҳам тўхталган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисми мана бундай фикр билан бошланади: “Ўзбекистон авторитар давлат бўлиб, унда фуқаролар ҳуқуқлари чекланган”.

Ҳужжат билан танишиб чиққан мустақил кузатувчилар ҳисобот муқаддимасидаги бу фикр АҚШ Давлат департаментининг республикадаги вазиятни қандай баҳолаётганини намойиш қилади, дейишмоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, Ўзбекистонда авторитар ҳукуматга мухолиф бўлган сиёсий диссидентларга нисбатан тазйиқлар сўнгги 1 йилда давом этгани қайд этилади.

Лондонда жойлашган Жейнс тадқиқотчи маркази нашри бўлмиш “Жейнс Сентинел Си-Ай-Эс” муҳаррири Алекс Ватанка фикрича, сўнгги 12 йил ичида на Ўзбекистонда ва на Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида инсон ҳуқуқларига оид вазият ўзгарган:

“1991 йил, республикалар мустақилликка эришган даврга, сўнг бугунги вазиятга бир назар ташласак, Марказий Осиё республикаларида демократия, фуқаролар ҳуқуқлари ва сиёсий плюрализмга қараб, битта ҳам қадам қўйилмаганини англаймиз”.

АҚШ Давлат департаменти ўзининг 31 март куни эълон қилган ҳисоботида ҳозирги вақтда Ўзбекистон қамоқларида камида 6500 сиёсий маҳбус борлигини қайд этади. Бироқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Хелсинки федерацияси ижроия директори Аарон Роудз бу маълумотга танқидий ёндашади:

“Ўзбекистонда сиёсий ва диний маҳбуслар қанча, деган савол атрофида кўплаб мубоҳасалар мавжуд. Бу саволга аниқ жавоб беришнинг имкони йўқ. Чунки Ўзбекистон қамоқхоналарига мустақил кузатувчилар киритилмайди. Қамоқлардаги вазиятни кузатиш имкони ҳам йўқ. Бизнинг ташкилотимиз фикрича, Ўзбекистондаги сиёсий ва диний маҳбуслар сони 6500 дан анча кўп”.

АҚШ Давлат департаменти ўзининг инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида Ўзбекистонда сўнгги бир йил давомида кузатилган ижобий ўзгаришларни ҳам қайд этади.

“Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён биринчи марта хавфсизлик хизматининг 9 ходими инсон ҳуқуқларини поймол қилгани учун судга тортилди. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир нодавлат ташкилоти рўйхатдан ўтказилди”, дейилади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Хелсинки федерацияси ижроия директори Аарон Роудзнинг бу масала хусусидаги фикри ҳам танқидийдир:

“АҚШ Давлат департаменти биттагина нодавлат ташкилоти ҳақда маълумот бермоқда. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган ноҳукумат ташкилотлар аҳволи жуда ёмон. Улардан бир нечтаси рўйхатга олинган, холос. Ташкилотларнинг деярли ҳеч бирида фаолиятини давом эттириш учун молиявий имкони йўқ. Ҳолбуки, фуқаровий жамият - демократия пойдеворидир”, - деган фикр билдиради Аарон Роудз.

Шу ўринда АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган нодавлат ташкилоти ҳақдаги маълумотга аниқлик киритиб ўтиш лозим. 2002 йилда Михаил Ардзинов етакчилигидаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил жамияти Ўзбекистон республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган эди. АҚШ Давлат департаменти ўзининг 2002 йиллик ҳисоботида айнан шуни қайд этади. Ҳисоботга 2003 йил март ойида Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган “Эзгулик” ташкилоти ҳақдаги маълумот киритилмаган.

Шундай қилиб, АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқларига оид навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда келтирилган хулосалар АҚШ ташқи сиёсатида қандай рол ўйнайди? Расмий Вашингтон жаҳон давлатлари билан муносабатларни белгилаётганда, улардаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор берадими?

Лондонда жойлашган “Халқаро амнистия” ташкилоти Вашингтон инсон ҳуқуқлари масаласида икки юзламачилик сиёсатини олиб бораётганини таъкидлаб, терроризмга қарши кураш ниқоби остида инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани Оқ Уй диққатидан четда қолаётганини айтади.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг Вашингтондаги идораси раҳбари Том Малиновски эса АҚШ Давлат департаменти ҳисоботини “кўзбўямачилик”, деб баҳолади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Хелсинки федерацияси ижроия директори Аарон Роудз бу фикрга қўшилмайди. Унинг назарида, АҚШ Давлат департаментининг ҳисоботи Ўзбекистон-Америка муносабатларига таъсир қилади:

“АҚШнинг Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга нисбатан сиёсати кўп қиррали ва кўп жиҳатли бўлиб, Вашингтонда Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ва жамиятни демократлаштириш борасида босим кўрсатаётган сиёсатчилар бор”, - дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Хелсинки федерацияси ижроия директори Аарон Роудз.
XS
SM
MD
LG