Линклар

Ироқни Пентагон бошқарадими?


Фарангис Саид

Ироқдаги уруш бир кунмас бир кун тугаши аниқ. АҚШ президенти Жорж Буш ва унинг Ироқ уруши режалари бўйича биринчи ҳамкори - Буюк Британия Бош вазири Тони Блэр Ироқ келажаги қандай бўлиши ҳақдаги саволга жавоб беришга мажбурлар. Буни халқаро ҳамжамиятнинг барча иштирокчилари талаб қилмоқдалар.

Пайшанба куни Брюсселда НАТО ташкилоти ҳамда Европа иттифоқи вакиллари билан учрашувидан сўнг журналистлар саволларига жавоб берган АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл бу хусусида мана бундай деди:

“Илк босқичда ҳарбий қўмондонлар, коалиция бошлиқлари вазиятни барқарорлаштириш, мамлакатда тартиб ўрнатиш ва одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўладилар. Улар барча оммавий қирғин қуролларининг топилгани, ҳисоб-китоб қилингани ва бузиб ташланганини, айни вақтда Ироқ армияси қолдиқлари йўқ қилинганини ҳам таъминлашлари лозим”.

Оқ уйнинг Ироқни бошқариш учун ҳарбийларни тайинлаш режаси нафақат халқаро ҳамжамият, балки АҚШ Конгресси танқидига учради. Ўтиш даври ҳукумати қайси йўл билан тузилиши, унга кимлар киритилиши, ҳукумат олдида қандай вазифалар белгиланиши номаълумлиги бундай танқидларни кучайтирмоқда. Колин Пауэлл эса Оқ уй номидан:

“Ироқликларнинг ўзлари янги ҳукумат тузадилар. Халқ вакилларидан таркиб топган бу ҳукумат Ироқ ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиши керак”, - деди пайшанба куни Брюсселда.

Оқ уй Ироқ келажагини белгилайдиган тафсилий режани тақдим этмагани сабабли, Конгресс Ироқни қайта тиклаш учун сўралган 2,5 миллиард долларлик ёрдам пакетининг ажратилишини кечга қолдирди.

Айни вақтда Жорж Бушнинг уруш режаларини азалдан қўллаб-қувватлаб келаётган Буюк Британия Оқ уй режаларига қўшилмаётган кўринади. Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу Даунинг-стрит позициясини мана бундай ифодалади:

“Биз Ироқ тақдирини Ироқ халқи ҳал этиши тарафдоримиз. Британия ва Испания Бош вазирлари Португалияда келишиб олганларидек, БМТ Ироқ келажагида, мамлакатни қайта тиклашда муҳим рол ўйнаши лозим”.

7 апрел – душанба куни Жорж Буш Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳрида Тони Блэр билан учрашади ва Ироқ келажагини муҳокама қилади.

Халқаро ҳамжамиятнинг кўплаб бошқа аъзолари Ироқ келажагида БМТ муҳим рол ўйнаши керак, деган фикрдалар. Масалан, урушга азалдан қарши чиқаётган Германия Канцлери Герхард Шрёдер Ироқ тақдири ҳамда жаҳондаги янги сиёсий тартиботни белгилашда БМТга марказий ўрин берилиши лозим, деди.

Айни вақтда Герхард Шрёдер Ироқнинг нефт заҳиралари ва бошқа табиий бойликларига халқ эгалик қилиши кераклигини таъкидлади.

Жума куни Германия билан биргаликда Франция, Россия, Хитой ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг бошқа аъзолари Ироқ келажагига оид баёнот тарқатдилар. Баёнотда Ироқни қайта тиклашга қаратилган ишларда БМТ ягона қонуний куч бўлиши лозимлиги айтилади. Айни вақтда Кенгаш аъзолари Ироқни Пентагон расмийлари бошқаришлари режасига қаршилик билдирдилар.

Бунга қарамай, Оқ уй ўз режаларини илгари суришда давом этаётир. Бундай режаларнинг бирига кўра, Ироқни қайта қуриш даврида АҚШ армиясининг истеъфодаги генерал-лейтенанти Жей Гарнер бошқариши кўзда тутилган. У генерал Томми Фрэнкс орқали АҚШ Давлат котиби Доналд Рамсфелдга бўйсунади. Ироқни бошқаришга яна бир номзод – АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Жеймс Вулсидир.

Нима сабабдан Ироқни АҚШ ҳарбийлари бошқаришлари керак? Ироқда, Афғонистон каби, БМТ назорати остида ўтиш даври ҳукуматини ўрнатиш, сўнг умумий референдум орқали янги ҳукуматни сайлаш режасини қўллаш мумкинми?

Бу саволларни кўплар бермоқдалар. Унга жавобан президент Жорж Бушнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райс “чунки Ироқ Шимолий Тимор, Косово ёки Афғонистон эмас”, деб таъкидлади, лекин фарқ нимадан иборатлигига тушунтириш бермади.
XS
SM
MD
LG