Линклар

logo-print

Гулнора Каримова мол-мулкига ёруғлик киритган бир суд иши ҳақида


Фарангис Саид

Ню-Жерси суди томонидан 2003 йил 31 январда чиқарилган ҳукм мазмунидан Гулнора Каримова-Мақсудий мол-мулки миллионлаб долларга тенг эканини тушуниш қийин эмас.

Ню-Жерси Олий суди судьяси Дин Уилсон чиқарган ҳукм ҳақида Мансур Мақсудий адвокати Эдвард О’Донелл мана бундай дейди:

“31-январ куни Ню-Жерси судьяси болаларнинг жаноб Мақсудий қарамоғида қолиши ҳақда ҳукм чиқарди. Судья, шуниндек, ажралиш ҳолатини қайд этди ва баъзи иқтисодий масалаларни ҳам ҳал қилди. Очиғини айтсам, ўшандан бери ҳеч нарса ўзгармади”.

Шундай қилиб, Ню-Жерси Олий суди ҳукмига кўра, Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий фарзандлари бўлмиш 10 ёшлик Ислом ҳамда 6 ёшлик Имон отаси қарамоғида бўлиши керак.

Суд ҳужжатларига кўра, Гулнора Каримова фарзандларини 2001 йилда Мансур Мақсудий билан навбатдаги уруш чиқиб, Мансур ундан ажраш ҳохишини билдирганидан сўнг Тошкентга олиб кетган. Баъзи маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда улар онаси билан Ўзбекистонда яшамоқда. Бу маълумотлар қанчалик тўғрилиги ҳақидаги саволга жавобан Мансур Мақсудий адвокати Эдвард О’Донелл мана бундай жавоб берди:

“Улар ҳамон онаси билан бирга. Аммо уларнинг Тошкентдами ёки йўқлиги ҳақда менда маълумот йўқ”.

Маълум бўлишича, Гулнора Каримова 2001 йилда Ўзбекистонда суд орқали Мансур Мақсудийдан ажраган. Ўзбекистон суди болалар онаси қарамоғида қолиши керак, деган ҳукм чиқарган. Кейинроқ Мансур Мақсудий Ўзбекистон судига чақирилмагани ва маҳкама ўтказилганидан бехабар бўлганини айтиб, суд ҳукмидан норозилик билдирган.

2002 йил сентябр ойида Ню-Жерси суди ишни қайта кўриб чиққан ва болалар Америкага, отаси олдига қайтишлари кераклиги ҳақда ҳукм чиқарган. Шу вақтгача Гулнора Каримова АҚШ суди ҳукмини бажармаган.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон фуқаровий масалаларга оид Хаага конвенциясини имзоламагани боис, АҚШ судининг Гулнора Каримовага нисбатан чиқарган ҳукми бажарилишини таъминлаш анча мушкул вазифадир.

31 январ куни Ню-Жерси судьяси Дин Уилсон томонидан чиқарилган ҳукм ўтган йил сентябр ойbда чиқарилган ҳукмга қараганда анча кескин бўлди ва нафақат икки бола тақдирини, балки судлашаётган икки тарафга тегишли мол-мулкнинг қандай тақсимланишини белгилаб берди.

Мансур Мақсудий адвокати Эдвард О’Донелл бу ҳақда шундай дейди:

“Суд ҳукмига кўра, Каримова хоним баъзи тўловларни амалга ошириши керак. Бу экспертларга хизматлари учун тўловлардир. Чунки маҳкама жараёни давомида болалар ўқитувчилари ва психологлари ҳамда бошқа мутахассислар фикри ўрганилган эди. Бу уларнинг иш ҳаққи, холос”.

