Линклар

Пентагоннинг маълум қилишича, АҚШ армиясининг Учинчи пиёда дивизияси ҳамда Биринчи денгизчи экспедиция қўшинлари Ироқнинг икки асосий дарёси – Фурот ва Дажладаги стратегик аҳамиятга эга бўлган икки кўприкни қўлга киритганлар ва Бағдодга 50 километрга яқинлашганлар.


Ироқ Ахборот вазири Муҳаммад Сайид Ал-Саҳаф АҚШ ҳарбийларининг бу маълумотларини “уйдирма гап”, деб атади.
АҚШ армияси генерал-майори Стэнли МакКристал жангларда Ироқ Республикачи гавардиясининг Мадина ва Бағдод дивизиялари тор-мор этилганини таъкидлади. АҚШ ҳарбийси, шунингдек, иттифоқчи қўшинлар Бағдодга яқинлашаётганини маълум қилар экан, “жангларнинг энг шиддатлиси ҳали олдинда”, деб айтди.
Бошқа хабарларга кўра, баъзи қўшинлар Бағдоддан бор-йўғи 30 километр нарида бўлиб, аскарлар кимёвий моддалардан ҳимоя қилувчи форма кийганлар. АҚШ ҳарбийларининг фикрича, қўшинлар Бағдодга яқинлашган сари Ироқ ҳукумати томонидан кимёвий ва биологик қуролнинг ишлатилиши эҳтимоли ошиб бораётир.
Ироқ телевидениеси орқали сешанба куни президент Саддам Ҳусайннинг мажлис олиб бораётгани намойиш қилинди ва бунга шарҳ сифатида Ироқ жангчиларининг “мардонавор қаршилиги” ҳақида гапирилди. Мажлис қачон телевизион суратга туширилгани ноаниқ.
XS
SM
MD
LG