Линклар

Урушдан кейинги Ироқ тақдири кимнинг қўлида?

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқда ҳарбий ҳаракатлар ҳали якунланмасданоқ, Вашингтон урушдан кейинги Ироқни қайта тиклаш сарф-харажатларини хомчўт қила бошлади. Таҳминларга кўра, Ироқни қайта тиклаш Америка учун 57 миллард долларга тушиши мумкин. Маълумотларга қараганда, Оқ уй махсус лойиҳани ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан уч хафта олдин ишлаб чиққан. Лойиҳага кўра, Ироқни қайта тиклаш учун ажратиладиган маблағлар Американинг USAID: Халқаро тараққиёт бошқармаси тарафидан тақсимланади.

Маълумки, USAID ташкилотининг вужудга келиши иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европани қайта тиклаш - Маршалл дастури билан боғлиқдир. 1961 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жон Кеннеди ташаббуси билан ташкил топган бу агентликнинг Европа учун Маршалл дастурининг амалга ошишида роли салмоқли бўлган. Бу эса урушдан кейинги Ироқни қайта тиклаш учун ишлаб чиқилган лойиҳа ҳам тарихдаги йирик лойиҳалардан бири бўлишидан далолат бераётир.

Гарчи, Американинг Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбари Эндрю Натсиос Ироқни қайта қуриш лойиҳаси – халқаро кўламдаги лойиҳа бўлиши ҳақда бир неча бор таъкидлаган бўлса-да, дастлабки режалар қайта қуриш ишларини асосан АҚШ компаниялари олиб боришларини кўрсатмоқда.

Тақдим этилан лойиҳа ҳақида тўхталадиган бўлсак, унинг умумий қиймати 1.7 миллард АҚШ долларига тенг бўлиб, бу борада жами олтита шартнома тузилди. Маблағлар асосан Ироқда автомобил йўллари, кўприкларни қайта тиклаш, мактабларни таъмирлаш учун сарфланади. Сешанба куни кичик тендер асосида лойиҳанинг дастлабки иштирокчилари аниқланди. Булар Американинг йирик Bechtel Group ва Parsons корпорацияларидир.

"Кузатувчиларни таажублантирган нарса шу бўлдики, - деб ёзади "Уол Стрит Жорнал" газетаси, - лойиҳа бош пудратчилари сифатида айнан ҳукуматга боғлиқ бўлган Америка ширкатлари танлаб олинган. Масалан, Bechtel Group Роналд Рейган маъмуриятида Давлат котиби лавозимини эгаллаган Жорж Шулцга қарашли ширкатдир. Parsons қурилиш ширкати эса аллақачон Яқин Шарқда ўрнашиб олган. Қолаверса, бу ширкатларга субпудратчи этиб Halliburton корпорациясининг Kellog Brown&Root ширкати тайинлангани кузатувчилар эътиборини жалб этди. Газетанинг ёзишича, АҚШнинг ҳозирги вице-президенти Дик Чейни 2000 йилга қадар Halliburton корпорациясига раҳбарлик қилиб келган.


Кўрфаз урушидан олдин Американинг Ироқдаги элчиси бўлиб ишлаган, ҳозирда Озод Ироқ радиоси раҳбари Дэвид Ньютоннинг таъкидлашича, газеталарда пайдо бўлган бундай мақолаларда ноаниқликлар анчагина.

"Мақолаларда келтирилган айрим фактлар ҳақиқатдан анча йироқ. Биринчидан бу ширкатлар давлатга қарашли бўлмаган жамоатчилик ширкатларидир. Вице-президент Дик Чейни ҳукуматга келмасидан олдин Halliburton ширкатининг ижрочи директори бўлган, лекин бу унинг ҳозир ҳам ўша ширкат билан тўридан-тўғри алоқаси борлигини англатмайди. Қолаверса, рақобатда Halliburtonга тенг келадигани йўқ. Bechtel Group ҳақида гапирсам, Американинг бу ширкати Яқин Шарқда ҳозир ҳам фаолият олиб бормоқда ва минтақада бой тажриба орттирган."


Американинг Халқаро тараққиёт бошқармаси таъминот бўлими раҳбари Тимоти Бенснинг таъкидлашича, вақт тиғис бўлгани боис бу борада йирик тендер ўтказишнинг иложи бўлмаган. "Уруш шароитлари боис тўрт-беш ойлаб давом этадиган йирик тендер танловидан воз кечишга тўғри келди", - деб айтган Бенс "Уолл Стрит Жорнал" мухбирига берган интервюсида.

Лойиҳа иштирокчилари шу қадар кичик рўйхатдан танланганки, ҳатто унда Британия ширкатлари иштирок этма олмаган. Economist Intelligence Unit. экспертлари фикрича, Америка Халқаро тараққиёт бошқармасининг бундай ҳаракатлари Ироқни қайта тиклаш масаласи Американинг ҳарбий бизнеси эканини кўрсатмоқда. Шундай экан унинг қонун-қоидалари ҳам америкаликлар тарафидан ишлаб чиқилади.

Айни пайтда, урушдан кейинги Ироқ қайси давлат ёки ташкилот мандати остида бўлиши масаласи ҳам тортишувларга сабаб бўлмоқда. Яъни урушдан кейинги Ироқ Америка мандати остида бўладими ёки БМТ мандати остида. Бу ва бошқа масалалар АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлнинг пайшанба куни Белгияга қилажак ташрифи чоғида музокаралар диққат марказида бўлиши кутилмоқда.

Пауэл Европа Иттифоқи ва НАТОдаги ҳамкорларига БМТ фақат инсонпарварлик ёрдамлари билан шуғулланишини, бироқ Ироқда барқарорликни таъминлаш ва уни қайта қуриш масласи Буш маъмуриятининг иши эканини тушунтиришга уринади. "Лос Анжелес Таймс" газетасининг Вашингтон расмийси сўзларига таяниб ёзишича, "Урушдан кейинги Ироқни қайта тиклашда халқаро ҳамжамият ва БМТ иштироки учун ҳали ҳам имкон бор, бироқ бу фаолият Оқ уй маъмурияти томонидан чекланган. Яъни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ироқни қайта қуриш лойиҳасида иштирок этиши мумкин, лекин у бошқарув ваколатига эга бўлмайди".
XS
SM
MD
LG