“Евразиянет” интернет саҳифасида, сўнг “Транзишнз Онлайн” веб-сайтида Каримова ва Мақсудий тортишувлари хусусида чиққан мақолада айтилишича, АҚШ ҳаками чиқарган ҳукмга кўра, Ню-Жерси штати Медҳам шаҳридаги Каримова ва Мақсудий яшаган ҳашаматли уй Мансур Мақсудийга ўтган. Уйдаги нархи 7 минг долларга тенг бўлган фортепиано ва икки автомашина ҳам Мақсудий номига ўтказилган. Банк ҳисобларидаги 440 минг доллар, РОЗ Групп ширкатидаги 6 миллион долларга тенг акциялар ва 3,3 миллион АҚШ долларига тенг нақд пул ҳам Мансур Мақсудийга қолдирилди. Мақсудий адвокати Эдвард О’Донеллнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Медҳамдаги уй Мақсудий номига расмийлаштириб бўлинди.

Гулнора Каримова эса Женева ва Дубайдаги банк ҳисобларидаги 11 миллион доллар маблағ ҳамда Тошкентдаги уй эгаси этиб белгиланди. Бундан ташқари, у барча тақинчоқларини ўзига олиб қолиш ҳуқуқига эга. Президент Ислом Каримов қизининг тақинчоқлари эса 4,5 миллион долларга тенг, деб баҳоланган. Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа қисмларидаги кўплаб ширкат ва муассасалар ҳам АҚШ суди ҳукми билан, Гулнора Каримовага қолдирилди. Улар орасида 10 миллион долларлик савдо комплекси, нархи 13 миллион долларга тенг бўлган Чимён дам олиш маскани, Москва шаҳридаги 4 миллион долларлик хонадон, Тошкентдаги тунгги клуб ва бошқалар бор.

Биз Гулнора Каримованинг АҚШдаги адвокати Жон Паоне идорасига телефон қилиб, унинг шу масала бўйича фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик. Бироқ, мурожаатимиз жавобсиз қолди.

Айни пайтда Мансур Мақсудий ҳимоячиси тарафлар орасидаги иқтисодий масалалар, хусусан мулкни тақсимлаш масаласи конфеденциал бўлгани боис, бу борадаги саволларга жавоб бера олмаслигини маълум қилди:

“Суд ҳукмининг айнан шу қисми конфеденциал ҳисобланади. Мен уни шарҳлай олмайман. Аммо мен интернетдаги мақолани ўқиб, жуда ҳайрон қолдим. Мухбирларга булар қаердан маълум бўлганини мен билмайман. Менинг иқтисодий масалаларни шарҳлаш ҳуқуқим йўқ”.

Қандай бўлмасин, илгарироқ тилга олинган мақолалар Гулнора Каримова ва Мансур Мақсудийга тегишли мулк масаласига ойдинлик киритмоқда. Расмий маълумотга кўра, Гулнора Каримова Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимаси бўлиб, давлат бюджетидан ойлик маош олади. Бу ҳолда унинг кўп миллионлик долларга тенг мулки манбаси қандай?

Бу ҳақда ҳам Мансур Мақсудий адвокати Эдвард О’Донелл шарҳ бермаслигини айтади:

“Мен буни шарҳлай олмайман. Шуни айтишим мумкинки, мен ҳам интернетдаги мақолани ўқидим. Ва мени ҳам айни шу саволлар қизиқтиряпти. Менимча, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросини бу саволлар қизиқтиради.”

Ню-Жерси штати суди ҳукмига кўра, Гулнора Каримова фарзандларини отасига қайтариб бериши, болалар Ню-Жерсидаги уйда яшаб, АҚШ мактабида ўқишлари лозим. Ўзбекистон Хаага конвенциясини имзоламагани боис, АҚШ суди ҳукмини Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш имконсиз. Бироқ, адвокат О’Донеллнинг тушунтиришича, Гулнора Каримова Хаага конвенциясини имзолаган бошқа мамлакатга борган тақдирда, АҚШ суди чиқарган ҳукмни бажаришга мажбур қилиниши мумкин:

“Гулнора Каримовадан фарзандлари олиб қўйилади ва отасига қайтариб берилади.”

Демак, агар президент Ислом Каримов қизи АҚШ суди ҳукмини бажармсасликка қарор қилса, бундан буён у халқаро халқаро конвенцияга азо бўлмаган саноқли давлатларгагина чиқа олади.
XS
SM
MD
LG