Линклар

Урушдан кейинги Ироқ


А. Аррал

Урушдан кейинги Ироқда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти асосий рол ўйнаши керак, деган маънода Америка Қўшма Штатларига босим ўтказилмоқда. Ушбу ғоя ортида турган асосий куч, Ироқ урушида Американинг муҳим иттифоқдоши Британия, БМТ урушдан кейинги ҳукуматни янги резолюция орқали қонунийлаштириши ва ироқликларга ўзларининг янги Ўтиш даври ҳукуматини тузишда ҳамкорлик қилиш соҳасида асосий вазифа бажариши кераклигини истайди.

АҚШнинг урушдан кейинги Ироқ билан боғлиқ режалари билан келишмаган Британия Бош вазири Тони Блэр, Саддам Ҳусайн мағлубиятга учраганидан кейин Ироқда зудлик билан фуқаровий тузум ташкил этишга чорлайди. Унга кўра, Ироқ АҚШ, Британия ëки бошқа ташқи кучлар томонидан эмас, балки, ироқликлар томонидан бошқарилиши керак.

"Ироқда вақтли ҳукумат ташкил этиш мураккаб масала. Биз БМТ музокаралари нимага олиб боришини диққат билан кузатиб боришимиз керак. Менинг фикримча, бу иш БМТ томонидан амалга оширилишини ҳамма қабул қилиши керак".

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллнинг билдиришича, Вашингтон ҳам ироқликларга ўз ҳукуматларини тузишда ҳамкорлик қилишга тарафдор.

"Икки ҳафта ичида улкан муваффақиятлар қўлга киритилди. Уруш кампaнияси секин-аста ўз ниҳоясига етиши мумкин. Аммо, у яна қанчага чузилишини айта олмайман. Биз ҳаммамиз бу уруш имкон қадaр тезда ўз ниҳоясига етишини истаймиз. Шундагина, Ироқ халқи ўзининг янги ҳукуматини ташкил этишга имкон топади".

Фақат қандай қилиб ироқликлар бу босқичга етиши мумкин, айниқса, масала мавҳум бўлиб турган бир вазиятда? АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти урушдан кейин Ироқда ташкил этилажак ҳукумат масаласида жамоатчиликка ўз позициясини очиқ баëн этгани йўқ. Шунга қарамай асосий режа яхши маълум. Уруш ниҳоясига етиши билан мамлакатда коалиция кучлари тамонидан хавфсизлик ўрнатилади ва Ироқда дастлабки юқори салоҳиятли шахс Ироқ урушининг бош қўмондони АҚШ генерали Томми Франкс бўлади.

АҚШ Халқаро тараққиëт агентлиги директори Эндрю Нэтсиосга кўра, Вашингтон олдида БМТнинг урушдан кейинги Ироқда қандай рол ўйнаши мавҳум бўлиб қолмоқда: "Мамлакатни қайта қуриш соҳасида БМТ ролини ошириш устида ҳали ҳам баҳс-мунозара олиб борилмоқда. Баҳс БМТнинг қандай иш билан банд бўлиши устида эмас, балки, у нима бўлиши мумкинлиги ҳақидадир", - дейди Андрю Нэтсиос.


Бошқа томондан таниқли америкалик шахсларнинг урушдан кейинги Ироқни бошқариш ишларига ҳисса қўшишлари ҳақидаги таклиф сургундаги кўпчилик ироқликлар, шунингдек, Европа ва Араб мамлакатлари расмийларини ўйлантириб қўйди.

АҚШ режаларига кўра, Марказий разведка бошқармасининг собиқ бошлиғи Жэймс Вулсеи Ироқ маъмуриятида юқори даражали лавозимни эгаллаши мумкин. Мазкур режа бўйича, ҳарбий маъмуриятни генерал Франкс бошқаради ва ҳукумат ташкил этиш ишлари пенсиядаги генерал Жэй Гарнер томонидан олиб борилади.

Бироқ, бу масалада Давлат департаменти билан Мудофаа вазирлиги ўртасида келишмовчиликлар юзага чиқди. Бу икки вазирлик орасида рўй берган жиддий келишмовчилик асосан сургундаги Ироқ оппозицияси, айниқса, Аҳмад Чалабий раҳбарлигидаги Ироқ Миллий Конгрессининг роли устидадир.

Баҳс-мунозаралардан маълум бўлишича, Пентагон Давлат департаментидан фарқли ўлароқ Ироқ Миллий Конгресси мамлакатда анча муҳим рол ўйнаши мумкин, деб билади. Давлат департаменти эса, Аҳмад Чалабийга нисбатан, унинг Ироқ ичкарисида бирорта тарафдори борми, деган гумонли савол билан ëндашади.

Айрим мутахассислар ва АҚШнинг собиқ амалдорлари Ироқ Миллий Конгрессини "Ироқнинг жанубидаги шиалар АҚШ кучларни шодиëна қарши оладилар" қабилидаги тахминлари учун айблайдилар.

Оқ уйга кўра, Ироқнинг вақтли ҳукумати ташқарида Ироқ халқи учун кураш олиб борган оппозиция гуруҳлари ҳамда мамлакат ичкарисидаги халқнинг ҳақиқий вакиллари иштирокида ташкил этилади.
XS
SM
MD
LG